Мамлакатимизнинг маънавий-маърифий соҳаларида, давлат ва жамоат бошқаруви тизимларида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган фидойи инсон — “Нуроний” жамғармаси республика Бошқарувининг собиқ ходими, Республика “Бувижонлар мактаби” гуруҳи раҳбари Мирзажонова Хайринисо Холматовна  2026 йилнинг 4 июнида 79 ёшида вафот этди.

Таъкидлаш керакки, Хайринисо Холматовна эл-юртимиз манфаатлари йўлида бор куч-имкониятлари, билим ва тажрибасини сафарбар этган фаол юртдошларимиздан бири эди.

У ўз фаолиятини мактаб ўқитувчилигидан бошлаб, Ўрта Чирчиқ тумани 9-мактаб директори, Тошкент вилояти Наримонов шаҳар халқ таълими бўлими мудири, Бектемир тумани халқ депутатлари Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, Бектемир тумани хокими ўринбосари, “Миллий тикланиш” демократик  партияси Марказий кенгаши раиси ўринбосари, “Нуроний” жамғармаси Республика Бошқарувида бўлим бошлиғи, раис ўринбосари, Республика “Бувижонлар мактаби” гуруҳи раҳбари вазифаларига қадар олиб борди.

Ҳ. Мирзажонованинг меҳнатлари давлатимиз томонидан эътироф этилган, “Шуҳрат” медали, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирланган.

“Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви жамоаси, мамлакатимиздаги барча нуронийлар номидан Мирзажонова Хайринисо Холматовнанинг вафоти муносабати билан марҳуманинг оила аъзолари, фарзандлари, яқинлари ва шогирдларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз.

Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan