Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги

9 февраль. Эрта тонгдан пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида буюк шоир ва мутафаккир, сўз мулкининг султони Мир Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги муносабати билан тантанали маросим бўлиб ўтди.

Тадбирда давлат ва жамоат арбоблари, навоийшунос ва адабиётшунос олимлар,  шоир ва ёзувчилар, дипломатлар, хорижлик меҳмонлар, ижодий ташкилотлар ва кенг жамоатчилик вакиллари тўпланишди.  Адабиёт байрами аввалида Алишер Навоий ижодига оид китоблар кўргазмаси ташкил этилди. Япония, Хитой давлатларидан келган талабалар томонидан Алишер Навоий ғазалларининг соф ўзбек тилида айтилиши жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олинди.

Адабий-маърифий тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид очиб берди. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, академик Шуҳрат Сирожиддинов, Қирғизистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дуйшунқул Чотонов, италиялик меҳмон Сандро Тети маърузалари тингланди. Италиялик меҳмон “Лисон ут-тайр”, яъни “Қушлар тили” достони илк бор итальян тилига таржима қилиниб, ушбу давлатда чоп этилгани билан юртдошларимизни табриклади.

Тадбирда сўз олганлар улуғ шоирнинг эзгуликларга тўла ҳаёти, бебаҳо ижодий мероси улкан қадр-қимматга эга эканлигини, унинг асарлари жаҳон мамлакатлари ва халқларининг бебаҳо маънавий бойлигига айланганини таъкидлашди.

Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳамда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг маҳаллий ва хорижий талабалари ўзбек ҳамда турли хорижий тилларда Алишер Навоий шеърларидан ўқиди. Буюк шоир ғазалига басталанган мақом ашулалари йиғилганларга кўтаринки шукуҳ улашди.

Таъкидлаш жоизки, ўзининг нодир асарлари ва юксак инсоний хислатлари билан башариятни асрлар давомида адолат, комиллик, эзгулик сингари олижаноб фазилатларга чорлаб келаётган улуғ бобокалонимиз нафақат халқимиз, балки дунё аҳли томонидан айрича меҳру муҳаббат билан эъзозлаб келинмоқда. Хусусан, ўтган йили Ўш шаҳрида Алишер Навоий ҳайкали барпо этилгани, шоир асарлари итальян тилида чоп этилгани сўзимизнинг тасдиғидир.

Дунё аҳли бугун-бугунгача ҳазрат Навоийнинг серқирра ижоди ва ибратли ҳаёт йўлини катта қизиқиш билан ўрганади, мангуликка дахлдор фикр ва ғояларидан баҳра олади. Зеро, унинг сиймоси шоир-ёзувчилар ва адабиёт муҳиблари учун сўз мулкининг султони, олиму фузалолар учун тенгсиз мутафаккир, давлат хизматчилари учун моҳир давлат арбоби, ёшлар учун маънавий комиллик сари етаклайдиган устоз, кексалар учун эса содиқ маслакдош ўлароқ ҳамиша ҳамроҳдир.

Маърифий-бадиий дастур якунида кенг жамоатчилик иштирокида Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйиш маросими ўтказилди.

Адабиёт байрами,  навоийхонлик кечалари Адиблар хиёбонидаги атоқли адибларнинг ҳайкаллари пойида ёзувчи ва шоирлар, олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалар иштирокидаги адабиёт ва китобхонлик тадбирларига уланиб кетди.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси — Спичрайтери Хайриддин Султонов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова иштирок этди.

Ўз мухбиримиз.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan