“Нуроний” жамғармаси Навоий вилояти бўлими ташаббуси билан Навбаҳор туманидаги Ёшлар маркази биносида 50 йил ва ундан зиёд вақт бирга турмуш кечириб, оила аталмиш қўрғонни муқаддас санаган, турмуш машаққатларида тобланган бир гуруҳ нуроний отахон ва онахонлар ҳамда ёшлар иштирокида “Қўша қариш саодати” номли маънавий-маърифий тадбир ташкил қилинди.
“Нуроний” жамғармаси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлимлари ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу учрашувга турли ҳудудлардан уч нафар жуфтлик таклиф қилинди.
Туманнинг “Қалқонота” маҳалласида 65 йил бирга турмуш қуриб яшаб келаётган Шоди ота Азимов ва турмуш ўртоғи Робия она Азимова жуфтлиги ибратли оилалардан бири ҳисобланади. Улар 5 нафар фарзандни тарбиялаб, ҳаммасини уйли-жойли қилиб, бугунги кунда бир этак неваралар, эвараларга бош-қош. Фарзандларининг ҳаммаси одоб-ахлоқ ва юриш-туришда бутун маҳаллага ўрнак. Оила бошлиғи Шоди ота 1942 йилда туғилган. Кўп йиллар давомида турли давлат ташкилотларида самарали хизмат қилган. Нафақага чиққандан сўнг “Нуроний” жамғармаси Навбаҳор тумани бўлими раиси вазифасида фаолият олиб борган. Оила бекаси эса уй ишлари ва фарзандлар тарбияси билан шуғулланиб, умр йўлдошига ҳар доим ҳамдаму ҳамкор бўлиб келган.
“Бешрабод” маҳалласида 57 йил бирга турмуш қуриб яшаб келаётган Искандар ота Жўраев ва Раъно она Жўраевалар оиласи ҳам маҳаллада энг обрўли ва эътиборли оилалардан бири. Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтини тамомлаган Искандар ота бутун умри давомида ветеринар шифокор бўлиб ишлаган. Навбаҳор, Конимех, Кармана туманларида, вилоят миқёсида фаолият юритадиган ташкилотларда раҳбарлик лавозимларида самарали меҳнат қилган. Турмуш ўртоғи Раъно она билан биргаликда етти нафар фарзандни вояга етказганлар. Фарзандлари ҳам намунали оилаларни бунёд этиб, эл-юрт хизматида туришибди.
“Ҳашман” маҳалласидан таклиф қилинган учинчи оила — Норпўлат ота Қосимов ва турмуш ўртоғи Мусаллам она Исамовалар 53 йил бирга яшаб, ҳаётнинг паст-баланди, ширин-аччиғини биргаликда тотиб келяптилар. Касби ўқитувчилик бўлган Норпўлат ота “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими” унвони, 1-даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби, “Халқ таълими аълочиси”. Ўзининг барча ютуқлари учун турмуш ўртоғидан миннатдор. Аёлининг беқиёс хизматлари ва эътибори билан 5 нафар фарзанд ҳам ҳаётда ўз ўрнини топган. Ҳаммаси бахтли, оиласи, фарзандлари билан фаровон ҳаёт кечирмоқда. Отахон ҳозирги кунда ҳам ўзи сабоқ берган 17-умумтаълим мактабида шахмат тўгарагини ташкил қилиб, 30 дан ортиқ ўқувчига шахмат сирларини ўргатиб келмоқда. Туман нуронийлар жамоатчилик кенгаши аъзоси.
Учрашув давомида ибратли оила вакиллари ўз ҳаёт тажрибалари билан ўртоқлашдилар, ёшларга оила муқаддас эканлиги, икки жуфтлик бир-бирини тушуниб, қўллаб-қувватлаши жуда муҳим эканлигини таъкидладилар.
Мазкур тадбирда “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви бўлим бошлиғи Мажид Умаров иштирок этди. У ўз сўзида кексалик гаштини сураётган ва узоқ вақт биргаликда умргузаронлик қилиб келаётган ибратли оила вакилларига самимий тилакларини изҳор этди.
Тадбир якунида ибратли оилалар вакилларига ташкилотчи муассаса ва идоралар томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Асолат АҲМАДҚУЛОВА,
“Нуроний” мухбири.