Мамлакатимизда 13-14 март кунлари “Юрт ободлиги, аввало, маҳалладан бошланади!” шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида долзарб вазифалар белгилаб берилган.
Ҳужжатга кўра, умумхалқ хайрия ҳашари давомида маҳаллалар, аҳоли яшаш массивлари, кўп қаватли турар жойлар, ҳовлилар атрофи, гузарлар, зиёратгоҳлар, қабристонлар, кўча ва йўлаклар ҳамда болалар майдончалари тартибга келтирилади, дарахтларни оқлаш ва буташ ишлари ташкил этилади. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида маҳаллалар ва аҳоли хонадонлари атрофига мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилади.
Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари, айниқса, эҳтиёжманд, меҳр-мурувватга муҳтож, боқувчисиз қолган кекса ва ногиронлиги бўлган фуқароларнинг уй-жой шароитларини яхшилашга кўмаклашилади.
Ҳашар нафақат тозалик ва ободонлаштириш ишлари, балки фуқаролар ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёшларда ватанпарварлик ва масъулият туйғусини оширишга хизмат қилади. Айниқса, маҳалла институти фаолиятини кучайтириш, аҳолининг ўз яшаш ҳудудига дахлдорлик ҳиссини оширишда бу каби тадбирлар муҳим аҳамият касб этади.
ЎзА.