Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий салоҳиятни юксалтириш, аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ижтимоий ҳимояни кучайтириш, аҳоли мурожаатларини тинглаш, тизим самарадорлигини ошириш ва ижтимоий кўмакни адолат тамойилига асосан ташкил этиш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бирига айланган.
Буни ҳудудларда олиб борилаётган ишлар мисолида кўриш мумкин. Хусусан, Хоразм вилояти Хива туманида фаолият бошлаган “Илк ривожланиш маркази”ни шундай саъй-ҳаракатлар қаторига киритиш мумкин. Мазкур ижтимоий объект ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар фарзандлари ҳамда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Марказда болалар учун таълимий машғулотлар, ижодий дарслар, ўйинлар ва тарбиявий тадбирлар ташкил этилиб, ҳар бир болага индивидуал ёндашув асосида ривожланиш имконияти яратилиши кўзда тутилган.
Халқимизда шундай эзгу амал одатга айланган: бир ишни бошлашдан аввал, албатта, кекса нуронийларнинг дуоси олинади. “Илк ривожланиш маркази”нинг ҳам очилиш маросимида нуронийлар иштирок этиб, дуо-ю фотиҳа қилишди.
Ижтимоий хизматлар кўлами ва сифатини ошириш масаласида “Камбағалликдан — фаровонлик сари” дастури тизим натижадорлигига хизмат қилмоқда. Мазкур дастур доирасида ҳар бир фуқарони ўзи ва фарзандлари келажаги учун масъулият билан ёндашишга ундайдиган ва салоҳиятини рўёбга чиқариш учун имконият яратиш ҳамда ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш кўламини кенгайтириш орқали оилаларнинг меҳнат қилиш имкониятини чекловчи сабабларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу ҳаракатлар доирасида маҳаллалар бўйлаб ишларни муносиб ташкил этишда фаол нуронийларнинг меҳнатларини алоҳида таъкидлаш керак. Улар оила вакиллари билан ўтказиладиган дастлабки суҳбат ва ўрганишлардан сўнг болалари ва турмуш тарзи билан боғлиқ муаммоли вазиятларни тегишлича баҳолаб, давлат кўмаги ва “маҳалла еттилиги” эътиборини жалб этишда ҳукумат ва фуқаролар ўртасида муносиб воситачи бўлишмоқда.
Жамиятда ижтимоий ҳимояни кучайтириш, аҳолининг моддий имкониятларини кенгайтириш масаласи ҳар доим муҳим бўлиб келган. Мазкур жараёнда давлат ва ҳукумат раҳбарлари, жамоатчилик фаоллари, зиёлилар ва нуронийлар иштироки катта аҳамиятга эга. Умумий ҳаракатлар тизимли ва манзилли ташкил этилганда мамлакатимизнинг тез суръатда ўсишига эришилади. Зеро, юртимиз шаҳару қишлоқларида яшаётган фуқароларнинг, айниқса, қўллаб-қувватлашга, ҳимояга муҳтож аҳолининг дунёқараши ва ҳаётини ўзгартиришга яқиндан кўмаклашиш ва бу жараёнда ижобий натижага эришиш тараққиётнинг ярми демакдир.
Суғдиёна СОБИРОВА.