Содиқжон ТУРДИЕВ, “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раиси, сенатор, Ўзбекистон Қаҳрамони.
Янги Ўзбекистонимизнинг ҳар бир гўшасида “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” бош ғояси асосида кенг нишонланаётган мустақиллигимизнинг 35 йиллиги ҳар биримизнинг қалбимизга ўзгача сурур, шукроналик бахш этмоқда. Энг муҳими, инсон қадри ва халқ манфаати давлат сиёсатининг устувор мезонига айланган юртимиз тинчлиги барқарор экани, маҳаллаларимизнинг кундан-кунга обод бўлиб бораётгани улкан саодатдир.
Ўтган 35 йил, айниқса, сўнгги ўн йилда Ўзбекистон сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маънавий-маърифий соҳаларда улкан тараққиёт йўлини босиб ўтди. Янги шаҳар ва қишлоқлар, халқимиз учун янги турар жойлар, янги уйлар бунёд этилди. Илм-фан, таълим, маданият, тадбиркорлик соҳалари кенг ривожланиши натижасида халқимизнинг ҳаётига ободлик ва фаровонлик кириб келди. Ҳамюртларимизнинг ҳаёти, орзу-истакларида ҳам улкан янгиланишларга гувоҳ бўлиб турибмиз.
Биз, кекса авлод вакиллари бугунги саодатли кунларга етиб келиш йўли осон кечмаганини яхши биламиз. Тарихдан маълум- ки, мамлакатлар ҳаётида рўй берадиган катта ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва янгила- нишлар даври, одатда, давлат раҳбарларининг жуда кучли сиёсий иродаси ва етакчилик салоҳияти билан белгиланади. Шу маънода, бугун юртимизда эришилаётган ютуқлар замирида халқимизнинг фидойи меҳнати билан бирга, Президентимизнинг оқилона ички ва ташқи сиёсати, юксак билими ва салоҳияти, халқимизга чексиз меҳри ва садоқати мужассам эканини унутмаслигимиз керак.
Биз ҳозир ота-боболаримиз асрлар давомида орзу қилган саодатли кунларда яшаяпмиз. Янги Ўзбекистон тараққиёти фақат рақамларда эмас, фарзандларимизнинг кўзидаги ишонч ва қатъиятда, меҳнати қадрланаётган ўқитувчи, деҳқону боғбонлар, кундан-кунга хонадони обод бўлаётган оилалар, замонавий тиббиёт ютуқларидан фойдаланиб оёққа тураётган беморларнинг ҳаётидаги янгиланишларда, мамлакатимиз ва дунё бўйлаб саёҳат қилаётган ҳамюртларимизнинг қалбидаги қувончда акс этмоқда.
Бугунги саодатли кунларга осонлик билан етиб келмадик. Оғир синовли йиллар, халқимизни рози қилиш учун чора излаб ўтказилган уйқусиз тунлар ва машаққатли меҳнатлар эвазига етдик. Фидойилик, меҳнат ва машаққатга тўла бу йўлнинг пасту баланд синовларини ёшларга англатишимиз керак. Бу ишда, албатта, кўпни кўрган нуронийлар, бобо ва бувиларнинг ўрни жуда муҳим. Чунки катта авлод вакиллари юртимизнинг кечаги кунини, халқимиз бошдан ўтказган машаққат ва синовларни яхши эслайди.
Узоққа бормайлик: собиқ иттифоқ даврида ҳамда мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида ҳам жуда оғир ва машаққатли йўл босдик. Умрининг мазмунини пахта етиштириш билан боғлаган халқимиз бошига “Пахта иши”, “Ўзбеклар иши” деган маломатлар ёғилди.
Мустақилликнинг дастлабки йилларида эса одамлар ва давлат идоралари ўртасидаги сунъий тўсиқлар, тадбиркорликни йўлга қўйиш, тиббий кўрикдан ўтиш, пенсияга чиқишдаги жуда узоқ давом этган бюрократик жараёнлар, ортиқча оворагарчиликлар, доимий ва вақтинча яшаш жойи бўйича рўйхатга олишнинг қийинлаштирилган тартиби ҳамюртларимизнинг силласини қуритган эди. Уй-жойи бўла туриб, яшаш жойида доимий рўйхатдан ўтолмаётган юртдошларимизни, пластик картага тушган пенсия пулини ечиб олиш учун ҳам кимларгадир сарғайиб ялинаётган кексаларни деярли ҳар куни учратардик. Бундай ҳолатда одамларнинг эртанги кунга ишончи ҳақида гап бўлиши ҳам мумкин эмасди.
2016 йилда Президентимиз эндигина ишга киришганида, энг аввало, кекса авлод вакиллари, олимлар ва зиёлилар, ёшлар ҳамда оғир шароитда қийналиб яшаётган юртдошларимизнинг муаммоларини ҳал этишга алоҳида эътибор қаратди. Янги Ўзбекистон тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги йўлида ҳаётимизга шиддатли ислоҳотлар кириб келди. Мамлакатимиз ҳамда юртдошларимиз ҳаётида туб бурилиш, кенг кўламли янгиланишлар даври бошланди.
Бугун юртимиз нуронийлари, ёшлари, олим ва зиёлилари, тадбиркор, деҳқон ва боғбонларининг қадди тик, қадами шахдам, орзу-ниятлари юксак.
Аслини олганда, халқнинг орзу-ниятлари юксалиши учун давлат даражасидаги эътибор қанчалик муҳим эканини сўнгги ўн йилликдаги ислоҳотлар мисолида кўриш мумкин. Бугун ўз олдига катта-катта орзу-мақсадларни қўяётган ёшларимизга қараб туриб, таълим соҳасидаги янгиланишлар кўз олдимизга келади. Зеро, сўнгги ўн йилда халқимиз қалбига таскин ва шукроналик солган омиллардан бири ҳам мамлакатимизда ўқитиш сифатининг яхшилангани, ўғил-қизларимиз келажаги кафолатлангани бўлди. Таълим тизимидаги янгиланишлар ва ёшларимизнинг ютуқлари ҳақида гап кетганда, биз, катта авлод вакиллари ўз болалигимизни эслаймиз…
Миллий таълим: мажбурий меҳнатдан — оламшумул ютуқларгача
Ўзим қишлоқда катта бўлганман. Болалигимиз собиқ иттифоқ даврида, машаққатли ва мажбурий меҳнат ичида ўтган. Ўша даврда, айниқса, қишлоқ мактабларида ўқиш ва таълим олиш шароити ниҳоятда оғир эди. Ўқувчилар бошланғич синфлардан — 9-10 ёшидан бошлаб пахта даласига яганага чиқар, чеканка, пахта терими ва бошқа мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларига жалб этилар, ўқув йилининг асосий қисми далада ўтарди. Бўйимиз чўзилиб, юқори синфга қадам қўйганимиз сайин меҳнатимиз ҳам оғирлашиб бораверарди.
У пайтлари пахта терими даврида дарс қилиш ҳақида ўйлашнинг имкони ҳам йўқ эди. Кечқурун ҳориб-чарчаб уйга қайтиб, ота-онамизга ёрдам бериш, эрталаб эса яна далага чиқиш одатий ҳолга айланганди. Ҳатто ўқитувчиларимиз ҳам биз билан бирга пахта далаларида кун ўтказарди. Баъзан ноябрь, декабрнинг қировли кунларида ҳам кафтимиз ёрилиб пахта терардик, кўсак чувирдик.
Қишнинг изғирин кунларида эса ўқувчилар зиммасига металлолом йиғиш вазифаси қўйиларди. Ўша даврларда мактабларга шундай мажбуриятлар юкланар, буни, албатта, ўқувчилар бажариши керак эди. 8-9 ёшли болалар юқори синфдаги акалари қатори совуқдан қўли ёрилса-да, мактабга металлолом кўтариб келарди.
Бундай шароитда таълим сифати, ўқувчининг қобилияти ва иқтидорини ривожлантириш масалалари иккинчи даражага тушиб кетарди. Қишлоқ мактабларининг моддий-техник базаси ҳам талаб даражасида эмас, айрим мактабларда деворлар эскирган, деразалардан совуқ шамол кириб турар, қиш кунлари синфхонани иситиш учун кичик печкалардан фойдаланиларди. Ўтинни ҳам кўп ҳолларда ўқувчиларнинг ўзи олиб келарди.
Фан олимпиадаларига борардик, бироқ шаҳарлик ўқувчилар билан юзлашганимизда, савиямиздаги тафовут билиниб қолар, билимимиз етмаганидан мунғайиб яна қишлоққа қайтардик, яна далага йўл олардик. Баҳор ойларида эса ҳар бир хонадонда ипак қурти боқилар, пилла териш мавсуми ҳам ўқувчиларнинг ёрдамисиз ўтмасди. Катта авлод вакиллари бу манзараларни яхши эслайди.
Мустақилликка эришганимиздан кейин бу жараён барҳам топади, деган умид қалбимизга таскин берди. Бироқ қишлоқ ўқувчилари ҳамда мамлакатимиздаги барча олийгоҳ талабалари зиммасидан “мажбурий меҳнат” деган юк олиб ташланмади. Аксинча, ўқитувчилик касбига ҳурмат йўқолди, педагогларнинг меҳнати муносиб қадрланмади. Ижтимоий ва моддий аҳволи етарлича қўллаб-қувватланмади.
Энг оғир ишларга жалб этилиши, ободонлаштириш, асосий кўчаларни тозалаш ҳам ўқитувчининг зиммасига юклатилиши натижасида жамиятда бу касб эгаларининг обрўси ниҳоятда тушиб кетганди. Мактабларда деярли эркак муаллим қолмаган, оиласини боқиш, фарзандларини ўқитиш ва рўзғорини таъминлаш учун кўплаб устозлар бошқа касб-кор излашга мажбур эди.
Ўша йиллари таълим сифати пасайиб кетиши натижасида ёшларнинг билимга интилиши сусайганига, ота-оналарда мактаб таълимига ишонч йўқолиб, уларнинг кўпи фарзандини таълим муассасаларига юбормай қўйганига гувоҳмиз. Ўша пайтда давомат энг катта муаммога айланди. Ўқитувчилардан таълим сифати эмас, ўқувчиларнинг давомати ҳақида ҳисоботлар талаб қилина бошланди. Натижада келажагимиз эгалари — фарзандларимизнинг орзу-истаклари ер бағирлаб қолди.
Бундай ҳолатнинг оқибати эса бутун жамиятга салбий таъсир қилди: ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик авж олиб, билим олишга иштиёқ сусайди. Касб-ҳунарсиз йигит-қизлар кўпайди.
Ана шундай шароитда Президентимиз ёшлар таълим-тарбияси йўлида шиддатли ислоҳотларни бошлаб берди. Ўша даврда ўқувчилар, талабалар, ўқитувчилар ва жамиятдаги барча соҳа вакиллари зиммасидаги мажбурий меҳнатни олиб ташлаш учун жуда катта сиёсий ирода талаб этиларди. Давлатимиз раҳбари ана шундай эзгу ва савобли ишни бошлади.
Тизимли саъй-ҳаракатлар туфайли ўғил-қизларимизнинг сифатли таълим олиши давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди.
Ёшларнинг хорижий тиллар, замонавий ахборот технологиялари, касб-ҳунар ўрганиши, салоҳиятини юзага чиқариши учун, умуман, бахтли-саодатли келажагини таъминлаш йўлида мутлақо янги тизим яратилди. Бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудида фаолият юритаётган янги ва замонавий таълим муассасалари, Президент ва ихтисослаштирилган мактабларда фарзандларимиз фақат ўқиш, илм олиш, ўз иқтидорини намойиш этиш билан шуғулланяпти. Хорижий тиллар, аниқ фанлар, ахборот технологиялари ва бошқа замонавий йўналишларни чуқур ўрганяпти.
Кечаги мактаб ўқувчиси пахта даласида кун ўтказган бўлса, бугунги ўқувчи халқаро олимпиадалар, нуфузли танловлар, хорижий университетлар имтиҳонларида Ўзбекистон номини муносиб ҳимоя қиляпти. Бугун дунёнинг нуфузли университетларида таҳсил олаётган, катта грантларни қўлга киритаётган, олий таълимни тамомлаб, обрўли халқаро ташкилотларнинг етакчи кадрлари сафида меҳнат қилаётган ёшларимиз сони кундан-кунга ортиб бормоқда. Улар нафақат ўз оиласи, балки бутун мамлакат учун фахр ва ифтихорга айланмоқда. Бу имкониятлар ёшларимиз учун энг катта бахт эмасми?!
Давлатимиз раҳбари ёшлар билан учрашувларда глобал рақобат шароитида мамлакатларнинг устунлиги, аввало, билим, технология ва инсон капитали билан белгиланаётганини алоҳида таъкидлаб, уларни буюк аждодларимизга муносиб ворис бўлиш, Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга даъват этмоқда. Бу — юксак ишонч! Ахир, қайси даврда мамлакат етакчиси ёшларга бу қадар кенг имкониятлар яратган?!
Бугун ёшларга оид давлат сиёсати натижасида ташаббуслари қўллаб-қувватланаётган, замонавий касб-ҳунар эгаллаб ишлаётган, тадбиркорлик билан шуғулланиб, халқаро бизнес лойиҳаларни тақдим этаётган ёшларнинг ғайрати, шиддати ва ўзига ишончи ортида Президентимиз ва давлатимизнинг уларга чексиз меҳри мужассам эканини унутмаслигимиз зарур.
Инсон қадри — ислоҳотларнинг бош мезони
Ўзбекистондаги энг муҳим ўзгаришлардан бири давлат ва халқ ўртасидаги муносабатларнинг янгича мазмун касб этганидир. Шу ўринда инсон қадрини тиклаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш деган тушунча ортида қанчалик оғир юк, кенг мулоҳаза ва катта сиёсий ирода мужассам эканини англаш қийин эмас. Илгари оддий фуқаронинг вазир ёки юқори лавозимдаги раҳбарга мурожаат қилиши, ўз муаммосини тўғридан тўғри айтиши жуда қийин масала эди.
Давлатимиз раҳбари Президентлик фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ “давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган тамойилни илгари сурди ва бу тамойил давлат бошқарувининг муҳим мезонига айланди. Халқнинг дардини эшитиш, мурожаатини ўрганиш, муаммоларни жойига чиқиб ҳал қилиш мақсадида давлат бошқаруви вакиллари одамлар орасига тушди. Муаммолар эса шу қадар кўп эди, худди ўргимчак тўри каби юртимиздаги ҳар бир оилани, ҳар бир соҳани қамраб олгандек эди. Ўша даврда аччиқ бир ҳақиқат аён бўлди: халқимиз аллақачон давлат идораларига ишонмай қўйган, уларга ҳеч ким ўз муаммосини айтишни истамас, “айтишнинг фойдаси йўқ” деган ифода юз-кўзларда қотиб қолганди. Шу боис, дастлаб халқ билан мулоқот жараёни осон кечмади.
Бундан 9-10 йил аввал Оққўрғон туманида хонадонма-хонадон юриб, аҳоли муаммоларини ўрганиш жараёнида бир кичик кулбада яшаётган аёлга дуч келдик. У муаммолар гирдобида қолган, юзида аламзадалик, ишончсизлик ифодаси муҳрланган эди. Оиладаги етишмовчилик туфайли қарздор бўлиб, хонадоннинг гази тармоқдан узилган экан. Муаммо тез ҳал қилиниб, газ қайта уланди. Шунда аёлнинг бизга ишончи ортди ва ўзининг энг катта дардини айтди: унинг икки буйраги ҳам ишламаётган, операция қилинмаса, ҳаёти хавф остида экан.
Масала мутасаддиларга етказилиб, аёл шу куннинг ўзида тиббий муассасага ётқизилиб, эртаси куни операция қилинди. Орадан бир неча кун ўтиб, унинг ҳолидан хабар олиш учун борганимизда, кайфияти жуда яхши, давлат кўрсатган эътибордан мамнун эди.
Қўшни хонадонда яна бир бемор аёл бор эди. Унинг кўзи ожиз, турмуш ўртоғи эса яхши эшитмасди. Уларнинг ҳам муаммоси эътибордан четда қолмади: кўзи ожиз инсон учун зарур санаторий масаласи ҳал этилди, эшитишда қийналаётган кишига мослама топиб берилди.
2016-2017 йилларда Президентимиз ташаббуси билан аҳоли муаммоларини “хонадонбай” ўрганишга киришилгани натижасида минглаб, миллионлаб шундай тақдир эгаларининг елкасига офтоб тегди, муаммолари ҳал этилди. Бу каби мисоллар сўнгги ўн йилликда мамлакатимиздаги ислоҳотларнинг халқимиз ҳаётидаги ифодасини кўрсатади.
Вазирлик ва идоралар вакилларининг халқ билан мулоқоти кучайиб борди ҳамда давлат билан халқ ўртасида мустаҳкам ва узилмас кўприк барпо этилди. Энг муҳими, бу кўприк фақат мурожаатларни қабул қилиш учун эмас, одамларнинг ҳаётини ўзгартириш учун хизмат қила бошлади. Йиллар давомида ёзда тупроқ, қишда лойга ботиб ётган йўллар таъмирланди, кўчалар обод қилинди, маҳаллалар инфратузилмаси яхшиланди. “Обод маҳалла”, “Обод кўча”, “Обод хонадон” каби лойиҳалар ҳаёти- миздан тобора кенг ўрин эгаллади.
Раҳбарлар, вазирлик ва идоралар мутасаддилари хонадонларга бориб, одамларнинг муаммоларини эшитиши, маҳаллаларда уйма-уй юриб, аҳолининг дардини ўрганиши натижасида шаҳар ва қишлоқларимизда узоқ йиллар давомида йиғилиб қолган ижтимоий, маиший муаммоларга ечим топилди. Одамларнинг эртанги кунга ва давлатга ишончи мустаҳкамланди.
Давлатимиз раҳбари инсон қадрини улуғлашни ислоҳотларнинг бош мезонига айлантириб, халқимизнинг қадри ва қаддини кўтарди. Энг муҳими, бу жараёнда юртдошларимиз ўзининг қадрини чуқурроқ ҳис эта бошлади. Одамларнинг ўзига ишончи юксалди.
Жойлардаги бунёдкорлик, ободлик билан бир қаторда, инсонлар кўнгли обод этилди, оилаларнинг муаммолари ечим топди. Инсон қадри билан бирга, юртдошларимизнинг орзу-ниятлари ҳам юксалди.
Шу ўринда халқимизни узоқ йиллар қийнаб келган бир муаммони эсламасак бўлмайди. Кўпчилик яхши билади, мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида электр таъминоти билан боғлиқ жуда катта муаммолар юзага келган эди. Қишнинг қировли кунларида қишлоқлар ва ҳатто туман марказларида ҳам кунига бир соат электр ёқилган даврлар бўлди. Эски симёғочлар, эски электр тармоқлари, хонадонларга ўтказилган симлар — кечаги ҳаётнинг оддий манзаралари эди. Симёғочлар эскириб, чириб кетганидан узундан-узун симларга осилиб турарди.
Электр таъминоти етарли эмаслиги туфайли хонадонларда яшаш шароити ва турмуш тарзи ҳам шунга яраша, юртдошларимизнинг маиший техника жиҳозлари, ёшларнинг компьютер технологияларидан фойдаланиши, замонавий техника воситаларидан баҳраманд бўлиши ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмасди.
Бугун эса вазият бутунлай бошқача. Президентимиз раҳбарлигида Янги Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида электр энергияси таъминоти соҳасига ҳам жуда катта янгиланишлар кириб келди. Янги электр ишлаб чиқариш тармоқлари сони кундан-кунга кўпаймоқда. Бу борадаги янги ташаббуслар қўллаб-қувватланмоқда.
Аслини олганда, бугун мамлакатимизда аҳоли ва оилалар сони ортиб бормоқда. Янги уй-жойлар, маҳаллалар, шаҳарчалар, завод-фабрикалар, тадбиркорлик субъектлари барпо этилмоқда. Шунга яраша электр энергиясига талаб ҳам тобора ортмоқда. Эътиборлиси, соҳага йўналтирилган тизимли ислоҳотлар, электр энергиясини ишлаб чиқаришда қуёш, шамол ва сув каби қайта тикланувчи манбалардан фойдаланиш имкониятлари кенгайгани натижасида янгидан-янги ишлаб чиқариш қувватларига эга бўляпмиз. Халқимиз ҳаётига фаровонлик кириб келаётгани туфайли электр энергиясидан фойдаланиш миқдори ҳам ошмоқда.
Эсимда, болалик йилларимизда бутун бошли қишлоқда бир нечта хонадондагина телевизор бўларди. Бугун эса ҳар бир хонадонга 3,5 тадан телевизор тўғри келар экан. Қўл телефони, интернетдан фойдаланиш имкониятлари, оилалардаги маиший техника воситалари ҳақида айтмай қўя қолайлик. Кир ювиш машиналари, чангюткичлар, музлаткичлар ва ҳаётимизни енгиллатиши мумкин бўлган деярли барча техника воситаларига эгамиз.
Буни нега айтяпман? Чунки бу мисол ортида катта ижтимоий ўзгаришлар кўзга яққол ташланади. Бор-йўғи 9-10 йилда юртдошларимизнинг даромади, истеъмол имконияти, уй-жой шароити, техника ва ахборотдан фойдаланиш шароити кенгайди. Буларнинг барчаси халқимизни рози қилиш, турмушини яхшилаш йўлидаги тизимли ислоҳотлар натижаси эмасми?
Инсон қадри ҳақида гап борганида яна бир муҳим жиҳатни эслаб ўтишимиз жоиз. Одам соғлом бўлмаса, унга ҳеч нарса татимайди. Шу маънода, бугун халқимиз саломатлиги муҳофазаси йўлидаги ютуқлар ҳам давлатимиз раҳбари ташаббуси билан соҳада амалга оширилган ислоҳотлар натижасидир.
Кечаги тиббиётнинг оғриқли манзаралари ҳали ҳам кўпчиликнинг хотирасида. Илгари оғир ва мураккаб операциялар хорижда бажарилар, аҳволи оғир беморлар ҳам баъзан ойлаб навбат кутарди. Маблағи ва навбати етгунича айрим ҳамюртларимиз ҳатто яқинларидан айрилиб қоларди. Бундай воқеаларни шахсий хотиралар билан эслаш янада оғир. Ота-боболаримиз, яқинларимиз орасида тиббий ёрдам ўз вақтида кўрсатилмагани сабабли ҳаётдан кўз юмганлар қанча…
Баъзан инсон ҳаётини сақлаб қолиш учун жуда катта маблағ ҳам талаб қилинмасди. Оддий бир тиббий аппарат етишмаслиги туфайли қанчадан-қанча инсонлар ўз яқинини йўқотган. Бунинг қанчалик аламли эканини ана шундай оғир вазиятда чорасиз қолган, яқинларини йўқотганлар яхши билади.
Бугун эса энг мураккаб жарроҳлик операциялари ҳам ўзимизда, пойтахтимиз ва вилоят марказларидаги тиббиёт муассасаларида бажарилмоқда. Санаторийларда дам олаётган, соғлиғини тиклаётган юртдошларимиз сафи кундан-кунга кенгайиб бормоқда. Шунга яраша санаторийлар ва даволаниш масканлари сони ҳам кўпаймоқда. Буларнинг барчаси юртимизда инсон қадрини юксалтириш, саломатлигини асраш, халқимизни рози қилиш йўлидаги ҳаётбахш ислоҳотлар самарасидир.
Бир пайтлар умрининг мазмуни пахта билан боғлиқ бўлган, кейинчалик мустақилликнинг дастлабки йилларида ҳам “пахта етиштириш” деган оғир юмушдан боши чиқмаган одамлар саломатлигини ўйлай олармиди? Йўқ, албатта.
Кечаги Ўзбекистонни эсласак, мамлакат ҳаётининг деярли барча соҳаси пахта билан боғлиқ эди. Мутахассислигидан қатъи назар, талаба ҳам, ўқитувчи ҳам, завод ишчиси ҳам, турли муассаса ходими ҳам пахта теримига жалб этилар, энг оғири — пахта одам тақдиридан устун қўйиларди. Йўлларга тўсиқлар қўйилиб, йўловчиларни автобусдан тушириб пахта тердирилган даврларни кўрдик. Бу ўша пайтда инсон меҳнати ва қадрига муносабатни кўрсатадиган аччиқ ҳақиқатдир.
Деҳқон пахта етиштирса-да, ўз меҳнатининг ҳақиқий самарасини кўрмасди. Қўли қадоқ, пешонаси терга ботган оддий деҳқоннинг хонадонида етарли озиқ-овқат бўлмасди. Мустақилликнинг дастлабки йилларида иш ҳақи ўрнига буғдой, ёғ, гуруч каби маҳсулотлар берилганининг гувоҳи бўлганмиз. Ўша кезларда қишлоқларда яшаш ниҳоятда оғир эди.
Бир умр қишлоқ хўжалигида ишлаб келган одамларнинг қора қозони аранг қайнар, буғдой ўрими даврида комбайнлар далага кириб, буғдойни ўриб кетгач, одамлар буғдой бошоқларини териб олиш учун далага ёпирилиб кирарди. Чунки уларнинг бошқа иложи йўқ эди. Тирикчилиги оғир, дастурхонида ейишга нони бўлмаган, раҳбарларнинг эътиборидан четда қолган одам яна қандай йўл тутарди? Халқимиз ана шундай қийин ва синовли кунлардан ўтди.
Бугун бу гапларни айтсангиз, бировнинг ишонгиси келмайди. Чунки сўнгги ўн йилликда қишлоқ хўжалигига муносабат бутунлай ўзгарди. Давлатимиз раҳбари соҳага жуда катта ўзгариш олиб кирди. Кластер тизими жорий этилди. У қишлоқ хўжалигида янги иқтисодий муносабатларни шакллантирди. Ерга, меҳнатга ва етиштирилган маҳсулотга манфаат нуқтаи назаридан қараш кучайди.
Кластер тизими билан бирга, қишлоқ хўжалигига илм ва технология кириб келди. Илгари 25-30 центнер пахта ҳосили катта натижа сифатида баҳоланган бўлса, бугун бу кўрсаткич 80-85 центнерни ташкил этяпти. Юқори ҳосилдорликка эришиш учун янги навлар, замонавий агротехнологиялар, техника ва илм-фан ютуқларидан фойдаланилмоқда. Пахта даласида одамларнинг қўл меҳнати ўрнини замонавий техника эгаллади.
Бугун мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги фақат хомашё етиштириш соҳаси эмас. Пахта толаси қайта ишланиб, ипга, матога, тайёр маҳсулотга айлантирилмоқда. Қишлоқ хўжалиги ва саноат ўртасидаги занжир мустаҳкамланди. Кечаги Ўзбекистон пахта етиштириб, хомашё сотган бўлса, бугун қиймати юқори тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда ва экспорт ҳажми ортмоқда. Буларнинг барчаси қишлоқ хўжалигига замонавий билимлар, технологияларнинг жорий этилгани натижасидир.
Бу фикрлар шунчаки эътирофдек эшитилаётгандир, аммо давлатимиз раҳбари етакчилигида қишлоқ хўжалигини энг қолоқ ҳолатдан бугунги сердаромад, ривожланган даражага олиб чиқиш, ҳаёти қишлоқ хўжалиги ва томорқа билан боғлиқ миллионлаб оилаларни бу соҳада тадбиркорлик даражасига етказиш жараёнида қанча меҳнат, машаққат чекилганини биз, кекса авлод вакиллари яхши биламиз.
Инсон қадрини улуғлаш тамойили асосидаги ислоҳотлар бугун ҳар бир инсон ҳаётига, орзу-мақсадларига катта янгиланишлар олиб кирганини ўзимиз, қўни-қўшниларимиз, яқинларимиз мисолида кўриб турибмиз. Мана шу оддий инсонларнинг ҳаётидаги ўзгаришлар ва янгиланишлар Янги Ўзбекистонимизда сўнгги ўн йилдаги ислоҳотларнинг ҳақиқий мазмунини белгиламоқда.
Кечаги қишлоқ боласи бугун замонавий таълим олиш, дунёни кўриш, хорижий тил ўрганиш, замонавий касб эгаллаш ва ўз орзуларига эришиш имкониятига эга.
Бугунги тинч ва фаровон кунларни асраш, қадрига етиш, фарзандларимизга етказиш ва келажак авлодга янада обод Ўзбекистонни қолдириш — барчамизнинг муқаддас бурчимиз. Зеро, биз бугун ота-боболаримиз асрлар давомида орзу қилган кунларда яшаяпмиз. Фарзандларимизни эркин ўқитяпмиз. Дунёни кўриш, жаҳон билан ҳамкорлик қилиш, илм олиш, тадбиркорлик қилиш, ўз иқтидоримизни намоён этиш имкониятларига эгамиз.
Ҳозир оддий фуқаро ҳам нуфузли давлат идоралари раҳбарлари билан юзма-юз тура оладиган даражада қадрга эришди. Ота-оналар ва бобо-бувиларнинг қалбида эса ўғил-қизлари, набираларини катта-катта орзу-мақсадлар сари йўллай оладиган даражада ишонч уйғонди.
Албатта, ҳали олдимизда улкан вазифалар бор. Ҳали ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар, ривожлантирилиши керак бўлган соҳалар кўп. Бироқ босиб ўтилган йўлнинг ўзи бизга катта ишонч беради. Бу ишонч бизга нафақат ўз тақдиримизни ўзимиз белгилаш имконини берди, балки ўзгаришларга интилиш, дунё билан бўйлашиш, фарзандларимиз учун кечагидан яхшироқ ҳаёт қуриш масъулиятини ҳам юклайди.
Аммо бугун баъзи ёшлар ҳаётда учраб турадиган айрим қийинчиликлардан, енгил-елпи синовлардан норози бўлаётганини ҳам кўряпмиз. Шунинг учун ҳам бугун ёшлар билан учрашувларда нуронийларимиз кечаги кун қандай бўлганини, ота-боболаримиз қандай оғир синовлардан, машаққатлардан ўтганини тушунтирмоқда. Бугунги саодатли кунларнинг қадрига етиш учун, албатта, кечаги кунни унут- маслигимиз зарур.
Бугун биз, нуронийлар маҳаллалардаги “Кексалар маслаҳати”, “Бувижонлар мактаби” гуруҳлари фаоллари, “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” тамойили асосида ёш авлод тарбияси билан шуғулланаётган отахон ва онахонларимиз, вилоят ва туманларда фаолият юритаётган “Нуронийлар” жамоатчилик кенгаши аъзолари иштирокида ёшларни шукроналикка ўргатиш, уларни ватанпарварлик руҳида касб-ҳунарли, билимли ва салоҳиятли қилиб тарбиялаш йўлида кенг тарғибот-тушунтириш ишларини олиб боряпмиз. “Уч авлод учрашувлари”да Ватанимизнинг бугунги саодатли кунларигача босиб ўтилган улуғ ва машаққатли, синовли йўл ҳақида маърифий суҳбатлар ўтказяпмиз. Токи фарзандларимиз Янги Ўзбекистонимизнинг ободлиги, тинчлиги ва фаровон ҳаётини қадрласин.
Зеро, бугунги саодатли кунлар учун шукр қилиш ва бу кунларга етишимиз йўлидаги фидойиликни қадрлаш биз учун янги ютуқлар сари йўл очади.