Муқаддас Рамазон ойи эшик қоқиб турибди. Бу ойнинг хислати ва фазилатларини яхши билганлар унинг савобидан умидвор бўлиб ўзларини руҳан тозалаб, бу ойни муносиб кутиб олишга тайёрланмоқдалар.
Аҳиллик, ўзаро бирдамлик ва маънавий поклик фазилатлари улуғланадиган қутлуғ Рамазон ойини эл-юртимиз доимо катта хурсандчилик ва кўтаринки кайфиятда кутиб олади. Ушбу муборак кунларда инсон қадрини улуғлашга, оила ҳамда маҳаллага меҳр ва эътиборли бўлиш, ижтимоий кўмакка муҳтож, эҳтиёжманд кишиларга ёрдам ва саховат кўрсатишга қаратилган савобли амаллар кўпайиб бораётгани қувонарлидир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига кўра, бу йил ушбу муборак ойда “Рамазон — меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи” д???? ???? ??? ??????? ?еган эзгу ғоя асосида кам таъминланган, эҳтиёжманд, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларни ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик, адолат ва тарбия масканига айлантириш, ер, сув, ҳаво ва табиий муҳитни асраш, муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳ ва қабристонларни обод этиш каби тадбирлар ўтказилиши белгиланди.
Рамазон, чин маънода, хайр-саховат ойидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг сахийси эдилар, бу ойда яхшиликда эркин шамолдан ҳам сахий бўлиб кетардилар.
Демак, рамазон ойида имкон қадар ҳар куни хайр-эҳсон, садақа беришга ҳаракат қилиш керак. Айниқса, қийналган, бева-бечораларга берилган садақалар, эҳсонлар энг савобли амаллардан ҳисобланади. Кишилар ўз имкониятларини чамалаб, қанча эҳсон ва закотга кучлари етса, бу имкониятдан фойдаланиб, савобга эришишлари мумкин. Балки сиз ҳар куни бир ёки бир нечта рўзадорнинг ифторлик қилишига сабаб бўлишингизга имкониятингиз етар?! Муҳими, ҳар бир инсон қўлидан келган яхшиликни қилиши керак.
Ривоятларга кўра, бу ойнинг ҳар кечасида Аллоҳ таоло 600 мингта дўзахга маҳкум бўлганларни дўзахдан озод қилади. Рамазоннинг биринчи кечасининг ҳам бир қанча фазилатлари бор, аммо аксарият одамлар бундан ғафлатда қоладилар. Рамазон ойининг биринчи кечасида Аллоҳ таоло бандаларига раҳмат назари билан боқади, кимга Аллоҳ раҳмат назари билан боқса, уни ҳеч қачон азобламайди.
Рамазон жуда кўплаб яхшиликлар ҳамда имкониятлар ойидир. Уларнинг энг аввали — Қуръондир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: “Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб Қуръон туширилгандир”. Рамазонда кўп Қуръон ўқиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир.
Афсуски, кўпчилик рамазон ойини яхшилаб ўтказишни саҳар ва ифтор вақтида яхши, тўйимли овқатлар ейиш керак, деган мақсадда бу кунни бозорда “Ҳали уни, ҳали буни сотиб олишим керак” деган бекорчи ўй-хаёллар билан ўтказиб юборади. Демак, ҳар биримиз рамазоннинг илк кунларидан бошлаб, уни ғанимат билмоғимиз лозим экан.
Аллоҳ таоло рамазоннинг охирги кечасида рўзадорларнинг гуноҳларини кечириб юборади. Аммо аксар одамлар бу кечанинг фазилатларидан ҳам ғафлатда қоладилар. Айниқса, рамазоннинг охирги тоқ кечасини “Лайлатул қадр” кечаси сифатида бедор бўлиб ўтказадилару лекин рамазоннинг сўнгги кечасига беэътибор бўладилар. Қадр кечаси ҳар бир рўзадор алоҳида эътибор бериши керак бўлган муҳим кечадир. Лекин Аллоҳ таоло бу кечанинг қачонлигини яшириб қўйган. Нима учун? Чунки шунда биз бу кечани рамазон ойининг илк кунидан бошлаб кутамиз ва бутун рамазон кечасини ибодатда ўтказишга ҳаракат қиламиз. Агар қадр кечасининг кунини аниқ билганимизда, эҳтимол рамазоннинг бошқа кунларини дангасалик билан ўтказиб юборган бўлардик. Аллоҳ таоло Ўз фазли билан рамазондан тўлиқ фойдаланишимизни истайди.
Ойша онамиз розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Ё Расулуллоҳ агар Қадр кечасини топишга муваффақ бўлсам, нима деб дуо қилай?” деб сўрадилар. Шунда Набий алайҳиссалом: “Аллоҳумма иннака афуввун, туҳиббул афва, фаъфу ъанний” (Аллоҳим, албатта, Сен кечирувчисан, кечиришни яхши кўрасан. Гуноҳларимни кечиргин), деган дуони кўп айтишга буюрдилар.
Албатта, рамазон тоат-ибодатлар ойи. Бу ойда кўпроқ намоз ўқиш, таҳажжудларда бедор бўлиш, тиловат, хайр-эҳсон, садақалар қилиш кўпайтирилади. Худди шундай, рамазон биз учун кўплаб яхшиликларга эришишимиз учун жуда катта имкониятдир.
Аммо, бу ой эҳтиёжларни, жамиятдаги ишларни тўхтатиб туриш ойи эмас. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда янада фаол бўлардилар. Аллоҳ таоло ҳар биримизга бу ойни муборак қилгани рост бўлсин, рўзангизни, дуо ва ибодатларингизни Ўз даргоҳида қабул айласин!
Даврон НУРМУҲАММАД,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Ахборот-таҳлил бўлими мутахассиси.