Мамлакатимизда ўз маърифати, юқори илмий салоҳияти, халқлар ўртасидаги дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш, тинчлик ва барқарорликни таъминлашга ҳисса қўшган давлат ва жамоат арбоблари ғоят бисёр. Уларнинг ҳар бирининг ҳаёти, бошдан кечирган синовлари, эл-юрт манфаатларини таъминлаш йўлидаги матонат ҳамда фидойиликларини қаламга олган тақдиримизда, катта-катта китобларга жо бўлиши айни ҳақиқатдир.
Филолог, педагог, дипломат, жамоат арбоби Саъдуллаев Давлатбек Самиевични юртимизнинг ана шундай зиёли фарзандларидан бири десак, асло муболаға қилмаган бўламиз.
Давлатбек Саъдуллаев 1947 йил 10 июнда Тошкент шаҳрида туғилган. Республика рус тили ва адабиёти педагогика институтини тамомлаган. Номзодлик диссертациясини ҳимоя қилгандан сўнг Термиз педагогика институти ва Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг рус тили кафедрасини бошқарган. Университет қошидаги Тил марказининг биринчи директори бўлган.
Илмий-педагогик фаолияти давомида унинг назарий стилистика, маданият тилшунослиги, алоқашунослик, замонавий рус тилининг назарий муаммолари, риторика, лингвистик услублар ва бошқа жабҳаларга оид 20 дан ортиқ монография, дарслик ва луғатлари, 200 га яқин илмий-тадқиқот ишлари чоп этилган. Рус тилини ўқитишнинг долзарб масалаларига бағишланган халқаро ва минтақалараро конференцияларнинг ташаббускори ва иштирокчиси бўлган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида бўлим бошлиғи, бошқарма бошлиғи, кейинчалик Ўзбекистоннинг Афғонистондаги консули лавозимларида ишлаган. Кобул университети, Термиз давлат университети, Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиалининг фахрий профессори, Россия Педагогика ва ижтимоий фанлар академиясининг мухбир аъзоси, Афғонистон фанлар академияси аъзоси. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишида Давлатбек Саъдуллаевнинг ҳам алоҳида хизматлари бор.
Ўша даврларда “Қизил Юлдуз”, “Дўстлик” орденлари, рус тили ўқитувчилари халқаро ассоциациясининг “Рус тилини ўрганишдаги муваффақияти учун”, Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигининг “Дўстликка қўшган ҳиссаси учун”, “Дўстлик ва ҳамкорлик учун” фахрий нишонлари билан тақдирланган.
80 ёшга яқинлашиб қолган отахон билан суҳбатимиз ғоят самимий кечди. Уларнинг оғир, вазмин, ҳар бир жумлани чуқур баён этишлари, самимий муомала-муносабатлари қаршимизда нафақат катта олим, балки улкан истеъдодли дипломатни ҳам гавдалантиради.
— Тошкент шаҳридаги Чақар кўчасида нон сотадиган магазин бўларди, — дейди у болалигни эсалаб. — Магазин сотувчиси Саодат опа эди. 5-6 яшар боламан. Менинг ўша вақтлардаги вазифам уйга нон келтиришдан иборат эди. У ердан иссиқ ва мазали гижда нон чиқарди. 1952-53 йиллар. Бизнинг оилага жами 4 та нон бериларди. Нонларни совиб қолмасин деб, сочиққа ўраб олиб келардим. Атоқли санъат ва маданият арбоби Юнус ота Ражабий қўшнимиз эдилар. Ўғиллари Ҳасан Ражабий билан дўст бўлганмиз. Бир куни бир дўстим билан уларнинг дарахтларига чиқиб, майкаларимизга тўлдириб, довучча узаётганимизда, катта ўғиллари бизни “қўлга туширдилар”. Қулоғимиздан ушлаб ҳовлига олиб кирдилар. Сўрида Юнус ота ишлаб ўтирган, мақом ёзаётган эканлар. Ўғиллари гарчи, бизни “жиноятчи” сифатида таништирган бўлсалар-да, Юнус ота бунга парво қилмадилар, аксинча, бизга қараб: “Мусиқага қизиқадиганлар борми?” — деб сўрадилар. Мен, ҳа, десам, тезда қутуламан деб ўйладим. Шеригим эса йўқ деди-ю “жазо”дан қутулиб, жуфтакни ростлади. Мен қолиб кетдим. Юнус ота танбур чертиб, кўп нарсаларни гапириб бердилар. “Мусиқани севмаган киши одам бўлмайди. Мусиқа — халқнинг юраги. Юраксиз ўзингни тасаввур қила оласанми?! Мақом ҳам шундай. Мен мақомларни йиғяпман. Шуларни китоб қилиб чиқарамиз. Сен мусиқани ҳурмат қилишинг керак”, — дедилар… Ўша кунги суҳбат бир умр ёдимда қолган.
4-синфни тугатганимда, дадам олий партия мактабини тамомладилар ва Бойсун туманига Ижроия қўмита раҳбари этиб тайинландилар. 1953 йил мен тумандаги русийзабон болалар боғчасига қатнардим. Катта юк машинасида кетаётган вақтимизда Сталиннинг вафот этганлиги эълон қилинди. Ҳайдовчи ўзини йўқотиб, машинани ариққа ҳайдаб юборганди ўшанда. Биз, болаларни Худо бир офатдан асраб қолганди…
Онамнинг исмлари Ҳамида эди. 34 ёшда вафот этганлар. Хатлари дона-дона, сочлари жингалак эди. Кенжамиз, яъни синглимнинг сочлари онамникига ўхшайди, ёзуви ҳам уларнинг хатларини эслатади. Онам ҳам олий партия мактабини тамомлаб, Сурхондарё обком партиясининг 2-котиблигига сайлангандилар. 7 ноябрда вазифага киришишлари керак эди. Термизда шамоллаб қолиб, Бойсунга келганда, ётиб қолгандилар. 1959 йил 14 ноябрда ҳаётдан кўз юмганлар. У ердагилар онамни Тошкент ая деб жуда ҳурмат қилишарди. Биз ая билан хайрлашишимиз керак, дейишди. Шунинг учун онам эртасига, 15 ноябрь куни дафн этилдилар.
Қабристонда уч ўғил ёнма-ён турганмиз. Синглимиз у вақтда 5 ёшда эди. Унга нима дейишни билмай, онамлар метрога кириб кетяптилар, деганман. Синглим бунга ишонган ва йиғлашдан тийилган. Бирданига шу фикр келганди ўшанда миямга. Чунки метро ҳақида тасаввурга эга эдим. Негаки, 1959 йилда Бутуниттифоқ халқ хўжалиги кўргазмасида мен кумуш медаль билан тақдирланганман. Мукофотни олиш учун борганимда метрода юрган эдим.
Дадамни эса ўша вақтда отасига жаноза ўқитди, деб юқори лавозимдан олишиб, тожик мактабига оддий ўқитувчиликка тайинлашганди.
Болалигимда самолётсозликка қизиқардим. Мотор билан ишлайдиган самолёт моделини яратгандим. Моторига бензин қуйиларди. Учирганим, Термизда бўлиб ўтган вилоят мусобақасида совринли ўрин эгаллаганим ҳам ёдимда. Шу соҳада ўқиш учун Харьковга бориб, институтдаги имтиҳонларни аъло баҳоларга топширдим. Аммо кўзойнагим ва юрагимдаги хасталик сабаб ўқишга қабул қилишмади. Шундай бўлса-да, битта имтиёз беришди. Хоҳлаган политехника институтига киришга имконим бор эди. Мен эса ортга қайтдим.
Ўзбекистонга келгач, Низомий номидаги педагогика институти ёнидаги эълонга кўзим тушди. Унда “Литературный институт” дейилганини кўрдим. Кейин билсам, Республика рус тили ва адабиёти институти экан. Ҳужжатларни топширгач, ортга қайтиш йўқ, дедим-да, имтиҳонларни топширишга киришдим. Биринчи имтиҳон — иншо, ундан “беш” баҳо олдим. Суҳбатда эса “Евгений Онегин”нинг уч бобини ёддан гапирдим. Бўлди, дейишди. Тарихдан ҳам “беш” олдим. Француз тилидан эса “тўрт”га топширдим. Ташқарида менинг энг қадрдон қўллаб-қувватловчим, онамнинг онаси, яъни бувим — Иқболниса ая ўтирардилар. Улар доим “Сендан тоғанг раҳматлининг ҳиди келади”, — дердилар. Тоғам раҳматли Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар. Шундай қилиб, Республика рус тили ва адабиёти институти талабасига айландим.
Айни институтда турмуш ўртоғим Раънохон билан танишганман… Тошкент зилзиласи пайти эди. “Строитель Ташкента” газетаси очилди ва унга мени мухбир, таъсисчи этиб тайинлашди. Мен материаллар йиғдим, газетани бошқардим. Мақолалар чоп эттирдим. Меҳнатимга яраша пул беришди. Тахминан 3 минг рубль ўша вақтда катта сумма эди. Бунча пул керак эмас, деб, уни давлатга қайтариб топширмоқчи бўлдим. Аммо ҳеч ким қабул қилмади. Аксинча “Бу сенинг ишингга яраша берилган ҳақ”, — дейишди. Охири бувимларга олиб бориб топширдим…
Пахта даврида табелчилик қилдим. Ботир Зокировнинг ашуласини ўзимча хиргойи қилиб юрардим. Талабалар гулхан атрофида йиғилганимизда баъзи “мухлисларим” мендан куйлашни сўрашарди…
1983 йил Москвада малака оширдим. У пайтларда ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)да ишлардим. Мени Марказқўмга чақиришди. Куратор менга: “Форс тилини биласанми?” — дея савол берди. Мен мукаммал бўлмаса-да, оз-моз билишимни айтдим. “Бўлмаса, сенинг жойинг Афғонистонда”, — деди у киши. Шу тариқа, дадамнинг розилигини олгач, оилам билан Афғонистонга янги вазифага жўнадим. У ерда аёлим лицейда афғон болаларига рус тили фанидан ўқитувчилик қилди. Мен эса Кобулдаги педагогика академиясида, институтда дарс бердим. Афғонистон фанлар академияси аъзоси сифатида форс тилида маърузалар ўқидим…
Давлатбек Саъдуллаевнинг ҳикоялари ҳаёт синовлари, уларни енгиб ўтишдаги матонату ибратга тўла бўлиб, тафсилотларни баён этадиган бўлсак, яна кўплаб саҳифаларни қоралашга тўғри келади. Отахоннинг турмуш ўртоғи Раънохон ая билан танишуви, қуда тарафларнинг бир-бирларига нисбатан чексиз ҳурмат-эҳтироми, бўлажак келиннинг ибо-ҳаёси-ю танланган куёвнинг ҳар томонлама комил, куёвликка муносиблиги ҳақидаги кечинмаларнинг ўзини яна бир ажиб муҳаббат қиссаси дейиш мумкин. Давлатбек Саъдуллаевнинг дипломат сифатидаги фаолияти, мамлакатимиз ташқи ишлар вазирлиги тизимидаги фидойи хизматлари эса алоҳида эътирофга муносиб.
Давлатбек ота ва Раънохон ая фарзандларини ҳам зиёли этиб камол топтирганлар. Уларнинг уч нафар фарзанди — икки ўғил, бир қизи ўзлари каби эл-юрт хизматида камарбаста. Қизлари Ҳамида Саъдуллаева 1969 йилда туғилган. Ҳозирда катта бир фармацевтик компаниянинг раҳбари. Катта ўғиллари Азизбек Саъдуллаев 1971 йилда туғилган. Шарқшунослик соҳаси вакили. Араб тили бўйича мутахассис. Кенжа ўғил Бекзод Саъдуллаев 1981 йилда таваллуд топган. Бекзод журналистика соҳасини танлаган. Набиралар ҳам улардан ибрат олиб, илм-маърифат йўлидан бормоқдалар.
Пиру бадавлат отахону онахон билан суҳбатимиз узоқ давом этди. Суҳбатнинг шу қадар ёқимли эканлигидан уч-тўрт соат вақтнинг сувдек оқиб ўтганлиги ҳам сезилмади. Ўзи шундай бўлади. Олимларнинг суҳбатида бўлган одам оз вақтда катта бир ҳаёт дарслигини ўқигандай, улкан руҳий қувват олгандай ҳис қилади ўзини. Нуронийларимиз билан хайрлашар эканмиз, мазмунли ва хайрли мулоқот учун улкан миннатдорлик билдирдик. Улар ҳам, ўз навбатида, юртимизга бугунгидек тинчлик-хотиржамлик, фаровонлик ва дориломонлик абадий ёр бўлишини Яратгандан сўраб, дуоларга қўл очдилар.
Баҳодир Валиев.