Бугун ўзбек журналистикаси, адабиёт, маданият ва маънавият соҳасида фидойилик ва маҳорат билан қалам тебратаётган ижодкорлар кўпчиликни ташкил қилади. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси шоир ва ёзувчи Ўктам Мирзаёр ҳам ана шундай қалам соҳибларидан биридир.

Камина Ўктамжонни ўн икки-ўн уч ёшларидан буён танийман. Ўша пайтларда у мактабнинг еттинчи синфида ўқирди. Ўзининг кичик-кичик хабар ва мақолаларини олиб, муҳарририятга тез-тез келиб турарди. Мен газетанинг маданият бўлимида ишлардим. Кейинчалик у шеърлар ҳам машқ қила бошлади. Орадан кўп ўтмай негадир у кўринмай қолди,  аниқроғи, ёзмай қўйди. Ўшанда обуна баҳонаси билан у ўқийдиган мактабга бордим ва  кичик жамоатчи мухбиримиз бўлиб қолган олов қалб йигитни ҳам суриштирдим. Мактаб директори Раҳмон ака Обилов у ҳақда жуда илиқ гапларни айтди. Аъло баҳоларга  ўқиши, жамоат ишларида фаоллиги, ҳатто маърифат маскани деворий газетасини ҳам чиройли ва сермазмун қилиб чиқариб келаётганлигини таъкидлади. Айниқса, унинг яқинда “Муштум” журналида босилиб чиққан “Зирабулоқ” темир йўл станцияси вокзалидаги аянчли аҳвол ҳақидаги танқидий мақоласи анча шов-шувга сабаб бўлганлиги, ўша мақоладан сўнг вокзалдаги йўловчиларнинг поездга чиқиш жойидаги камчиликларга барҳам берилганлигини  айтди.

Ўз ўрнида, мен ҳам Ўктамжон туман “Пахтакор овози” (ҳозирги “Навқирон Нарпай”) газетасининг фаол жамоатчи мухбири эканлиги, бироқ кейинги пайтларда газетага ёзмай қўйганлигини таъкидладим. Мактаб директори уни чақиртирди. Орадан кўп ўтмай, у  ийманибгина директор хонасига кириб келди. Маълум бўлишича, таҳририят ходимларидан бири унинг газетага тақдим этган шеърларини танқид қилган экан, хафа бўлибди. Биз унга танқид келажакнинг меваси эканлиги, аксинча, ундан тўғри хулоса чиқариб, дадил олға интилиш орзуга етаклашини ётиғи билан тушунтирдик. Шунда унинг юз-кўзларида умид учқунлари пайдо  бўлди. Адашмаган эканмиз. Эртаси куниёқ у мактаб ҳаётидан каттагина мақола ёзиб, олиб келди. Шундан сўнг Ўктамжон билан қадрдон бўлиб кетдик. Айниқса, улар яшайдиган маҳаллага кўчиб борганимиздан кейин у хонадонимизга ҳам тез-тез келиб, қайси мавзуларда кўпроқ мақолалар ёзиш кераклиги ҳақида тавсиялар оларди. Ўзининг кичик-кичик шеър ва ҳикояларини ҳам олиб келадиган бўлди. Юқори синфларда ўқиётганда унинг нафақат мактаб ҳаёти, балки, хўжалик, корхона ва ташкилотлар фаолиятидан ёзган сермазмун мақола ва лавҳалари, танқидий материаллари, шунингдек, шеър ва ҳикоялари наинки туман газетаси, балки вилоят ва республика газета-журналларида ҳам босилиб чиқа бошлади.

Булар, ўз навбатида, ижодкорнинг кўплаб китобларни ўқиши, тинимсиз изланиши, таниқли ўзбек ёзувчи ва шоирлари билан бир қаторда, жаҳон адабиёти классикларининг ижод намуналари билан қизиқиши, уларнинг асарларини астойдил  мутолаа қилиши  самараси эди, албатта. Ўрта мактабни битиргач, у ҳеч иккиланмасдан Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетига ҳужжат топшириб, талабалик бахтига муяссар бўлди. Бир қатор таниқли ижодкорлар,  жумладан, шоир Миртемирдан қимматли маслаҳатлар олди. Дорилфунунни битиргач, дастлаб “Тошкент оқшоми” газетаси, кейинчалик Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Гулистон” журнали, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Ҳуррият” газеталари, Ўзбекистон  кинематография давлат қўмитасида самарали фаолият кўрсатиш билан бир қаторда, “Огоҳ кўнгил”, “Яхши кунлар қувончи”, “Тупроқ ҳиди”, “Амакимнинг касали”, “Сўз ишқи”, “Соғинч дафтари” сингари  китоблар ёзиб, кенг китобхонлар оммаси эътиборига сазовор бўлди.

Адабиётнинг катта йўлига тушиб олиб, ижоди гуркираётган бир пайтда оиланинг бошига  оғир мусибат тушди. Олий ўқув юртини имтиёзли тугаллаб, кўпчилик тенгдошларидан анча илгарилаб кетган ёлғиз қизи Умидахон ва ўғли Музаффаржонлар автоҳалокат туфайли ҳаётдан кўз юмдилар. Ўктамжон ва турмуш ўртоғи Ўлмасхон ўша оғир кунлар синовини, бу тақдир зарбасини ҳам бошдан кечирдилар. Ўғли Маҳкамжон опаси ва укасининг ўрнини билдирмасликка ҳаракат қилади. Ўктамжон айни пайтда “Гулистон” ва “Театр” журналлари бирлашган таҳририятида бош муҳаррир ўринбосари сифатида фаолият кўрсатиш билан бир қаторда, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида бўлажак журналистларга ижод сирларидан сабоқ бермоқда. Унинг адабиётимиз, хусусан, ўзбек журналистикаси ривожидаги хизматлари муносиб тақдирланган. Ўктам Мирзаёр журналистика соҳасидаги бир қатор кўрик-танловлар совриндори, “Шуҳрат” медали ва “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби.

“Шоирнинг кўнглидан учиб чиққан сўз ва оҳанглар баҳор қалдирғочлари сингари сизнинг ҳам қалбингизга қўниб ўтса, меҳрингизни уйғотса, ҳисларингизга қанот бағишласа, ижодкор учун бу катта бахтдир. Ўктам Мирзаёрнинг шундай бахтга доимо сазовор бўлиб юришини чин дилдан истайман”, — деган эди Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов унинг “Сўз ишқи” деб номланган китобига ёзган сўзбошисида.

Унинг асарлари, китобларини қўлимга олганиимда ёшлигида уни ижодга руҳлантирган устоз сифатида қалбим ғурурга тўлади. Ахир устоз учун шогирдининг ютуқларидан ортиқ бахт борми?!

Ризо ХУДОЙҚУЛОВ,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган журналист,

биринчи даражали

“Меҳнат фахрийси”

 кўкрак нишони  соҳиби.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan