Кармана — Навоий вилоятидаги қадимий шаҳарлардан бири. Тарихий манбалар ҳамда туман ҳудудида олиб борилган археологик тадқиқотларга кўра, мутахассис олимлар шаҳар ўрни ва унинг ён теварагидаги ерларда тош даври, яъни мустье (милоддан олдинги 150-40 минг йилликлар) босқичидан бошлаб, аҳоли яшаган, деган хулосага келишган. Негаки, шаҳар яқинидаги Қалқонота ва ундан сал наридаги Учтут қишлоқлари ўрнида ўша даврга оид тош қуроллар ясаган устахоналарнинг лаҳмлари топилган.

Айни пайтда, Кармана тумани вилоятнинг иқтисодиёти барқарор ривожланиб бораётган етакчи туманларидан ҳисобланади. Ҳозирда 39 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 160 578 нафар аҳоли истиқомат қилади. Улардан 78 019 нафари эркаклар бўлса, 82 559 нафари аёллар. Орасида 14 897 нафар нуронийлар бор. Ана шу кекса авлод вакилларининг 6 554 нафарини эркаклар, 8 343 нафарини аёллар ташкил этади.

— Бугунги кунда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби туманимиз нуронийлари ҳам кундан-кунга фаоллашиб боришмоқда, — дейди “Нуроний” жамғармаси Кармана тумани бўлими раиси Ўткир Ражабов. — Мамлакатимиз Президентининг 2024 йил 25 ноябрдаги “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга оширишга фаол нуронийларни жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 405-сонли қарори ҳам нуронийларимиз зиммасига янги масъулият юклади. Ўтган йили 43 та маҳалла фуқаролар йиғинидан “Кексалар маслаҳати” гуруҳи раҳбарлари билан бирга, 129 нафар ҳар томонлама фаол нуронийларни камбағаллик рўйхатига киритилган 551 нафар оилага бириктирдик. Фаол нуронийлар томонидан олиб борилаётган ишларни тизимли назорат қилиш учун туман “Нуронийлар” жамоатчилик кенгаши аъзолари билан маслаҳатлашиб, 39 та маҳаллани (бир-бирига яқин) 8 та ҳудудга бўлдик ва  фаол нуронийлар олиб бораётган ишларни умумлаштириб, ҳар чоракда  “Нуроний” жамғармаси туман бўлимига маълумот тақдим этишни йўлга қўйдик.  Шунингдек, турли соҳа вакилларини ўз ичига олган 17 кишидан иборат “Нуронийлар жамоатчилик кенгаши” ҳам ишлаб турибди. “Кексалар маслаҳати” гуруҳи раҳбарларининг олиб бораётган ишларига қараб, ҳар чоракда рағбатлантириб боряпмиз.

Тумандаги “Бешкент” маҳалласида бўлиб, фаол нуронийлар ҳамда маҳалла оқсоқоллари билан учрашдик. Маҳалла фуқаролар йиғини биноси 2021 йилда “Ташаббусли бюджет” платформаси “Обод маҳалла” дастури асосида 250 миллион сўм маблағ ҳисобига қурилган экан. Бугун ушбу масканда “маҳалла еттилиги”га елкадош бўлаётган “Кексалар маслаҳати” гуруҳи раҳбари ва икки нафар фаол нуронийга ҳам камбағаллик рўйхатига киритилган оилалар билан жиддий шуғулланиши учун алоҳида хона ажратиб берилганини кўриб, маҳалла раисига миннатдорлик билдирдик.

Айни пайтда маҳаллада 668 та хонадонда 889 та оила истиқомат қилади. Аҳоли сони 3 395 нафар. Улар орасида 525 нафар 60 ёшдан ошган нуронийлар бор. Маҳалла етакчиси Камолиддин Қурбоновнинг айтишича, маҳалланинг пиру бадавлатлари  Даврон бобо Ражабов билан Қудрат бобо Асадовлар 90 ёшни қаршилабдилар. Нигора момо Жўраева эса 93 ёшга кирибди. Даврон бобо Ражабовдан ҳол-аҳвол сўраш, дуо олиш мақсадида “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси Ўткир Ражабов ҳамда маҳалла “Кексалар маслаҳати” гуруҳи раҳбари Салим Қурбонов билан отахоннинг хонадонига бордик. Ҳаётининг 40 йилдан зиёдини ёш авлодга билим, тарбия беришга бахшида этган муаллимни дарвозахонасида учратдик. Ҳамроҳим — маҳалла нуронийлари раҳбари мақсадимизни айтгач, устознинг чиройи очилиб, юртимизга тинчлик, фаровонлик, Президентимизга тансиҳатлик, халқимизга омонлик тилаб, дуолар қилди.

“Кексалар маслаҳати” гуруҳи раҳбарига бириктирилган, камбағаллик реестрида турувчи Шаҳноза Кенжаева тиббий кўрикдан ўтказилиб, икки нафар фарзандининг қўшимча репетиторлик курсига қатнаши учун ҳомий топиб берилибди.

Камбағаллик реестрида турувчи яна бир оила бошлиғи Отабек Имомов қурилишда ишлаётган чоғида тепадан бошига қаттиқ предмет тушиб кетиб, оғир жароҳат олгани туфайли меҳнат қилиш қобилиятини йўқотган экан. Шу боис, шифокорлар тавсия этган дориларни мунтазам ичиб юришга эҳтиёжмандлиги туфайли унга “Саховат ва кўмак” ҳомийлик жамияти томонидан 1,5 миллион сўмлик дори-дармон, иш билан машғул бўлиши учун маҳалла томонидан макка донидан бодроқ тайёрлайдиган аппарат харид қилиб берилибди. Фарзандларига кийим-кечак олишга бир миллион сўм пул, озиқ-овқат маҳсулотлари, “Нуроний” жамғармаси тарафидан ўқув партаси, стул, спорт формаси ва кроссовка ҳам берилибди. Маҳалладаги Қосим Шайх жоме масжиди имом-хатиби Бектош Ҳакимов ҳомийлигида уч хонали барча шароитларга эга янги уй-жой қуриб берилганини эшитиб, жуда хурсанд бўлдик.

Фаол нуроний Музаффар Рустамов ҳам яна бир камбағаллик реестридаги оила вакиласи Азиза Ашуровани тиббий кўрикдан ўтказиб, ижтимоий аҳволини ўнглаш учун 15 миллион сўм имтиёзли кредит маблағи олишига кўмаклашибди, яшаш хонадонини дезинфекция қилдирибди. Бошқа бир камбағал оиладаги Латофат Кенжаеванинг яшаш хонадонини ҳомийлар ёрдами билан 60 миллион сўм маблағга таъмирланибди.

Туманнинг “Каловот” маҳалласида бўлганимизда, фуқаролар йиғини раиси Гулноз Шодиева маҳаллада 7 245 нафар аҳоли истиқомат қилишини, шундан 682 нафари нуронийлар эканини айтди. Ўша кексалардан Зувайдулло бобо Бозоров 91 ёш, Мухтор бобо Туробов 93 ёш, Маҳмуд бобо Зияев 94 ёш, Орзи бобо Рўзиев 96 ёшда эканига алоҳида урғу берди.

Бу маҳаллада фаол нуронийлар — Рўзигул Баҳронова билан Барно Узоқовга 5 нафардан камбағал оила бириктирилган экан. Ушбу нуронийлар ҳам ўзлари масъул бўлган оилаларнинг мактабда ўқийдиган фарзандларига “Нуроний” жамғармаси томонидан берилган ўқув партаси, стул ҳамда спорт кийимларини етказиб берибди. Оқсоқоллар билан бирга, Мафтуна Юлдошеванинг оилавий аҳволи билан танишдик. Мафтуна боқувчисини йўқотгани учун ёш боласи ва кўзи ожиз онаси билан бирга турар экан. Унинг хонадонига маҳалла тавсияси билан “Хазна” бозор савдо ташкилоти қуёш панеллари ўрнатиб берибди. Мафтуна ҳомийлик ёрдами кўрсатган инсонларга миннатдорлик билдириб: “Ўтган ойда эҳтиёжимдан ортиқ электр энергияни 750 минг сўмга давлатга сотдим. Пулини дарҳол пластик картамга ташлаб беришди”, — деди мамнуният билан. “Хазна” ташкилоти Мафтунадан ташқари, “Каловот” кўчасида яшовчи Маҳлиё Равшанова ҳамда “Боғимурод” кўчасида истиқомат қиладиган Саид Мирзаевнинг хонадонига ҳам худди шундай қуёш панеллари ўрнатиб берганини эшитиб, корхона бизнесига барака тиладик. Фаоллар аралашиб, камбағал оила Наргиза Набиеванинг уйини вилоят солиқ бошқармаси ҳомийлиги билан 100 миллион сўмга капитал таъмирлатибди. “Гулобод” кўчасида яшовчи Севдиёр Қодиров ҳамда “Тошкент” кўчасида турувчи Наргиза Жўраевага туман ҳокимлиги 2 бошдан она совлиқ қўй харид қилиб берибди. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Шу тариқа, маҳалла фаол нуронийлари биринчи ярим йилликда реестрга киритилганларнинг ҳаммасини рўйхатдан чиқарибди.

“Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси ва маҳалла “Кексалар маслаҳати” гуруҳи раҳбари билан маҳалланинг энг ёши улуғ қарияси 96 ёшли Орзи бободан ҳол-аҳвол сўрагани хонадонига бордик. Отахон ҳовлисидаги мевали дарахтларга шакл бераётган экан. Дарвозахонасида кўриниш беришимиз билан қўлидаги арра ва ток қайчини бир четга қўйиб, бизни ширин калом ила қаршилаш билан бирга, қўлимизни қаттиқ сиқиб, оталарга хос илиқ сўрашди. Бобонинг бардамлиги, шу ёшида ҳам жисмоний ҳаракатлар қилаётганини кўриб, руҳиятимиз кўтарилди. Маҳалла нуронийларининг оқсоқоли Рўзиқул ака Жабборов: “Оллоҳга шукр, бобомиз ҳали тетик. Тинмай юртимизга тинчлик, халқимиз дастурхонига маъмурлик тилаб, дуолар қиладилар”, — деди.

— Албатта, дуо қиламан-да, умримнинг 6 йили, майли, болаликка кетсин, лекин 90 йилдан бери мен бундай халқпарварликни, халқни рози қилишни ўйлайдиган бундай Президентни кўрмаганман! Қанча раҳбарлар ўтди, аммо бирортаси етим-есирнинг, камбағалнинг бошини силаган эмас! Буни ҳаммамиз кўриб, билиб турибмиз-ку, илоҳим, Юртбошимиз ҳамиша омон бўлсин, эл-юртимиз янада обод бўлаверсин!  — деди Орзи бобо.

Кармана туманининг “Дўрмон” маҳалласида ҳам нуронийлар фаол иш олиб боришмоқда. “Худога шукр, нуронийларимизнинг кайфиятлари яхши. Маҳалламиз тинч, майда қонунбузарлик, жиноятчилик ҳолатлари йўқ. 2 та ажрим ёқасига борган оила бор эди, яраштириб қўйдик”, — дейди  онахонлардан бири. Мен бу истарали онахонни танидим. У киши 2023 йилда “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” кўрик-танловининг вилоят босқичида биринчи ўринни эгаллаб, Республика босқичида иштирок этган “Дўрмон” маҳалласи “Кексалар маслаҳати” гуруҳи раҳбари Гулнора Жабборова эди.

Суриштирсам, Гулнора Ражабова ҳамда фаол нуронийлар Рўзибой Холбоев ва Роҳила Қулматова ўзлари масъул бўлган 15 нафар камбағал оилага ҳар томонлама маънавий, моддий, амалий ёрдам кўрсатиб, турмуш шароитларини фаровонлаштиришга тутинибдилар. Жумладан, Сарвиноз Жўраеванинг 2 нафар фарзандига амалий ёрдам беришдан ташқари, ўзини “Дўрмон” кафесига ишга жойлаштиришибди. Холида Равшановага даволаниш учун вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидан ордер олиб беришибди. Моҳичеҳра Файзуллаевани иссиқхона хўжалигига ишга ўтказибди. II гуруҳ ногирони Зокир Жумаевнинг яшаш хонадони “Дўрмон” жоме масжиди имом-хатиби Олим ҳожи Эшназаров ҳомийлигида капитал таъмирланибди ва хонадони томига “Хазна” бозор савдо ташкилоти томонидан қуёш панеллари ўрнатиб берилибди. Боқувчисини йўқотиб, бир фарзанд билан қолган Нозигул Намозовани “Дийдор” кафесига ишга киритиб, боласини маҳалла ҳисобидан боғчага жойлаштирибди. Шу тариқа, дўрмонлик фаол нуронийлар ўзларига бириктирилган 8 нафар камбағални рўйхатдан чиқарибди. Айни пайтда қолган 7 нафар камбағални ҳам реестрдан чиқаришга ҳаракат қилишаётган экан.

Кармана туманига қилган сафаримиз чоғида 39 нафар “Кексалар маслаҳати” гуруҳи раҳбарлари ва 117 нафар фаол нуронийлар маҳаллалардаги камбағал оилаларни реестрдан чиқариш учун бир қатор ибратли ишларга қўл урганига, уларнинг фидойилик билан олиб бораётган тизимли ишлари натижасида қанча-қанча хонадонлар ва кўнгиллар обод бўлаётганига гувоҳ бўлдик.

Худойберди Наврўз,

“Нуроний” мухбири.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan