“Бурч, жасорат, матонат!”

Тинчликни “Улуғ неъмат” дея қадрлашади. тинчлик қадрини, айниқса, уруш кўрганлар, иккинчи жаҳон уруши заҳматларини бошидан ўтказганлар яхши билади.

Бугун дунёда содир бўлаётган зиддиятлар, уруш ва келишмовчиликлар, мафкуравий тажовузлар нафақат инсон онгу шуури, дунёқарашини ўзгартиришни нишонга олаётган бир даврда тарихий хотира, маънавий-маданий мерос миллий ўзликни асраш,  ғоявий-мафкуравий таҳдидларга қарши курашиш дунёда тинчликни асраш йўлидаги эзгу амаллардандир. Шу маънода, 9 май — Хотира ва қадрлаш куни сифатида юртимизда кенг нишонланиши рамзий маъно касб этиб, у йиллар оша мазкур сана ортида турган тарих, миллий қаҳрамонлик, миллат иродаси, ҳурлик, ватансеварлик ва инсонпарварликнинг улуғланишига, мазкур тушунчаларнинг халқ орасида қадр топишига, бу орқали халқнинг онги ва ғурурини кўтаришга хизмат қилмоқда.

Одилжон ота дуолари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 апрелдаги “9 май — Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, мамлакатимиз бўйлаб “Бурч, жасорат, матонат!” шиори остида маданий-маърифий тадбирлар, “Уч авлод учрашувлари”, ижодий кечалар, танловлар ва оммавий спорт мусобақалари ташкил этилмоқда. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронторти меҳнат фахрийлари, шунингдек, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан, шунингдек, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг оила аъзоларига тегишли вазирликлар ва идоралар раҳбарлари номидан бирйўла тўланадиган пул мукофотлари тантанали равишда топширилмоқда.

Жумладан, “Нуроний” жамғармаси Фарғона вилояти, шунингдек, жамғарманинг Тошлоқ тумани бўлими ҳамда туман ҳокимлиги ходимлари томонидан фахрий нуроний, II жаҳон уруши қатнашчиси, 103 ёшли Одилжон ота Зокиров ҳолидан хабар олинди.

Одилжон ота қирғинбарот урушнинг нақд ичида туриб, душманга қарши жанг қилган, уруш даҳшатлари шундоққина кўз ўнгида содир бўлган. Ўша машъум воқеаларни отахон шундай хотирлайди:

— Тонг отганда қиёматли уруш бўлди-да, ҳимояга кирган шеригимни у еридан-бу еридан узиб, 3 бўлак қилиб қўйибди. Қайтиб келсам, қисмда ҳалиги аҳвол: 20 та зирҳли машина пачоқ, замбарак ҳам йўқ, одам ҳам йўқ. Машина эса ёниб ётибди…

У даврларда одамлар жуда қийналиб яшарди. Худога беадад шукр, бугунги кунда, айниқса, сўнгги ўн йиллар давомида Янги Ўзбекистонимизнинг қиёфаси бутунлай ўзгарди. Одамлар ҳаётига фаровонлик кирди. Ҳаётимиз, дунёқарашимиз ҳам янгиланди. Бугун ҳатто чекка қишлоқларимиз ҳам замонавий, кўркам қиёфага кирган. Ҳамма жойда янги қурилишлар, ободлик ва бунёдкорлик. Президентимизга раҳмат, кечани кеча, кундузни кундуз демасдан, маҳалла, қишлоқларга бориб, халқ ҳолидан хабардор бўлади. Умри узоқ бўлсин, қаерда йиғилиш бўлса, Президентимиз кекса нуронийларга алоҳида эътибор беради. Ниятим шуки, Юртбошимиз омон бўлсин, Ўзбекистонимизга кўз тегмасин, ҳечам уруш бўлмасин.

Одилжон отани том маънода ўз даврининг қаҳрамонларидан дейиш мумкин. Деҳқон оиласида туғилиб-ўсган, меҳнатда суяги қотган Одилжон 1939 йилда бошланган Катта Фарғона канали қурилишида қатнашади. Наманган, Фарғона вилоятларида сув иншоотларини бунёд этишда муносиб намуна кўрсатади. 1942 йил 12 сентябрь куни урушга кетиб, Харков шаҳрининг 70/595-сонли ҳарбий қисмида артиллерияда хизмат қила бошлайди.

Бу қисм ўқчи бригада бўлиб, ҳарбий фронтнинг олдинги қисмларида душманнинг оғир техникаларини яксон қилиш ва душман ҳужумини тўхтатиш вазифасини бажарарди. Шунингдек, у Украина, Варшавани озод қилишда қатнашиб, Молдовада ярадор бўлади. Госпиталда даволаниб, Чехословакиядан Германиягача борган. 1945 йил октябрда урушдан қайтган. Иккинчи жаҳон урушида кўрсатган қаҳрамонликлари учун ўз даврининг қатор орден ва медаллари билан тақдирланган.

Она Ватанга қайтгач, ўз юрти фаровонлиги учун меҳнат қилишга бел боғлайди. Хусусан, марказий Фарғона ерларини ўзлаштириш, дашт ва чўлларда унумдорликни ошириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан, пахта, буғдой, мева-сабзавот ҳамда полиз экинларини етиштиришга муносиб ҳисса қўшган.

Аёли Ойшахон ая билан 10 нафар фарзандни тарбиялади. Фарзандларнинг барчаси ҳалол меҳнат қилиб, фаровон турмуш кўриб яшадилар. Ҳозир улардан 7 нафари ҳаёт. Одилжон ота муҳтарам Президентимизнинг тавсияси билан 2017 йилда ҳаж зиёратини амалга оширди. Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда шифокорлар бириктирилиб, доимо отахоннинг саломатлиги назорат қилинади, зарур муолажалар олиб борилади. Фахрий нуроний ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари билан ўтказиладиган учрашувларда иштирок этиб, тинчликни асраш, Ватан равнақи йўлида хизмат қилиш, она юрт ҳимояси ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчи эканини, шунингдек, оилалар мустаҳкамлиги, фарзанд тарбиясида ота-она масъулияти каби мавзулар аҳамиятини жиддий таъкидлайди, ҳаётий тажрибалари билан ўртоқлашади.

Анорбой отанинг шукронаси

Тошкент вилояти Паркент тумани “Номданак” қишлоғида истиқомат қилувчи 101 ёшли Анорбой ота Жалилов ҳам Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси. 1944-1945 йилларда Белорусия фронтида, 1945-50 йилларда Германиянинг Франкфурт-на-Майне, Шверин шаҳарларида хизмат қилган. Эллигинчи йилнинг 21 октябрида хизматни якунлаб, уйга қайтган. Ўз даврининг бир қатор орден ва медаллари билан тақдирланган.

Ҳозир 10 нафардан ортиқ невара-эваралари бор. Мутасаддилар томонидан отахон аҳволидан хабар олиниб, муаммо ва эҳтиёжлари бўлса, амалий кўмак кўрсатилмоқда. Саломатлиги назорат қилиб борилади. Ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан қимматбаҳо совға, байрам табриги ва бир марталик пул мукофоти ҳамда вилоят ва туман ҳокимлари томонидан маиший техник воситалар совға қилинади. Анорбой ота уни йўқлаб келган ёшларга доно ўгит бериб, панд-насиҳат қилади, уларга тўғри йўл кўрсатади. Бугунги кунларга шукрона айтиб яшаш, эл-юрт корига камарбаста бўлиш ҳар бир ўғил-қизнинг бурчи эканини уқтиради.

Яқинда Анорбой Жалиловга партия тизими ривожига қўшган ҳиссаси ва кўп йиллик ижтимоий фаоллиги учун “Ўзбекистон халқ демократик партияси ифтихори” кўкрак нишони топширилди. Мазкур эътироф Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, кекса авлод вакилларининг фидокорона меҳнатини қадрлаш ҳамда авлодлар ўртасидаги узвийликни мустаҳкамлашга қаратилган ишларнинг амалий ифодаси бўлиб, ёшларга бурчга садоқат, жасорат ва матонат тушунчаларининг нақадар улуғвор эканини чуқурроқ кўрсатади.

Саодатли жамилахон ая

Наманган шаҳар “Озод” маҳалласида истиқомат қилаётган 100 ёшли Жамилахон ая Инамова фронторти меҳнат фахрийси. 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Наманган шаҳар ҳокими Аюбхон Камалов, “Нуроний” жамғармаси Наманган вилояти бўлими раиси Икромхон Нажмиддинов ҳамда фаоллар унинг хонадонида бўлиб, ҳолидан хабар олдилар.

Онахоннинг 75 ёшли ўғли Рустамжон отанинг айтишича, Жамилахон ая 14-15 ёшиданоқ заводда лабораторияда ишлай бошлаган. Гарчи фақатгина еттинчи синфни битирган бўлса-да, абжирлиги маъқул келиб, ишга қабул қилинган. Кундузлари эса аҳолига нон тарқатган. Қорни оч халқ тўс-тўполон қилган вақтлар ҳам бўлган экан. Жамилахон ая хушхат, хат-саводли бўлгани учун ўзбек, рус тилларида газета хабарларини ўқиб эшиттирган.

Бир асрлик йўлни босиб ўтган Жамилахон ая, шукрки, ҳозир ҳам бардам, бақувват. Қирқинчи йиллар воқеаларини яхши эслайди. Ўз навбатида, табаррук онахоннинг ҳолидан тез-тез хабар олиб туришади, саломатлиги назоратга олинган.

Ўринбадал ота билан учрашув

Шунингдек, Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани “Ёқутли боғ” маҳалласида истиқомат қилувчи, Иккинчи жаҳон уруши йилларида фронт ортида хизмат қилган 101 ёшли Ўринбадал бобо Ёровнинг хонадони ҳам бугунги кунда жуда гавжум.  Сурхондарё вилояти мудофаа ишлари бошқармаси, Сариосиё туманидаги 18-сонли умумий ўрта таълим мактабининг “Ватан таянчи” отряди аъзолари биргаликда отахоннинг ҳолидан хабар олишди.

Учрашув давомида нуроний отахон уруш йилларини эсга олиб, фронт ортидаги машаққатли меҳнат, халқнинг сабр-матонати ҳақида сўзлаб берди. Истиқлолга эришгач, машъум йиллар хотирини шунчаки унутиб юбормаслик, тинчликни қадрлаш, Ватанни севиш ва ота-боболар меросига муносиб эга чиқиш ҳар бир йигит-қизнинг муқаддас бурчи, елкасида турган масъулият эканини алоҳида таъкидлади.

Дарҳақиқат, асл айнимас деганлари рост. Юрагига Ватан муҳаббатини жо қилиб, миллат шаъни, ор-номуси ҳимояси йўлида, она юрт тупроқларига ғаним қадами тегмасин дея жанггоҳларда жон фидо этган асл эр-йигитларнинг (ҳатто уларнинг маълум қисми бедарак йўқолган) тимсоли нафақат бугун, балки келажак учун ҳам қаҳрамонликнинг ёрқин тимсоли бўлиб қолади. Ўз навбатида, фронтортида меҳнат қилиб, аскарларга озиқ-овқат, кийим-кечак — нимаики зарур бўлса, шуни етиштирган ўзбек халқининг кўрган-кечирганлари ҳам, аслида, бир қаҳрамонлик.

9 май санаси ана шу тарихни хотирга солувчи, тинчликни асрашга, истиқлолни қадрлашга чорловчи муҳим кун сифатида ҳам алоҳида аҳамиятга молик. Зотан, Ватан миллат қаҳрамонларини асло унутмайди. Бу юртда инсон улуғ, қадр муқаддасдир, уни асраш эса мардларга хосдир.

Суғдиёна СОБИРОВА,

“Нуроний” мухбири.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan