Мазкур касаллик марказий асаб тизимининг сурункали касаллиги бўлиб, у мия фаолиятидаги электр импулсларининг бузилиши натижасида юзага келади. Касаллик талвасаланувчи (тутқаноқ) хуружлари билан кечади, улар тўсатдан бошланади ва кўпинча кутилмаган ҳолатларга олиб келиши мумкин.

Эпилепсия ҳар қандай ёшда, жинси ва миллатидан қатъий назар, ҳар бир инсонга таъсир қилиши мумкин. Дунёда тахминан 50 миллионга яқин одам ушбу касалликдан азият чекади.

Бу синдром баъзида назорат остида сақланади, аммо айрим ҳолатларда ҳаёт учун хавфли оқибатларга сабаб бўлиши мумкин. неврологик касалликдир. Хасталик тўсатдан бошланувчи ва такрорланувчи тутқаноқ хуружлари билан тавсифланади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунё бўйича 50 миллиондан ортиқ инсон ушбу касалликдан азият чекади. Эпилепсия ёш, жинс ва ижтимоий мақомга боғлиқ бўлмаган ҳолда ҳар қандай шахсда ривожланиши мумкин.

Тўғри ва ўз вақтида танланган медикаментоз терапия ёрдамида хуружларни назорат қилиш имконияти мавжуд, бироқ тегишли тиббий назоратнинг йўқлиги ҳаёт учун хавфли оқибатларга олиб келади.

Касалликнинг этиологияси турли омилларга боғлиқ бўлиб, улар сирасига генетик мойиллик, бош мия жароҳатлари, перинатал гипоксия, нейроинфекциялар (менингит, энцефалит), бош мияда қон айланишининг ўткир бузилишлари (инсульт) ҳамда ўсма жараёнлари киради.

Ҳолатларнинг тахминан 50 фоизида анамнез ва диагностик текширувлар орқали аниқ сабабни аниқлаш имкони бўлмайди, бундай ҳолларда криптоген ёки идиопатик эпилепсия ташхиси қўйилади.

Патологик жараённинг локализацияси ва қамровига кўра хуружларнинг бир неча асосий клиник шакллари фарқланади. Фокал (қисман) хуружларда электр разряди бош миянинг муайян бир соҳасида чекланади.

Беморда хуш сақлангани ҳолда тананинг маълум қисмларида мушак қисқаришлари ва парестезиялар кузатилади. Генерализациялашган хуружларда жараёнга бош миянинг иккала ярим шари бир вақтнинг ўзида жалб қилинади.

Бемор хушини йўқотади, тоник-клоник судорогалар, оғиздан кўпикли ажратма келиши ва беихтиёр дефекация ёки микция кузатилиши мумкин. Абсанс шакли асосан педиатрик амалиётда учраб, қисқа муддатли (бир неча сониялик) хушнинг вақтинчалик узилиши ва атроф-муҳитга муносабатнинг йўқолиши билан кечади.

Эпилепсия синдроми назорат қилинмаган ҳолларда бир қатор оғир асоратларни келтириб чиқариши мумкин. Эпилептик статус (Status Epilepticus) — 5 дақиқадан ортиқ давом этадиган ёки бемор хушига келмасдан кетма-кет такрорланадиган хуружлар бўлиб, у шошилинч реанимацион ёрдамни талаб этади ва бош мия гипоксияси ҳамда тўқималар ўлимига сабаб бўлади.

Эпилепсияда тўсатдан ўлим синдроми (SUDEP) кам учрайдиган, аммо назоратсиз хуружлар фонида юрак ритми ва нафас маркази фаолиятининг тўхташи билан кечадиган хавфли ҳолатдир. Бундан ташқари, хуруж вақтида йиқилиш ва травматик жароҳатлар олиш, шунингдек, беморларда депрессив ҳолатлар ва ижтимоий дезадаптация ривожланиши хавфи юқори бўлади.

Профилактика ва беморлар ҳаёт сифатини ошириш тадбирлари антиконвульсант воситаларни шифокор-невролог тавсиясига кўра мунтазам ва белгиланган тартибда қабул қилишни назарда тутади.

Шунга қарамай, уйқу ва дам олиш режимига риоя қилиш, стресс омиллари, кучли визуал ва акустик қўзғатувчилардан сақланиш ҳамда мунтазам диспансер назоратида бўлиш муҳим аҳамиятга эга. Беморнинг яқинлари ва атрофдаги шахслар хуруж пайтида биринчи ёрдам кўрсатиш қоидаларидан хабардор бўлишлари зарур.

Заҳро АМОНОВА,
Самарқанд давлат тиббиёт университети доценти.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan