Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов музей директори, профессор Рустамбек Шамсутдинов билан музей фаолияти хусусида фикр алмашмоқда.

Андижондаги қатағон қурбонлари хотираси музейи фаолиятидан

Чапдан ўнгга: машҳур адиб ва шоир, публицист Нурали Қобул, музей директори, профессор Рустамбек Шамсутдинов, АДУ проректори Иқболжон Каримов, “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Шароф Убайдуллаев, АДУ ректори, профессор Бахтиёржон Акбаралиев музей экспонатлари ҳақида суҳбатлашмоқда.

Тарихни, унинг замирида миллий ўзликни англаш, аждодларнинг шонли ҳаётини, улар қолдирган бой маънавий меросни ўрганиш жамиятни маънавий юксалтиришда, миллий ғояни мустаҳкамлашда, ёш авлодни ватанпарварлик ва  миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 31 августда Тошкент шаҳридаги Қатағон қурбонлари хотираси музейига ташриф буюрганида Андижонда ҳам, Қорақалпоғистонда ҳам, Хоразмда ҳам, Қашқадарёда ҳам, ҳар бир вилоятнинг марказида ёки университетларнинг қошида Қатағон қурбонлари хотираси музейининг филиалларини очишимиз керак деб таъкидлаган эди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ва ҳудудлардаги олий таълим муассасалари тузилмасида Қатағон қурбонлари хотираси музейларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида мамлакатимиздаги қатор олий ўқув юртлари, шу жумладан, Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Андижон давлат университети тузилмасида ҳам “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи барпо этилган бўлиб, тарих фанлари доктори, профессор Рустамбек Шамсутдинов раҳбарлигида музей жамоаси томонидан қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштиришга қаратилган кенг кўламли ишлар ва изланишлар бошлаб юборилди.

Университетнинг 1000 ўринли янги ўқув биноси биринчи қаватидан музей учун ажратилган умумий майдони 741,8 мкв. жой тўлиқ капитал таъмирдан чиқарилиб,  экспонат ва кўргазмали воситалар учун янги ва замонавий жиҳозлар ҳамда инфокиоск, видеопроекторлар каби техник воситалар, экспозиция залларининг микроиқлимини мўътадиллаштириб турувчи  совитгич-иситгичли қурилмалар ўрнатилди. Не-не азобларга солинган минглаб аянчли тақдирлар ҳақидаги экспонатлар, машъум сиёсат қурбонлари хотирасини абадийлаштиришга қаратилган  маълумотлар топилиб, музейга жойлаштирилди.

2018 йил 15 августда очилган мазкур музей экспонатлари “Россия империяси босқини ва мустамлака истибдодига қарши кураш          (1865-1917)”, “Андижонда мустамлака бошқарувининг жорий этилиши. Жадидчилик ҳаракати”, “Тергов хонаси. Гулаг даҳшатлари”, тўртинчи бўлим “Совет ҳокимиятининг ўрнатилиши ва унга қарши миллий озодлик ҳаракати (1917-1935 йиллар)”, “Коллективлаштириш, қулоққа тортиш, сургун ва уларнинг фожиали оқибатлари”, “Катта террор” ва унинг Андижондаги фожиалари (1937-1938 йиллар)”, “Пахта иши”, “Ўзбеклар иши”да қатағон қилинганлар”, “Қатағон ва реабилитация: ҳуқуқий хужжатлар. Қатағон қилинган 1727 нафар андижонликлар рўйхати”, “Андижон — мустақиллик йилларида, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий, буюк бунёдкорлик зафарлари” деб номланган 9 та бўлимга жойлаштирилган.

Музей директори, профессор Рустамбек Шамсутдинов талабаларга совет ҳокимиятининг Ўзбекистонда амалга оширган қатағон сиёсати ва унинг фожиали оқибатлари ҳақида тушунча бермоқда.

Андижон вилоятида мустамлакачиларнинг зулм ва зўравонлигига, эксплуатациясига қарши, ўз эрки ва ҳуррияти учун жон олиб-жон бериб, мислсиз оғир кураш олиб борган ва бу қутлуғ озодлик йўлида жон фидо этган, махсус посёлкаларга,  ГУЛАГ лагерларига сургун қилинган, айбсиз қамоқ, отувга ҳукм қилиниб, бегона юртларда кафансиз, жанозасиз ер бағрига қўйилган юртдошларимизнинг тақдири ва қисмати акс этган тарихий ҳужжатлар мазкур “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи орқали кенг жамоатчиликка етказилмоқда.

Ўзбекистондаги давлат архивларида сақланаётган материаллар баробарида “Мерос” халқаро жамоат фонди ҳомийлигида профессор Рустам Шамсутдиновнинг Россия Федерацияси, Озарбайжон, Украина ва бошқа хорижий давлатларга ҳамда мамлакатимиз бўйлаб уюштирган илмий экспедициялар чоғида топилган, маҳаллий давлат архиви ҳамда шахсий фондларда сақланаётган юртимиз, халқимиз тарихига доир қимматли материаллар ҳам музей фондини янада бойитди. Жумладан, 1920 йил сентябрь ойида Бокуда ўтказилган Шарқ халқлари 1-Қурултойи ва унда қатнашган ватандошларимиз ҳақидаги тарихий ҳужжатлар ва кинохроник материаллар, Россиядаги “ДмитЛаг”даги ўзбек маҳбусларининг канал қурилишидаги иштироки ҳақидаги ҳужжатлар ва фотосуратлар, канал қурилгач, Москва яқинидаги “Бутово полигони”да қатл этилганлар билан боғлиқ архив маълумотлари, фотосуратлар, 1937-1938 йиллардаги “Катта қирғин”даги оммавий қатағон қурбони бўлган юртдошларимиз қисмати, қулоқлаштириш кампанияси даврида Украинанинг Херсон области Голопристан, Каховский, Скадовский районларига, Шимолий Қозоғистоннинг Қарағанда, Шортанди, Кокчетавга, Ўрта Осиёнинг ички чўл-дашт районларига сургун қилинган “қулоқ хўжаликлари”нинг тақдирига доир материаллар ва бошқа қўлёзма, газета, эсдаликларда, сўнгги йилларда Россияда ва бошқа чет давлатларда нашр этилган кўплаб янги адабиётларда мустабид тузум даврида Туркистон, Ўзбекистон халқлари бошига тушган оғир, машаққатли, фожиали кунлар ва воқеалар ўз аксини топган ҳужжатлар ҳам олиб келинди.

XIX асрнинг иккинчи ярмида Чор Россиясининг ўлкани забт этиш жараёнида андижонлик Амир Лашкар Алимқулнинг босқинчиларга қарши олиб борган жанглари ва унинг тарихдаги роли, андижонликларнинг чор Россияси босқинига қарши кураш даврида кўрсатган қаҳрамонликлари, жасорати, матонати, мустамлака зулмининг Андижон халқининг бошига солган зулм ва истибдодлари, Андижонда кўтарилган Пўлатхон (1873-1876 йиллар), Етимхон (1878 йил) Дарвишхон (1885 йил), Дукчи Эшон (1898 йил) бошчилигида мустамлакачилик сиёсатига қарши қаратилган халқ ҳаракатлари, қўзғолонлар ва қўзғолон иштирокчиларининг жазоланиши, тақдири тарихий фактлар, ҳужжатлар, фотосуратлар, аудио ва видеоматериаллар ҳамда бошқа манбалар асосида кўрсатилади. Шунингдек, ХХ аср бошидаги Андижонда маънавий-маърифий ва ижтимоий-сиёсий соҳалардаги ўзгаришлар, уйғонишлар — тараққийпарварлик, жадидчилик ҳаракатларининг юзага келиши тасвирий картиналарда, расмларда, тарихий ҳужжат ва қўлёзмаларда ўз аксини топган. Вилоятнинг ҳозирдаги моҳир мусаввирлари томонидан ишланган Андижоннинг босиб олиниши, Дукчи Эшон қўзғолони, 1916 йилнинг июль ойида бўлиб ўтган мардикор олди сиёсати ва унга қарши Андижонда кўтарилган халқ ҳаракати ва унинг даҳшатли тарзда бостирилиши, ҳаракат қатнашчиларининг подшоҳ Россияси жазоловчи идоралари томонидан жазога тортилиши акс эттирилган картиналари музейга ташриф буюрувчилар  эътиборини тортади.

1917 йил Туркистондаги уч ҳокимиятчилик даврида андижонлик тараққийпарварлар, миллий тадбиркорлардан Миркомилбой Мўминбоев, Рўзиохунбой Назарбоев, Аҳмадбек ҳожи Темирбеков кабиларнинг қатағон қилиниши, Туркистон мухториятига қарши большевикларнинг олиб борган тажовузидан азоб чеккан андижонликларнинг қисмати ҳам ёритилган.

Мустабидлик асосига қурилган советлар ҳукмронлигига қарши миллий озодлик  ва қуролли қаршилик ҳаракатлари тарихий расм ва ҳужжатлар воситасида намойиш этилган. Жумладан, большевиклар томонидан қонга ботирилган Туркистон мухторияти, советларнинг тарғибот ва қатағон ишларини амалга оширган “Қизил Шарқ” поезди, унинг Андижонда бўлиши ҳамда бир қатор андижонликларнинг қатағон домига тортилиши, Андижон заминида совет ҳокимиятига қарши кечган озодлик учун курашган қуролли қаршилик ҳаракатининг раҳбарлари Мадаминбек, Шермуҳаммадбек, Охунжон, Парпибек, Абдураззоқ, Исроил ва бошқа юрт ҳимоячиларининг қаҳрамонликлари, эркинлик йўлида қурбон бўлганлар ҳақидаги ҳужжат ва материаллар ҳам жой олган. Айниқса, Шермуҳаммадбекнинг ўғли Давронбек билан профессор Рустамбек Шамсутдиновнинг Нью Йорк (АҚШ) шаҳридаги учрашувида олиб келинган маълумотларнинг ушбу бўлимга жойлаштирилиши, музейга ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Профессор Рустамек Шамсутдиновнинг Москва шаҳрига қилган илмий сафари чоғида аниқланган давлат ва жамоат арбоби, моҳир дипломат, ўзбек халқининг оташин фарзанди қатағон домига тортилган Иномжон Хидиралиевнинг фаолиятига оид янги архив маълумотлари ҳамда унинг 1928 йил 31 декабрда Москвадаги “Националь” меҳмонхонасида сирли равишда ўлдирилиши ва жасадини 1929 йил 3 январда крематорийда куйдирилганига оид маълумотлар, “Правда” газетаси 1929 йил 3 январдаги сонида эълон қилинган некрологлар ҳам ўрин олган.

Ўрта Осиёда миллий давлат чегараланиши даврида миллатчиликда айбланган, “Миллий Иттиҳод”чи, “18 лар гуруҳи”га, “Ботир гапчилар”, “Иноғомовчилик”, “Қосимовчилик”, “Бадриддиновчилик”, “Ўнг троцкийчилар блоки”га дахлдорликда айбланган андижонликларнинг фожиали қисматлари ҳақидаги манба ва маълумотлар музей экспонатлари қаторига жойлаштирилган.

Шунингдек, музейдан советлар олиб борган коллективлаштириш сиёсати ва унинг фожиали оқибатлари, қулоққа тортиш ва Украина, Шимолий Қозоғистонда сургунда бўлган андижонликлар қисмати, “Катта террор”нинг бошланиши, қатағонга учраган юртдошларимизнинг ГУЛАГ лагерларидаги машаққатли меҳнати акс эттирилган.

Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпонга бағишланган экспозицияда шоирнинг 1920 йили Боку шаҳрида ўтказилган Шарқ халқлари Қурултойидаги иштирокига доир кинохроника, СССР Олий суди ҳарбий коллегияси сайёр сессиясининг Чўлпонни отувга ҳукм қилгани ҳақидаги ҳужжатлар  берилган.

Музейга ташриф буюрганлар 1929-1934 йиллардаги коллективлаштириш жараёнида деҳқон хўжаликларининг маълум қисмига “қулоқлар” деган тамға ёпиштирилиб, уларни душман куч сифатида қатағон қилинишининг бутун тизими, шакллари асосли равишда ҳужжат ва материаллар асосида очиб берилганини кўради. Бу бўлим экспозицияларида қулоқлаштириш, сургун қилиш, қамоқ жазосига ва отувга ҳукм қилинганлар, ГУЛАГ лагерларидаги маҳбуслар ва уларнинг тақдири, 1937-1938 йиллардаги “Катта қирғин”да  қатағон қилинганлар, Иккинчи жаҳон урушида фашизмга қарши курашга сафарбар қилинган собиқ қулоқлар ва уларнинг фарзандларининг фронтларда кўрсатган жасоратлари, урушда ноиложликдан, ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолатда асир тушган, асирликдан озод бўлиб советлар томонидан концлагерларга ҳукм этилганларнинг фожиалари ҳам ўрин олади.

Музей коридоридаги экспонатлар ҳам мавзу жиҳатдан советларнинг “Катта террор” қирғини жараёни билан боғлиқ. Бу ерда Андижондан қатағон бўлган, отилган ва узоқ муддатга қамалган 1500 дан ортиқ аждодларимизнинг исм-шарифлари ва махсус архивларда сақланиб қолган маълумотлари берилган.

Сиёсий қатағоннинг энг кульминацион нуқтаси мудҳиш 1937-1938 йиллардаги “Катта қирғин”нинг Ўзбекистон халқлари тақдиридаги машъум саҳифалари, Сталин даври қатағонларининг давоми, бу даврда қатағонга учраган ватандошларимизнинг аччиқ қисмати расм ва ёзув материаллар билан намойиш этилган.  ХХ асрнинг 30-50-йилларида амалга оширилган сиёсий компаниялар натижасида вилоятда минглаб давлат ва жамоат, таълим, фан ва маданият арбоблари, саноат, қишлоқ хўжалиги ва транспорт ходимларининг, руҳонийлар ва оддий меҳнаткашларнинг қатағон қилиниш тарихини музей воситалари ва архив ашёлари асосида акс эттирилади.

Музейга ташриф буюрувчилар XX асрнинг 80-йилларидаги “Пахта иши”, “Ўзбеклар иши”га доир экспонатлар, Гдлян ва Иванов бошлиқ партия “десанти”нинг Ўзбекистонга хуружи ва уларнинг кирдикорлари акс этган маълумотлар билан танишишлари мумкин.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг давлат мустақиллигига эришиши, мустақиллик йилларида Андижон вилояти аҳолиси эришган ижтимоий, иқтисодий, маданий, маърифий соҳалардаги ютуқлар ва улар амалга оширган бунёдкорлик соҳасидаги ютуқлари стендларда намойиш этилган.

Андижон давлат университети тузилмасидаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи нафақат маҳаллий, балки хорижлик сайёҳ ва мутахассисларнинг ҳам эътиборини ўзига жалб этмоқда. Ҳозирги кунга қадар музейга 100 дан ортиқ хорижлик меҳмонлар ташриф буюришган.

— Андижон давлат университетига ташриф давомида университет тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейида ҳам бўлдик. Бу ерда тарих фанлари доктори, профессор Рустамбек Шамсутдинов билан танишиш бахтига мушарраф бўлдим. Музейда ҳудуддаги “Катта террор” даври ҳодисалари кенг ёритилган бўлиб, бундан ташқари, мустамлакачиликка қарши курашган, юрт озодлиги ва мустақиллиги учун қон тўккан Андижон фарзандлари ҳақида берилган маълумотлар билан ҳам танишдим. Яна бир эътиборимни тортган нарса — музейдаги маълумотлар ўзбек ва рус тилларида берилганлиги бўлди. Бу эса хорижлик меҳмонлар учун ҳам музей маълумотлари билан танишиш имкониятини оширган. Мен музей фаолиятининг кейинги ишларида ва босқичларида уларга улкан зафарлар тилайман. Ўйлайманки, музей тарих соҳасидаги фаолияти билан жуда кўп йиллар инсониятга хизмат қилади”, — дея фикр-мулоҳазаларини баён этган АҚШ Индиана Антропология университети профессори Марианна Камп.

Санкт-Петербург давлат Медицина университети катта илмий ходимаси Камилла Юрьевна, Томск давлат университети профессори тарих ва сиёсий фанлар доктори Жанна Анатольевна, Жанубий кореялик олим Лим Сонг Хо, Қирғизистон Фанлар Академияси академиги М. Мамасаидов ва Ўш вилояти ўзбек миллий маданият раиси Р. Ходжаев, Жалолободдаги Халқлар дўстлиги университетининг фахрий профессори,  Қирғизистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Улуғбек Абдусаломов каби нуфузли меҳмонлар ҳам юқоридаги каби илиқ фикрларни билдиришган.

Музейга ташриф буюрувчилар орасида, айниқса, қатағон қурбонлари бўлган юртдошларимизнинг авлодлари ўз аждодларини эслаб, ҳозирги мустақиллик даврининг севинч ва шукроналик ҳисси билан тўлиб-тошган туйғулари сабаб кўз ёшларини яширолмаётгани ҳам фикримиз исботидир. Чунки улар “қулоқнинг ўғли”, “ватан хоинининг фарзанди”, “босмачининг боласи”, “халқ душманининг фарзанди” деган оғир тамғани гарданида узоқ йиллар кўтариб юриш қандай оғир изтироб эканини яхши билишади. Шунинг учун уларнинг қалби бугунги озод ва обод ҳамда фаровон ҳаётимиздан миннатдорлик туйғулари билан тўлиб-тошади.

Андижон давлат университети тузилмасидаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи вилоят тарихи ҳам турли даврларда қатағон қилинган фидойи юртдошларимизнинг ҳаётини акс эттирувчи маърифий кўзгуга айланган  бўлиб, айниқса, ёшларни ватанпарлик руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшмоқда.

 Соибжон Ҳошимов,

Андижон давлат университети профессори,

 тарих фанлари доктори,

Шароф Убайдуллаев,

“Нуроний” жамғармаси

республика Бошқаруви

раисининг биринчи ўринбосари.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan