Инсон — азиз…

Ўзбекистон “VETERAN” жангчи-фахрийлар ва ногиронлар бирлашмаси раиси вакиллари Афғонистонда 1979-1989 йилларда олиб борилган жанговар ҳаракатлар иштирокчиси бўлган жангчи-фахрий, Ўзбекистон ҳамда Туркия Ёзувчилар уюшмаларининг аъзоси, ўзбек болалар адабиётининг йирик намояндаси, таржимон ва шоир, “Дўстлик” ордени соҳиби Миразиз Аъзамни табаррук 90 ёши билан табриклаш учун унинг хонадонига ташриф буюришди. Меҳмонларни  хонадон бекаси —“Саодат”  журнали масъул котиби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Шуҳрат” медали, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси, шоира ва журналист Қутлибека Раҳимбоева самимий кутиб олди.

Ўзбекистон  “VETERAN” жангчи-фахрийлар ва ногиронлар бирлашмаси раиси Талъат Муродов ҳамда  Бирлашма раисининг биринчи муовини  Илимдар Ильясов  Миразиз Аъзам каби табаррук ёшдаги фахрийлар ҳаёти бугунги ёшларга, чин маънода, ўрнак эканини таъкидлашди.

Миразиз Аъзам 1936 йил 29 мартда Тошкент шаҳрида, педагоглар оиласида туғилган. 1953-1958 йилларда ЎзМУ филология факультетида таҳсил олган. Меҳнат фаолиятини Тошкент давлат телестудиясида муҳаррир сифатида бошлаган. Кейинчалик “Ғунча” журналида адабий ходим, “Ёшлар нашриёти”да бўлим мудири, “Адабиёт ва санъат” газетасида катта муҳаррир ва яна турли жойларда масъул лавозимларда фаолият юритган.

1960 йилларда адабиёт майдонига кириб келиб, болалар учун “Металлург”, “Сенга нима бўлди?”, “Ғалати туш”, “Ер айланади”, “Ерга довруқ соламиз”, “Бир чўнтак ёнғоқ”, “Қирқ болага қирқ савол” каби шеърий тўпламлар яратган. 2003 йилда “Энг ёруғ юлдузлар” номи остида пьесалар, тарихий ҳикоялар ва мақолалар тўплами нашр этилган.

Моҳир таржимон жаҳон адабиёти намояндаларини ўзбек китобхонларига танитишда ҳам катта хизмат қилган. У Низомий Ганжавий, Фаридиддин Аттор, Жалолиддин Румий, Абдураҳмон Жомий, Абу Ҳомид Ғаззолий каби Шарқ мутафаккирлари, шунингдек, Пушкин, Маяковский, Есенин, Ахматова, Жак Превер, Квазимодо, Меҳмет Акиф Эрсой, Нажиб Фозил, Шаҳриёр, Ўрхон Камол, Ўрхон Памуқ каби жаҳон адабиёти вакилларининг асарларини ҳам таржима қилган. Шу билан бир қаторда, Корней Чуковский, Эдвард Лир, Уолтер де ла Мэр, Жанни Родари каби болалар адабиёти вакилларининг асарлари, умуман олганда, турли тиллардан 200 га яқин муаллифнинг шеърий ва насрий асарларини ўзбек тилига ўгирган.

Миразиз Аъзам яратган асарлар ҳам рус, украин, туркман, мўғул ва бошқа тилларда нашр этилган, айрим шеърлари эса турли халқлар тилларига таржима қилинган.

Учрашув давомида меҳмонлар ижодкор жангчи-фахрий билан бир пиёла чой устида ҳарбий хизмат хотираларини ёдга олиб, дилдан суҳбатлашдилар.

Бирлашма раиси Талъат Муродов устоз ижодкор ва жангчи-фахрий Миразиз Аъзамга мустаҳкам саломатлик, оилавий тинчлик-хотиржамлик, ижодларига муваффақиятлар тилаб, Бирлашманинг фахрий ёрлиғи ҳамда  кимматбаҳо эсдалик совғаларини тантанали топширди.

Ўз навбатида, Миразиз Аъзам ҳам ўзининг Афғонистонда ўтган ҳар бир кунига оид хотиралари ёритилган асари — “Йўлёзувлар” номли китоби ҳамда “Til va adabiyot ta’limi” журналини “VETERAN” жангчи-фахрийлар ва ногиронлар Бирлашмаси музейига туҳфа қилди.

Учрашув якунида отахон ижодкор хонадонининг кириш эшигига “Бу хонадонда Афғонистон ҳудудида жанговар ҳаракатларда қатнашган уруш фахрийси Агзамов Миразиз Мирганиевич истиқомат қилади” кўрсаткичи ўрнатилди.

Майсара Назарова.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan