Ҳар қандай фаолиятнинг самараси аниқ таҳлил ва сарҳисоблар орқали намоён бўлади. Шу маънода айтиш жоизки, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган “Нуроний” жамғармаси Фарғона вилояти бўлими 2025 йил давомида режали ва тизимли иш олиб борди. Асосий эътибор нуронийларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш, уларни қўллаб-қувватлаш, саломатликларини асрашга қаратилди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 25 ноябрдаги “Камбағалликдан — фаровонлик сари” дастурини амалга оширишга фаол нуронийларни жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 405-сонли, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 декабрдаги “Фаол нуронийларни камбағал оилаларга бириктириш ҳамда маҳалла соғлом турмуш тарзи ва ижтимоий маънавий муҳитни шакллантиришга жалб этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 892-сонли қарорларида белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида, вилоятдаги 1062 та маҳалладан катта ҳаётий тажрибага эга бўлган 3 нафардан, жами 3186 нафар фаол нуроний танлаб олинди. Уларнинг ҳар бирига 5 тадан, жами 15822 та камбағал оила бириктирилди. Натижада “Камбағалликдан — фаровонлик сари” дастурининг биринчи босқичида оилаларнинг 57 фоизи, иккинчи босқичида эса 67 фоизи камбағалликдан чиқарилди.
Ижтимоий қўллаб-қувватлаш фақат моддий ёрдам билан чекланиб қолмади. Камбағал оилалар фарзандлари учун спорт кийимлари, ўқув жиҳозлари, стол-стуллар етказиб берилди. Бу эса ёш авлоднинг соғлом ва билимли камол топишига хизмат қилмоқда.
Бугун жойларда ташкил этилган “Нуронийлар масканлари” ҳақиқий маънода тарғибот ва ташаббус марказига айланди. Бу ерда ўтаётган давра суҳбатлари, очиқ мулоқотлар катта ва ёш авлод ўртасидаги узвий боғлиқликни мустаҳкамлаб, ҳаёт сабоқларини улашиш мактаби вазифасини ўтамоқда. “Оталар чойхонаси” каби ташаббуслар, меҳнат фахрийларини тақдирлаш маросимлари нуронийларга бўлган юксак эҳтиромнинг ёрқин ифодасидир.
2025 йил ноябрь ойида ўтказилган “Кексалар учун туризм ойлиги” ҳам кенг кўламда ташкил этилди. Унда 190 мингдан зиёд нуроний иштирок этди. Улар тарихий ва сўлим гўшаларга саёҳат қилиб, музей ва театрларда маънавий ҳордиқ чиқариш имкониятига эга бўлдилар.
Соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга қаратилган “Саломатлик учун 5000 қадам” тадбирлари минглаб фахрийларни фаол ҳаётга чорлади. Спорт мусобақаларида эришилган ғалабалар эса нуронийларнинг фақат маслаҳатчи эмас, балки ҳар бир ишда ибрат мактаби эканини яна бир бор исботлади.
Ўтган вақт давомида кекса фахрийларнинг соғликларини мустаҳкамлаш мақсадида, 7650 маротаба “Саломатлик учун 5000 қадам” тадбири ташкил этилиб, уларга 271 минг нафардан ортиқ кекса авлод вакиллари, 480500 нафар ўрта ва ёш авлод вакиллари жалб этилдилар. Ўтган йили мамлакатимиз миқёсида ўтказилган 3 босқичли “Мини-футбол” мусобақасида вилоят ғолиби бўлган қўқонлик футболчи нуронийлар республикада 1-ўринни эгаллаган бўлсалар, марғилонлик нуронийлар шахмат-шашка мусобақасининг республика босқичида фахрли 3-ўринни қўлга киритдилар.
“Нуроний” жамғармаси ташаббуси билан 2025 йилнинг сентябрь ойи “Оилаларни мустаҳкамлаш ва ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни яраштириш” ойлиги деб белгиланган эди. Фаол нуронийлар, шундан келиб чиққан ҳолда, ажримларнинг олдини олиш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, ёшларни миллий урф-одат, анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш ишларида жонбозлик кўрсатмоқдалар. Бунда ибрат ва намуна асосий роль ўйнамоқда. Ҳудудларда 50-60 йил бирга аҳил-иноқ яшаб келаётган кекса авлод вакиллари иштирокида 565 маротаба “Қўша қариш саодати” тадбирлари ташкил этилди. Унда 1554 та намунали оила вакилларининг иштироки таъминланди. Тадбирларда 10500 нафар кекса авлод вакиллари, 22 минг нафардан ортиқ ёшлар иштирок этдилар. Олиб борилган амалий ишлар натижасида вилоят бўйича 1547 та оилани ўзаро яраштиришга эришилди.
“Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими қошидаги “Бувижонлар мактаби” гуруҳининг фаолиятини ҳам алоҳида эътироф этиш зарур. Бугун унинг таркибида 15945 нафардан ортиқ нуроний онахонлар иш олиб борадилар. Ўтган 2025 йил давомида “Бувижонлар мактаби” томонидан маҳаллаларда ва таълим муассасаларида ёшларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, оилавий ажримлар, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳ, хотин-қизлар, турмуш доирасида турли хуқуқбузарлик, жиноятчилик билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан қатор тадбирлар ташкил этилди. Фарғона, Марғилон, Қўқон шаҳарларида, Риштон, Қува, Ўзбекистон туманларида айни йўналишларда семинарлар ўтказилди. “Бувижонлар мактаби” аъзолари “Уч авлод учрашуви”, “Аждодлар ўгити”, “Авлодлар мероси”, “Оналарга эҳтиром” номли тадбирларда фаол иштирок этишди.
Олиб борилаётган ташаббуслар доирасида “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” лойиҳаси ва унинг ўзига хос самарадорлигини алоҳида қайд этиш зарур, албатта. Айни лойиҳа талабларига мувофиқ, маҳаллалардаги ишсиз, касб-ҳунарга эга бўлмаган, жиноятчиликка мойиллиги бор 20424 нафар муаммоли ёшлар рўйхати шакллантирилиб, уларга 2086 нафар фаол нуроний бириктирилган. Йил давомида улар билан 8774 маротаба суҳбатлар ва бошқа турдаги тадбирлар ўтказилиши натижасида 5230 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди. 8450 нафари касбга йўналтирилди. 5380 нафарининг муаммоси ҳал этилди. Қатор ёш оилалар муросага келтирилди.
Оилаларни мустаҳкамлаш, ажримларнинг олдини олиш борасида ҳам самарали ишлар амалга оширилди. “Қўша қариш саодати” тадбирлари орқали минглаб ёшларга сабр, садоқат ва аҳиллик сабоқлари берилди. Натижада вилоятда 1500 дан ортиқ оила яраштирилди.
Шунингдек, “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” лойиҳаси доирасида минглаб муаммоли ёшлар билан манзилли ишлар олиб борилиб, уларнинг катта қисми бандликка, касб-ҳунарга йўналтирилди.
Юқоридаги каби кўрсаткич ва натижалар ўзаро ҳамжиҳатлик асосида олиб борилган тадбирлар натижаси, албатта. Бу, ўз навбатида, соҳа йўналиши бўйича муаммолар тўлиқ бартараф этилди, дегани эмас. Олдинда яна бажарилиши лозим бўлган қатор вазифалар турибди. Уларни адо этиш учун жорий йил кесимида қатор режа ва дастурлар ишлаб чиқилган бўлиб, бу борада фаол нуронийлар ўзаро ҳамқадам, ҳамнафас бўлиб ишламоқдалар. Фарғоналик нуронийлар жамият таянчи, маънавият қўриқчиси сифатида эл-юрт хизматида камарбаста бўлиб, Янги Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқдалар.
Ёрбек Тиллабаев,
“Нуроний” жамғармаси
Фарғона вилояти бўлими мутахассиси.