Оилалардаги жанжалли Ҳолатлар, ажримларнинг асл сабабларини ўрганиш жараёнида, замон, давр ўзгариши баробарида, яшаш тарзимиз, шу билан бирга, қарашлар ҳам ўзгарганлигини сезиш мумкин…
Бундан 20 ёки 30 йил олдинги “тераклар” қирқилиб кетганлиги, кечаги кунлар бугунги кунларга асло тўғри келмаслиги, биз, кексалар, тўғрироғи, қайнота-ю қайноналар мавжуд вазиятни тўғри тушунишимиз лозимлиги, ёшларга фақат шароит эмас, имкониятлар ҳам яратиб беришимиз зарурлиги — оила тинчлиги ҳамда фаровонлигининг муҳим омили эканлиги ҳеч кимга сир бўлмай қолди…
Ёшлар, ёш оилалар билан суҳбатлашганимда, шунга амин бўлдимки, кўпдан-кўп оилалардаги жанжалларда оналар билвосита ёки бевосита сабабчи бўлиб қолишяпти. “Қанақасига, қайси она боласининг уйини, тинчини бузиши мумкин?!” деган ҳақли савол туғилади. Жавоб эса оддий: биз, оналар ўғил ёки қизимизни биринчи галда оилага тайёрлашимиз, бирор касб ёки ҳунар эгаси қилишимиз, фарзандимизни мустақил фикрлаш даражасида тарбиялашимиз зарур.
Шу билан бирга, замонга қараб, фикримизни ўзгартиришимиз ғоят зарур. “Бизнинг давримизда…”, “Бизнинг келинлигимизда…”, “Мен ёшлигимда…”, “Биз ҳам келин эдик, биз ҳам болалик бўлган эдик”, — деган ибора-ю қарашларни мутлақо луғатимиздан чиқариб ташлашга тўғри келади.
Оила фақат сабру чидам маскани эмас, осойишталик, хотиржамлик барқ уриб турган ҳаловат ошёни бўлиши керак. Ёш ниҳолдек келин у ерда яйраб-яшнасин. Егани ўзига юқсин.
Тўғри, турмушда сабр қилиш керак, аммо турли жабр ва зулм, ноҳақликларга чидаб яшаш шарт дегани эмас-да, ахир.
Роҳат билан тоқатнинг фарқи бўлганидек, сабр билан чидамнинг ҳам осмон билан ерча фарқи бор.
Ҳозир нима иш бор, кирни машина ювса, уйни машина тозаласа, деймиз. Лекин 4 та меҳмон келса, 40 та идиш чиқишини ҳисобга олмаймиз. Илгари ака-ука, опа-сингил битта косадан овқат ичарди. Шахсан ўзимиз худди шундай катта бўлганмиз. Ҳозир ҳатто бир яшар болага ҳам учта идиш тутилади. Илгарилари бир маҳал қозон осиларди. Ҳозир эса 3 маҳал овқат қилинади. Шунга яраша ташвиш, идиш-товоқ дегандай. Авваллари ҳамма бола битта кўрпада ётарди. Ҳозир эса одамдан ҳам тўшак кўп, ундан ҳам йиғиштирилиши лозим бўлган хоналар кўп. Илгари ҳовлига сув сепиб супуриларди, ҳозир эса ҳовлилар ювилади. Илгарилари турли салат ва пишириқлар тайёрланмас, ҳар сафар овқатланаётганда устма-уст ноз-неъматлар дастурхонга тортилмасди. Ҳозир-чи, салат ва пишриқларни тайёрлашнинг ўзига бир дунё вақт сарфлаймиз ва уларни тўқ қоринга ейиш учун дастурхонга тортамиз.
Илгарилари қайноналар уйда ўтирарди, келинларга энг яқин ёрдамчи, кўмакчи эди. Узр-ку, ҳозирги қайноналар чойхона, гап-гаштакдан бўшашмайди. Авваллари қайноналар оилада “адвокат” эди. Ҳар бир ишда келинларининг ёнини олиб туришарди. Ҳозир эса айрим оилаларда улар фақат “қораловчи”.
Илгари болалар отадан ҳамма нарсада маслаҳат, изн сўрарди, ундан ўтиб ўзбошимчалик билан бир ишни қилишга андиша қиларди. Чунки оталар бир сўзли, “зарда”ли кишилар эди. Ҳозир эса ундай эмас. Янада таассуфли жойи шуки, кўпчилик йигитларда масъулиятнинг йўқлиги, оила бошқарувида “онасининг этагидан тутиб олгани”, ҳатто уялмай онаси ва хотини ўртасида гап ташувчига айланиб қолаётганлиги инсон таъбини хира қилади.
Бу фикрларим билан ёшлар беайб демоқчи ҳам эмасман. Аммо ёшлар бамисоли янги ниҳол, нозик бир новда. Уларни қарсиллатиб синдириш эмас, авайлаб эгиш зарур.
“Замон сенга боқмаса, сен замонга боқ”, деган донишлар. Биз, оналар, аёллар бугунги энг гўзал даврда, фаровон замонда яшар эканмиз, тараққиётдан орқадан қолмай, ўзимизни ислоҳ қилишимиз, қадимги оналаримиз каби кенг феълимиз, фаҳму фаросатимиз, билимимиз ва тажрибамизни ишга солиб, замонавийлашишимиз керак. Зеро, фарзанду набираларимиз бахту камоли, уларнинг хотиржам ва тотув оилада униб-ўсишлари биз, катталарга боғлиқ.
Нодира Бўстонова,
Зарбдор тумани
“Тошкесган” МФЙ
фаол нуронийси.