Навоий вилояти Нурота туманида аср билан юзлашган табаррук онахон яшайдилар. Адиз момо Раҳимова 1924 йилнинг 15 октябрида Навоий вилоятининг Нурота туманида туғилганлар. Адиз момо тумандаги 4-сонли мактабда бошланғич таълим олганлар.
Иккинчи жаҳон уруши бошланганида эндигина 17 ёшга кирган қиз эдилар. Фронт ортидаги барча оғир ишлар, урушга кетган эркаклар бажарадиган юмушларнинг ҳаммаси қариялар, аёллар ва ёш болалар зиммасига тушган эди ўшанда. Ер ҳайдаш, уруғ экиш, деҳқончилик ва чорвачилик каби юмушларнинг барини уддалаш қийин кечарди, аммо уруш тезроқ тугаши учун ғалабага бўлган ишонч уларни ҳаракат қилишга ундарди. Борган сари оғирлашиб бораётган ҳаёт, урушдан келаётган тўхтовсиз қорахатлар одамларни руҳан тушкунликка туширар, аммо қалбдаги ватанпарварлик туфайли қайтадан оёққа қалқардилар. Ниҳоят, узоқ кутилган кунлар келди, уруш тугади. Буюк Ғалаба қўлга киритилди. Омон қолган жангчилар, ярадор бўлганлар, ё оёқ, ё қўлидан ажраб, ногирон бўлиб қолганлар бирин-кетин юртга қайта бошладилар.
Ҳаёт аста-секин ўз изига тушиб, ишлар енгиллаша бошлади. Одамларда ҳаётни янгидан бошлаш, турмуш шароитларини яхшилаш истаги пайдо бўлди. Урушда қаҳрамонлик кўрсатиб, кўксини ордену медаллар безаган, қадамлари шахдам, сўзлари ўктам йигит — Алидан келган совчига уйдагилари розилик билдиришди. Нурота тумани дашт ва қир-адирли бўлганлиги сабабли, чорвачиликка ихтисослаштирилган эди. Собиқ жангчига жамоа хўжалиги чорвасининг бош чўпонлигини топширишади. Ишчи кучи оз, қишлоқ хўжалигининг бошқа соҳаларига ҳам одам кераклигидан бош чўпон бўлиб тайинланган Али турмуш ўртоғи Адизбонуни ўзига ёрдамчи қилиб даштга олиб кетди. Шундан кейин онахон бутун умрини Нурота кенгликларида қўй-қўзи боқиш билан ўтказганлар. Фарзандлари туғилганда ҳам даладан бери келмаганлар. Ўтовда яшаб, болаларини ҳам ўша ерда тарбиялаганлар.
— Инсон ўзи бажараётган юмушини севса, чин дилдан бажаради, шу касбидан барака топади. Бу касбнинг машаққатини чўпонлик қилганлар яхши билади, — дейдилар онахон ўз хотиралари билан ўртоқлашарканлар. — Қаттиқ совуқларда қўзилаган қўйнинг боласини совуқ урмасин, деб ўзимиз яшайдиган ўтовга олиб кириб ётардик. Қаҳратон совуқда ҳатто итлар ҳам ўзини панага урарди. Шундай пайтларда қўй-қўзиларни тўсатдан отарга ҳужум қилиб қоладиган бўрилардан ҳимоя қилиш учун милтиқ кўтариб, қўрани айланиб юрардик. Лекин ўзига яраша гашти ҳам бор. Қуёш чиқишини тепаликдан туриб кузатиш, баҳорда илк очилган гулларни кўриш, чексиз кенгликлар завқини ҳис қилиш…
Мендан доим узоқ умр кўриш сирини сўрашади. Бутун умрим давомида далаларда, тоза ҳавода яшаганим, тинмай ҳаракатда бўлганим, шу билан бирга, табиий неъматлар — сут, қатиқ, қаймоқни кўп истеъмол қилганим учун, деб жавоб бераман. Балки вақтимни, асосан, одамлардан узоқда ўтказганим, бекорчи гапларга, ғийбату жанжалга вақтим бўлмаганлиги сабабли, яъниким бўлар-бўлмас нарсаларни ўйлаб, сиқилмаганлигим учундир…
Онахоннинг ҳаёти ва фаолияти ўз турмуш ўртоғи билан биргаликда етти нафар фарзандга бош бўлиб, йигирма икки нафар набира, қирқ уч нафар эвара ҳамда тўққиз нафар чеварадан иборат сулолага асос солгани билан ҳам эътиборга лойиқдир. Фарзандлари ҳам эл-юрт хизматида бўлиб, бугунги кунда барчалари нафақага чиққанлар. Ҳозирда кексалик гаштини сурмоқдалар. Фарзанду набира-эвараларнинг ҳар куни тонгда биринчи қиладиган ишлари — табаррук онахонни зиёрат қилиб, дуосини олиш бўлади. Кейин эса кўнгил хотиржамлиги билан бошқа ишга уннайдилар.
Ҳа, бундай бахтни, аслида, барчамиз орзу қиламиз. Унга эришиш учун эса мана шундай табаррук онахону отахонлардан ибрат олишимиз, ҳалол яшаб, виждонан меҳнат қилиш, эл-юрт ҳамда Ватанга фойда келтиришимиз шарт ва зарурдир.
Асолат АҲМАДҚУЛОВА,
“Нуроний” мухбири.