2026 йил — “Mаҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб номланиши ортидан жойларда маҳаллалар қиёфасини янгилаш, ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш ва жамиятни юксалтириш жараёнини янги босқичга олиб чиқиш кундалик вазифаларнинг устувор йўналишига айланмоқда.
Жорий йилда амалга оширилиши белгиланган ишларни ҳудудларда тизимли ташкил этиш ва натижадорликка эришиш мақсадида, нуронийлар ва масъуллар иштирокида қатор тадбирлар ташкил этилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош туманида ўтказилган маънавий-маърифий учрашув ҳам шулар жумласидандир. Нуронийлар, зиёлилар, маҳалла оқсоқоллари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг биринчи ўринбосари Боту Алимов, мазкур марказнинг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими бошлиғи Татлимурат Атамуратов сўзга чиқишди. Боту Алимов давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 26 декабрда Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасининг мазмун-моҳияти ҳақида тўхталди.
Шунингдек, тадбирда “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган устувор вазифалардан келиб чиқиб, маҳаллаларда маънавий-маърифий ишларни муносиб йўлга қўйиш, хусусан, ёшлар онгида ватанпарварлик, миллий ғурур ва фуқаролик масъулиятини кучайтириш, шунинг баробарида, болалар, ногиронлиги бўлган шахслар, хотин-қизларнинг ижтимоий ҳимояси, қолаверса, аҳолининг соғлом ва фаровон ҳаёт кечириши, ишсизлик ва камбағалликнинг олдини олиш, кексаларнинг соғлом ҳамда фаол умр кечириши каби масалаларга эътибор қаратилди. “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари иштирокида маҳаллаларда тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Учрашувда Тахиатош тумани “Кенегес” овул фуқаролар йиғини фаол нуронийси Иброҳим ота Жумамуратов сўзга чиқиб, меҳнат фаолияти ва ҳаёти давомида орттирган бой тажрибаси, ёшлик даврида бошдан кечирган қийинчиликлари, меҳнат-машаққатлари ҳақида гапира туриб, дориломон кунларга етгани, омон-омон замонда инсон қадри улуғланаётгани, кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиром хусусида тўхталди.
Дарҳақиқат, бугунга келиб, нуронийлар ижтимоий юксалиш йўлида муносиб фаоллик кўрсатмоқда. Улар иштирокида ташкил этилаётган учрашувлар эса ёш авлодга қўл-қанот бўлмоқда. Ўз навбатида, кекса нуронийларнинг самарали меҳнати, тараққиёт йўлидаги жонбозлиги эътиборсиз қолаётгани йўқ.
Учрашув якунида Иброҳим ота Жумамуратов ҳамда фидокорона меҳнат қилаётган соҳа ходимларидан бир гуруҳи маънавий-маърифий ишлар самарадорлигига қўшаётган ҳиссалари учун Тахиатош тумани ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маънавият ва маърифат марказининг “Фахрий ёрлиғи” ҳамда қимматбаҳо совғалари билан тақдирланишди.
Аминбай ЭРСАИДОВ,
“Нуроний” жамғармаси
Тахиатош тумани бўлими раиси.