Шўрчилик Абдуҳамидовлар оиласида 40 туп писта етиштирилмоқда

Қурғоқчил шароитда ҳам яхши ўсиб-ривожланадиган, иқтисодий жиҳатдан юқори даромад келтирувчи ва экологик аҳамиятга эга мевали дарахт — хандонписта республикамизнинг деярли барча тоғ ва тоғолди ҳудудларида учрайди. Айни пайтда Сурхондарё вилоятининг турли туманларида ҳам ўсимлик майдонларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, Шўрчи туманининг “Қоқайди” маҳалласида яшовчи Алёр Абдуҳамидов ва Ойсара Воҳидова мана, 8 йилдирки, ўз томорқасининг 6 сотих майдонида Эрон пистасининг машҳур “Аҳмадий” навини парваришлаб келмоқда. Олти йиллик меҳнат ва сабр-тоқатдан сўнг томорқадаги 40 туп писта дарахти ҳосилга кирди.

— Писта экиш ҳақида ўйлаганимизда кўпчилик бу ишнинг натижасини узоқ кутишга тўғри келишини айтганди, — дейди Ойсара Воҳидова. — Лекин биз таваккал қилдик ва сабр билан ҳар бир кўчатни алоҳида парваришладик. Дастлабки йилда ҳар бир дарахтдан ўртача 4-5 килограммдан, жами 120 килограммга яқин ҳосил олдик. Эндиги мақсадимиз — ҳосилдорликни янада ошириш ва писта кўчатчилигини ривожлантириш. Маҳалламиздаги ёшларни ҳам ушбу меҳнатга жалб этиб, даромад олишларига кўмаклашмоқчимиз. Шу боис, селекция ишларини олиб бориб, иқлимга мослашган минг тупдан ортиқ писта кўчатларини тайёрлаяпмиз.

Оиланинг бу муваффақияти ва изланишлари ҳақида журналист Нигина Шоева шундай дейди:

— Ойсара Воҳидова хонадонини узоқ йиллардан буён танийман. Уларнинг матонати ва тадбиркорликка хос ёндашуви ҳамқишлоқлари орасида ҳақли равишда ҳурмат қозонган. Писта парвариши осон кечмайди — у мунтазам суғориш, касалликлардан ҳимоя қилиш ва тупроққа алоҳида ишлов беришни талаб этади. Бугунги кунда Ойсара опанинг яшнаб турган томорқаси ва илк ҳосил — оиланинг машаққатли меҳнати ҳамда келажакка бўлган ишончининг муносиб мукофотидир. Бу хонадон тажрибаси томорқадан самарали фойдаланиш ва қишлоқ жойларда барқарор даромад манбаини яратишнинг ёрқин намунаси бўла олади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, кейинги йилларда аҳоли томорқалари ва деҳқон хўжаликларида писта етиштиришга қизиқиш жадал ортиб бормоқда. Бу бежиз эмас. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги бўйича ташкилоти (ФАО) маълумотларига кўра, жаҳон бозорида хандон писта меваси ёнғоқ ва бодомдан 3-4 баравар қиммат баҳоланади.

Масалан, Италияда хандон пистанинг 1 тоннаси 13371 доллар, Францияда 10263 доллар, Туркияда эса 10156 АҚШ доллари атрофида сотилади. Ушбу давлатларда етиштирилган маҳсулот бошқа мамлакатларникига қараганда 2-3 баравар баланд баҳоланиши ҳам соҳанинг жуда катта экспорт салоҳиятига эга эканини кўрсатади.

 

Полиздаги мўъжиза: мўлжал — 40 килограммлик ошқовоқ…

Дунёнинг барча қитъасида бирдай севиб истеъмол қилинадиган қовоқнинг фойдалари ва шифобахш хусусиятлари ҳақида қадимда Плиний ва Абу Али ибн Сино рисолаларида батафсил ёзилган. Хитойнинг қадимги қўлёзмаларида қовоқ “ўсимликлар маликаси” деб улуғланган.

Қадимшуносларнинг Перу, Мексика, Шимолий Африка ва бошқа жойларда олиб борган қазилмалар асосидаги хулосаларига кўра, инсониятнинг қовоқдан озиқ-овқат маҳсулоти сифатида фойдаланиб келаётганига уч (баъзи манбаларда беш) минг йилдан ошган. Ҳосили, банди, ҳатто ўз-ўзидан қуриб тушиб кетадиган гули ҳам шифобахш хусусиятга эга бўлган қовоқнинг юзга яқин нави бор.

Қовоқнинг ана шундай мўъжизавий маҳсулот эканлигини яхши англаган миришкор деҳқон — Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида истиқомат қилувчи Холбой ота Қурбонов ўз томорқасида парваришлаган ошқовоқлари билан кўпчиликни ҳайратга солмоқда. 2022 йилда отахон 35 кг.лик ошқовоқ етиштириб, кўпчиликни ҳайрон қолдирганди. Энди эса…

Ҳозирча деҳқон бобо етиштираётган ошқовоқлар тахминан 32 килограммни ташкил қилади. Куз фаслида пишиб етиладиган ошқовоқ эса 40 килограммга етса ажаб эмас…

Ҳа, барчамиз севиб томоша қиладиган “Абдуллажон” фильмидаги улкан қовун-тарвузлар акс этган машҳур саҳналар ҳали-ҳамон ёдимизда. Ўша лавҳаларни кўрар эканмиз, “Бу ҳаёт эмас, кино-ку”, — деб ўзимизни овутгандик ўшанда…

Аммо ҳаётнинг ўзи ҳам баъзан кинодан-да ажойиб мўъжизаларни ярата олиши шубҳасиздир.

Миришкор деҳқон бувага эса “Хирмонга барака!” деб қоламиз.

Дилшода АЛИМОВА,

“Нуроний” жамғармаси Шўрчи тумани бўлими мутахассиси. 

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan