Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 35 йиллиги тантаналари арафасида президентимиз фармонига кўра, Фарғона вилояти Қўштепа туманилик 102 ёшли Ибохон ая Қосимова ҳам Президентимиз фармонига кўра, “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
Онахонга юксак мукофотни Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров топширди.
Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига биноан, аср билан тенглашган бир гуруҳ табаррук отахон ва онахонларимизнинг “Шуҳрат” медали билан тақдирлангани мамлакатимизнинг инсонпарвар сиёсатида кексаларни асраб-авайлаш ҳамда уларга ғамхўрлик қилиш борасидаги юксак эътиборнинг ёрқин намунаси бўлди.
Аслини олганда, узоқ умр — тақдирнинг энг улуғ туҳфаси. Мазмунли, эзгулик ва меҳр-оқибат билан ўтса, саодатмандлик сурури янада ортади. Бир асрдан ортиқ яшаб, неча авлоднинг камолини кўриш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Бундай узоқ умр ортида қанча хотиралар, тақдирнинг не-не синовлари, қанча қувончли кунлар ҳамда ниҳоятда қимматли ҳаётий сабоқлар мужассам. Улуғ ва азиз шодиёна олдидан бир асрдан ортиқ умр йўлини босиб ўтган онахонларнинг ҳаёт ҳақидаги ўйлари, қалбидаги шукроналиги, авлодларга тилаги ва инсоний қадриятлар ҳақидаги самимий фикрларига қулоқ тутдик.
Шукр — қалбимдаги энг катта бойлигим
Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги “Юқори Мачай” маҳалласида истиқомат қилаётган 107 ёшли Менглихол она Жўраева учун истиқлолимизнинг 35 йиллиги қутлуғ келди. У куни кеча “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Менглихол онанинг болалиги собиқ тузумнинг илк даврига, навқирон ёшлиги эса Иккинчи жаҳон уруши ва ундан кейинги оғир йилларга тўғри келган.
— Инсон қанақа қийинчиликни бошдан кечирмасин, бардош бераркан, — дейди у. — Оилада ўн фарзанднинг учинчиси эдим. Ота-онамиз оддий меҳнаткаш одамлар, далада ишлаб бизни катта қилишди. Мактабни тугатгач, Мачай колхозига сут соғувчи бўлиб ишга кирдим. Қирқ йилга яқин шу соҳада меҳнат қилиб, рўзғор юритишда отамга елкадош бўлдим.
Менглихол она умр йўлдоши Жўраназар ота Амонтурдиев билан 48 йил аҳил ҳаёт кечирди. Оилада олти ўғил ва олти қиз дунёга келди. Колхозда ҳисобчи бўлиб ишлаган Жўраназар ота фарзандларининг ўқимишли инсонлар бўлишини орзу қилди ва бу ниятига эришди. Фарзандларнинг бари зиёли, жамиятда ўз ўрнига эга бўлиб етишди. 1994 йилда ота вафот этганида, фарзанд ва набиралар онахонга суянч бўлишди. Бироқ икки йил аввал онаизорнинг бошига оғир мусибат тушди: тўнғич фарзанди Зархол ҳамда учинчи ўғли — “Сурхон овози” газетаси бош муҳаррири, эл ҳурматидаги журналист Қурбон ака Жўраназаровдан айрилиб қолди. Фарзанд доғи бағрини куйдирган дамларда Менглихол она қолган 10 фарзанди, 80 дан зиёд набираси ва 60 дан ортиқ эвара-чевараларининг ширин сўзидан юпанч топди.
— Юз ёшдан ошиб, умримнинг ҳар бир кунига шукр айтиб яшаяпман, — дейди Менглихол она. — Бир асрдан ортиқ яшаган инсон ортига қараб, қанча яхши-ёмон кунлар ўтганини ўйлайди. Аммо қалбимдаги энг кучли туйғу — шукроналик. Мени шу ёшларга етказгани учун Яратганга беадад шукр. Биздек кексаларни иззат-ҳурмат қилиб, давлат мукофотлари билан тақдирлагани учун Юртбошимизга раҳмат. Дуодамиз доим: юртимиз тинч бўлсин!
Ҳар бир кун — янги имконият
— Юз ёшдан ошдим. Ҳар тонг уйғонганимда, “Бугун ҳам Яратган менга бир кун умр берди”, дейман. Бу Аллоҳнинг берган янги имконияти.
Бухоро вилояти Вобкент туманидаги “Ширин” маҳалласида умргузаронлик қилаётган 106 ёшли Барно момо Ражабованинг сўзи шундай бошланди. У ҳам Президентимиз Фармонига биноан, “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Онахоннинг ҳам умрини меҳнат безади. Даладаги чопиқдан тортиб, пахта теримигача бўлган юмушларда доим илғорлар сафида бўлди. Собиқ жамоа хўжалигида теримчи аёллар орасида биринчи бўлиб унинг номи тилга олинарди. Шу билан бирга, 40 йилга яқин ипак қурти парваришлаб, ҳар мавсумда режадан орттириб “кумуш тола” етиштирди.
Оилавий масъулиятни ҳам унутмади. Етти фарзанди — тўрт ўғил ва уч қизининг илмли бўлишига ҳаракат қилди. Барчаси олий маълумот олди, тадбиркор сифатида эл хизматига бел боғлади. Етти фарзанд Барно момога 26 набира, 62 эвара ва 4 чевара туҳфа этди. Барнохон момонинг фикрлари теран, мулоҳазалари мазмунли.
— Юртимиздаги ўзгаришларни кўриб, беихтиёр хурсанд бўламан, — дейди у. — Ёшлар ўқияпти, янги бинолар, шифохоналар ва мактаблар барпо этиляпти. Айниқса, фарзанд ва набираларим замонавий шароитларда билим олаётганини кўриб, кўнглим хотиржам бўлади. Айни гуллаган ёшлигимиз урушдан кейинги қийинчилик йилларига тўғри келди. Биз кўрган у кунларни ҳеч ким кўрмасин. Ёшларга айтар гапим: ота-онангизни қадрланг, бир-бирингизга меҳрли бўлинг. Инсондан фақат яхши ном ва эзгу ишлар қолади. Инсоннинг энг катта бойлиги — соғлик, хотиржамлик ва шукроналик. Ўтган умримдан розиман, бугунги кунимдан миннатдорман. Инсон қадри баланд юртда яшаш — чинакам ҳузур.
Меҳнат билан юксалган қадр
Энг улуғ айём арафасида Тошкент вилояти Бўка туманида яшовчи 105 ёшли Жангил буви Агзамова хонадонида ҳам ўзгача қувонч ҳукм сурди. Пиру бадавлат онахон кўксини давлатимиз раҳбари Фармонига биноан, “Шуҳрат” медали безади.
— Умрим давомида турли кунларни кўрдим. Қувончли дамлар ҳам, синовли йиллар ҳам бўлди. Лекин инсон сабр билан яшаса, қалбида шукр бўлса, ҳар бир куннинг қадрини англайди, — дейди Жангил буви.
Жангил Агзамова 1921 йилда туғилган. Қирқ йилга яқин Бўкадаги собиқ О. Йўлдошев номли хўжаликда меҳнат қилиб, 1971 йилда нафақага чиққан. Икки фарзанди, келини ва куёви онахонни ардоқлаб келишмоқда. Тўққиз набира, саккиз эвара ва икки чеварани дуо қилаётган онахон уларга умр йўлдоши Кенжа ота билан кечирган ибратли ҳаёт йўли ҳақида сўзлаб беради.
— Энг катта бойлигим — болаларим. Уларнинг камолини кўриш — дунёдаги ҳеч бир бойлик билан тенглаштириб бўлмайдиган бахт. Набира ва эвараларимни кўрганимда қалбим қувончга тўлади. Бир вақтлар қўлидан ушлаб юрган фарзандларим бугун мени ардоқлаб турганининг ўзи катта давлат эмасми?! — дея тўлқинланиб сўзлайди Жангил буви.
Дарҳақиқат, 100 ёшдан ошган инсонларнинг бундай эъзозланиши бир асрлик ҳаёт йўли, меҳнату сабр, авлодлар тарбиясига бўлган юксак ҳурмат ифодасидир. Зеро, уларнинг ҳар бир кунида тарих, ҳар бир хотирасида ибрат, ҳар бир дуосида эса келажак авлодга эзгу тилаклар бор.
Шаҳло ТОШБЕКОВА,
“Нуроний” мухбири.