Дунёдаги барча илму тафаккур эгалари — ихтирочию файласуф, ёзувчи ёки шоир, барча-барчасининг улкан муваффақияти ортида устоз деб аталган донишманд сиймоси яшайди. Шунинг учун ҳам халқимизда отанинг меҳридан устознинг қаҳри афзал деган нақл юради. Устоз ўз номи билан устоз. У юксак эҳтиром ва қадрга муносиб. Чунки устоз умри мобайнида шогирдларига қалб қўри, кўз нурини беради. Ўзидан-да истеъдодли, муваффақиятли шогирдларни тарбиялайди. Ҳаётида, фаолиятида йўлчи юлдуз каби йўлларини ёритади. Юртимизда ана шундай фидойи устозлар жуда кўп.
Эл назарига тушган, ўз касбига садоқатли, фидойи муаллимлар ҳақида сўз кетганда, Бухоро вилоятининг Ромитан туманида яшовчи фахрий педагог Пўлатой Оллоқулованинг номини ҳам биринчилардан бўлиб тилга олиш жоиз, албатта.
Бухоро давлат педагогика институтининг бошланғич таълим факультетини тамомлаган Пўлатой ая 40 йил давомида ёш авлодга таълим-тарбия бериб, юртимиз таълим соҳасининг такомилига улкан ҳисса қўшди.
Аянинг айтишича, унинг қўлида ўқиш-ёзишни ўрганиб, бугунги кунда ҳаётда ўз ўрнини топган ўқувчиларининг сони нечаминг нафардан ошар экан. Орадан йиллар ўтса-да, қадрли устоз шогирдларининг дилидаю тилида… Байрамларда, туғилган кунида аяни сўроқлаб келувчиларнинг қадами узилмайди. Туманда таълимга оид қайсики тадбир бор, аянинг иштирокисиз ўтмайди.
Пўлатой ая ўз касбининг устаси бўлиши баробарида оилада меҳрибон она. Раҳматли турмуш ўртоғи Тоҳир ака билан 5 нафар ўғил-қизни тарбиялаб, ўқимишли, касб-корли қилди. Бугунги кунда 15 нафар невара, 12 нафар эвара ардоғида умргузаронлик қилмоқда.
Ҳа, ая ўз ҳаётидан мамнун эди. Негаки, ёнида суянгучи, таянгучи яқинлари бор эди: бир томонда — кўнгил қўйиб турмуш қургани Тоҳир ака, иккинчи томонда — фарзанду набиралар, куёву келинлари… Рўзғорлари тўкис, ҳеч бир нарсага зориқмай шодумонликда яшашарди. 70 ёш арафасида бўлишса-да, кўнгиллари ёшлик сурурига тўла эди. Ҳар йили Тоҳир ака билан турли шаҳарларга саёҳатга боришар, санаторийларда дам олишар, кўнгилочар тадбирларда иштирок этишарди. Дўсту дугоналар даврасида Пўлатой ая қўнғироқдек овоз билан доира чалиб, қўшиғу лапарлар айтганда ҳаммадан кўп Тоҳир ака завқ олар, қайта-қайта куйлашга чорларди.
Доимо юзидан кулгу, табассум аримайдиган, атрофдагиларга қўлидан келганча яхшилик улашиб яшайдиган бу аёлни кўрганлар унинг бахти бекамлигига ҳавас қилишарди. Аммо ногаҳонда бутун дунёга, жумладан, мамлакатимизга ёпирилиб, кўп оилаларга жудолик олиб келган 2020 йилги коронавирус пандемияси ушбу бахтиёр оилани ҳам четлаб ўтмади. Туппа- тузук юрган Тоҳир ака бир-икки кун ичида касалликка чалиндию тўшакка михланди. Пўлатой ая ҳамда фарзандларининг югур-югурлари натижа бермади. Тоҳир ака тўрт кун оғриб ётди. Кейин эса кутилмаганда касалхонада ҳаётдан кўз юмди.
Тоҳир ака пенсияга чиққунга қадар тумандаги катта бир ташкилотнинг раҳбари, тажрибали ирригатор эди. Нафақада бўлишига қарамай, умрининг сўнгги йилларини ҳам эзгу ишга сарфлади. Жумладан, етти пирнинг бири — Ҳожа Али Ромитаний мажмуасини қайта таъмирлаш ишларида қурилиш штаби бошлиғи сифатида фаолият юритди.
Уни кўпчилик танир, ҳурмат қиларди. Бироқ пандемия тартиб-қоидасига кўра, Тоҳир ака фақат яқинлари иштирокида тупроққа қўйилди. Уни сўнгги манзилга кузатиш дўсту биродарлари дилида бир умрлик армон бўлиб қолди.
Бешафқат тақдир Пўлатой ая сабрини фақат биргина жудолик билан синамади. Қисматида яна бир эмас, икки айрилиқ зарбаси ёзилган экан. Отасининг таъзиясида иштирок этиш оиланинг икки фарзанди — Муҳайё ва Баҳодирга ҳам насиб этмади. Чунки улар ҳам коронавирус билан оғриб, касалхонада даволанишаётган эди. Фалокат келса, қўшалоқ келаркан. Оталари тупроққа қўйилган куннинг эртасига Муҳайё, орадан бир неча кун ўтар-ўтмас, Баҳодир бандаликни бажо келтиришди. Ҳар иккисининг ҳам икки нафардан вояга етмаган фарзанди оҳ уриб, бўзлаб қолишди.
Пўлатой аянинг ўша кунлардаги ҳолатини сўз билан тасвирлашга тил ожиз. Тақдирнинг уч оғир зарбасини кўтаришда Пўлатой аяда на куч, на мадор бор эди. Ҳатто йиғлашга ҳам ҳоли қолмаган она бирин-кетин чиққан тобутлар ортидан маъносиз қараб қолди, холос. Суянай деса атрофида ака-укаларию уч нафар фарзандидан бошқа суянчиғи йўқ она бошини қай тошга уришни билмай, анчагача карахт ҳолда юрди. Аянинг нозик елкалари тоғдай оғир ғам юкини кўтаришига кўпчилик, ҳатто ўзи ҳам ишонмасди. Саноқли кунлар ичида бу дунёни тарк этган бир эмас, икки эмас, уч жигарпорасининг айрилиқ доғини кўтариш муштипар аёлдан тоғдан-да улкан сабр, темир ирода, чидам ва бардошни талаб этарди.
— Бошимга тушган бундай мусибатни душманимга ҳам раво кўрмайман, — дейди Пўлатой ая. — Яшашга мажолим қолмаган, умидларим сўниб бўлган эди. Аммо қарасам, уч нафар фарзандим, Тоҳир аканинг ака-укалари, отасиз, онасиз қолган невараларим менинг ҳолимдан баттар азобда қолиб, тушкунликка берилишаётган эди. Уларга кимдир таскин-тасалли бўлиши, ҳаётга ишончларини қайтариши лозим ҳисобланарди. Оиланинг боши сифатида бу вазифани зиммамга олишга мажбур эдим. Ҳар қанча оғир бўлмасин, ғам юкини кутаришга ўзимда куч, ирода топишга ҳаракат қилдим. Шу кунларнинг бирида турмуш ўртоғимни тушимда кўрдим, узоқдан туриб, менга: “Ўзингни қўлга ол, сен болаларимизга кераксан” — дегандай умид тўла нигоҳларини қададилар-да, тезда кўздан ғойиб бўлдилар. Шу куч бердими, эгилган қаддимни тик тутишга ҳаракат қилдим, ичим оташ бўлиб ёнса-да, атрофга табассум билан қарашга куч топдим. Бу кўргуликлар тақдирнинг оиламиз учун синов эканини яқинларимга панд-насиҳатларим орқали англатишга ҳаракат қилдим.
Орада ўтган олти йил ичида ая ўзи бош бўлиб, невара қизларини узатди, невара ўғиллар тўйларини ўтказиб, келину эваралар кўрди. Оила давраси янада кенгайди.
— Раҳматли онам тўққиз фарзанд кўриб, бештасини тупроққа қўйган эканлар, — дея сўзида давом этди ая. — Шу боис кейин туғилган тўртта фарзандларига ўлмай, яшаб қолишлари учун Тўхта, Истат, Пўлатой, Болта деб ном берган эканлар. Баъзан “Нега менга бунақа исм қўйгансиз?” — деб онамга норозилик билдирганимда, онам “Унақа дема, қизим, исмингнинг бир хислати бордирки, Аллоҳга шукр, завол кўрмай яшаяпсан”, — дердилар. Онам ҳақ эканлар, шекилли, ҳаётнинг оғир синовларига чидаб яшаб келаётганим балки исмим хосиятидандир…
Ҳа, ҳар қанча машаққатли бўлмасин, умр йўлларидаги тўсиқларни енгишда инсонда пўлатдайин мустаҳкам ирода бўлиши керак. Пўлатой аяда ана шу хислатлар борлиги учун ҳам у тақдир зарбалари олдида эгилмади, букилмади, синмади.
Бундай матонатли, саботли аёлларимиз биз учун ибрат намунаси, садоқат тимсолидир. Уларни қанча қадрласак, шунча кам.
Зуҳра ҚУРБОНОВА,
журналист.