Тошкент вилояти Чиноз туманида оилавий қадриятларни улуғлаш, нуронийлар ҳаёт тажрибасини ёш авлодга етказишга қаратилган эзгу ишлар изчил давом эттирилмоқда. “Қўша қариш саодати” лойиҳаси ана шундай ташаббуслардан бири бўлиб, нафақат кекса авлодга эҳтиром, балки ёшлар учун ҳаёт сабоғи сифатида ҳам алоҳида аҳамият касб этади.
Туманнинг “Ёллама” маҳалласида истиқомат қилаётган Газиз ота ва Равшаной она Бесиновалар оиласи ана шундай ибратли жуфтликлардан саналади. Уларнинг бирга умр кечираётганларига 63 йил тўлди. Шу йиллар давомида 6 нафар фарзандни вояга етказиб, эл-юрт хизматига камарбаста этдилар. Бугунги кунда уларнинг 25 нафар набираси, 39 нафар чевараси бўлиб, катта бир оилада жамулжамдирлар.
Газиз ота умри давомида турли соҳалар, айниқса, темир йўл тизимида фидокорона меҳнат қилиб, ҳалоллиги ва меҳнатсеварлиги билан намуна бўлиб келган. Равшаной она эса фарзанд тарбияси билан бир қаторда, дала ишларида фаол иштирок этиб, оиланинг мустаҳкам устуни бўлган. Улардаги сабр-тоқат, ўзаро ҳурмат ва садоқат каби фазилатлар фарзандлари ва набиралари ҳаётида ҳам ўз аксини топмоқда. Мухторжон, Ботиржон, Зокиржон, Райҳон, Асия ва Раънохон каби фарзандлари ҳозирда турли соҳаларда эл хизматида камарбаста бўлиб, ўз фаолиятлари давомида ота-онанинг оқилона тарбиясини яққол намоён этмоқдалар.
Чиноз туманида бундай бадавлат, аҳил ва ибратли оилалар кўплаб учрайди. Улар оилани мустаҳкам қўрғон деб билиб, “сув келса симир, тош келса кемир” деган халқона ҳикматга амал қилиб яшамоқдалар.
Навбатдаги “Қўша қариш саодати” тадбири “Нуроний” жамғармаси Тошкент вилояти бўлими ҳамда туман ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда вилоят ҳокими ўринбосари Н.Нормирзаева, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси А.Носиров, туман ҳокими ўринбосари Ш.Низомиддинов, кенг жамоатчилик ва нуроний оилалар иштирок этдилар.
Тадбирда сўзга чиққанлар оила — жамият барқарорлигининг асосий таянчи эканини таъкидлаб, узоқ йиллар давомида аҳил яшаб келаётган жуфтликларнинг ҳаёт йўллари ёшлар учун ҳақиқий ибрат мактаби эканини алоҳида қайд этдилар.
Учрашувнинг асосий қисмида саккиз нафар нуроний жуфтлик саҳнага таклиф қилинди. Улар ўз ҳаёт йўллари, бахт-саодатга эришиш сирлари, турмуш тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Самимий мулоҳазалар ва ҳаётий мисоллар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Оиладаги меҳр-муҳаббат, сабр-тоқат ва масъулият каби инсоний фазилатлар тараннумига бағишланган саҳна кўринишлари томошабинларни чуқур хулосалар чиқаришга ундади. Бу чиқишлар, айниқса, ёш авлод қалбида оилага бўлган ҳурмат ва масъулият туйғусини янада кучайтиришга хизмат қилди, десак хато бўлмайди, албатта.
Тадбир якунида нуроний оилалар туман ҳокимлиги томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Айни эътироф уларнинг ибратли ҳаёт йўлларига нисбатан юксак ҳурмат рамзи бўлди.
— Бундай маънавий-маърифий тадбирлар оила институти пойдеворини, шу билан бирга, авлодлар ўртасидаги ришталарни мустаҳкамлаш, миллий қадриятларни асраб-авайлашда муҳим аҳамиятга эга, — дейди туман “Бувижонлар мактаби” раҳбари Ҳабиба Шерова. — Туманимизда 10 мингдан зиёд нуроний бувижонлар истиқомат қиладилар. Уларнинг ҳаёт йўллари ёшлар учун ҳақиқий ибрат мактабидир.
Дарҳақиқат, қўша қариш, бу — нафақат бирга яшаш, балки бир-бирини тушуниш, қўллаб-қувватлаш, ҳаёт синовларини елкадош бўлиб енгиб ўтишдир. Ана шундай ибратли оилалар бор экан, жамиятимизда барқарорлик ва гўзал маънавий муҳит ҳамиша бардавом бўлади.
Нигора Ўролова,
Тошкент вилояти.