Бухорои шарифнинг Вобкент тумани Найман қишлоғидаги “Чангарон” маҳалласида бир-бирига суяниб, қўша қариётган таниқли оила бор. Маҳаллада Рустам Ражабовни фидойИ фельдшер, Қурсия онани эса эл севган муаллима сифатида яхши билишади.

Ҳар иккиси ҳам ўттиз йилдан ортиқ ҳалол меҳнат қилиб, нафақага чиққан — бири ёшларга билим берган, бири эл соғлиғини тиклашда жонбозлик кўрсатган. Аммо бугун бу хонадон соҳибларини нафақат Бухоро вилояти, балки Америка, Франция, Италия, Малайзия, Дания, Польша, Япония ва Хитойда ҳам ҳурмат қиладиганлар бор.

Ажабланманг, бу муболаға эмас. 52 йилдан буён бир ёстиққа бош қўйиб, икки қиз ва икки ўғилни вояга етказган, эл қаторига қўшган Рустам ота ва Қурсия она кейинги ўн йил ичида ҳақиқий халқаро оила вакилларига айланишди. Ҳаммаси бундан ўн йил аввал, тўнғич ўғил Достонбек Ражабов олий даргоҳни тамомлаб, Бухородаги “Пальмира” меҳмонхонасида мененжер бўлиб иш бошлаганидан кейин ўзгариб кетди. Кўп ўтмай, унинг укаси Беҳзодбек ҳам чет тиллар институтини битириб, инглиз, француз, тожик ва рус тиллари таржимони сифатида акасига елкадош бўлди.

Кейинчалик Достонбек ҳам Америка ва Туркиядаги малака ошириш сафарлари давомида инглиз ва турк тилларини пухта эгаллади. Шу тариқа, ака-уканинг туризм соҳасидаги ташаббусларига йўл очилди. Бухорога келган сайёҳлар, табиийки, Вобкентнинг қадимий обидаларини кўришга ҳам иштиёқманд бўлишади. Аммо ака-ука Ражабовлар фақат тарихий обидалар билан чекланиб қолмай, хорижликларга ўзбекнинг миллий таомлари, хонадон маданияти, кийиниш ва урф-одатлари — асл ўзбекона қадриятларни борича кўрсатишни мақсад қилишди. Зеро, ҳар бир чет эллик сайёҳ мамлакат ҳақида қуруқ фактлар эмас, балки ўша халқнинг турмуш тарзи, оилавий муҳит, ўзбек оналари ва келинларининг ибоси-ю меҳмондўстлиги билан яқиндан танишгиси келади.

Шуларни ўйлаган Достонбек ва Беҳзодбек ота-онаси билан маслаҳатлашиб, хорижлик меҳмонларни ўз уйларида қабул қилишга аҳд қилишди. Бунга асослар етарли эди: хонадон бекаси Қурсия она меҳмон келса қувонадиган, тандирдан ловуллаб турган патирларни узиб, палов дамлайдиган асл пазанда. Бу фазилатлар оилага келган келинларга ҳам сингган. Ҳовлидаги ўзбекона файз ва тартиб хонадон соҳибларининг меҳнатсеварлигидан дарак бериб турарди.

Ният холис экан, иш тез юришиб кетди. Вобкентга келган хорижлик меҳмонлар Ражабовлар хонадонига кетма-кет ташриф буюра бошлашди. Йиллар ўтиб, тажриба ортгач, уйнинг каттагина бир хонаси музейга айлантирилди. Бу мўъжаз музейдан ўзбек халқининг қадимий осориатиқалари, деҳқончилик ва ипак қурти боқиш маданиятига оид ноёб экспонатлар жой олди. Томорқадаги мўъжазгина иссиқхона эса алоҳида бир дунё. Бу ерда яшнаб турган лимон, мандарин, банан ва хурмо дарахтлари ўзбек тупроғининг нечоғли баракали эканини кўрсатиб туради. Ҳовлидаги 20 туп анор, 15 туп узум ва бошқа сархил мева дарахтлари меҳмонларни ҳайратга солмай қўймайди.

Ўзбек хонадони меҳмонни ҳеч қачон чойсиз кузатмаган. Катта айвондаги тўкин дастурхонга тизилган майиз, писта ва миллий ҳолвалар атрофида жонли суҳбатлар бошланади. Бу ерда Рустам ота ва Қурсия она — асосий мезбон, Беҳзодбек эса таржимон. Энг қизиғи, сайёҳлар шу ҳовлининг ораста келини Гулзодахоннинг тандирдан нон узиши, сомса ва манти тугиши, ош дамлашини шунчаки томоша қилишмайди; ўзлари ҳам енг шимариб, жараёнга қўшилиб кетишади. Саватда нон кўтариб, манти тугиб кўриш хорижликлар учун саёҳат қувончига айланади.

Қайнона-келиннинг нон ёпаётган, ош дамлаётган жонли суратлари Германиядаги йирик кўргазмалардан жой олгани ҳам бежиз эмас. Туркия давлат телевидениеси эса Қурсия она ва унинг келинлари ҳақида алоҳида кўрсатув тайёрлаб, намойиш этди. Бу — миллий урф-одатларимизнинг дунё миқёсидаги эътирофидир. Қурсия онанинг донишмандлиги, оқилалиги ва фарзанд тарбиясидаги зукколиги ҳар бир хорижлик меҳмоннинг ҳавасини келтиради. Онахоннинг сайёҳлар келишига ўзбекона камзулига “Мўътабар аёл” ва “Ибратли оила бекаси” кўкрак нишонларини тақиб чиқиши юртимизда инсон қадри, меҳнат аҳли қандай эъзозланишини кўрсатувчи рамзий ишорадир. Келинлари Наргизахон ва Гулзодахон, қизлари Ферузахон ва Мадинахонларнинг чаққонлиги, одоби ва меҳмондўстлиги оиладаги “устоз — шогирд”лик анъанаси ҳамда ўзбек хонадонининг муқаддаслигидан дарак беради.

“Нуроний” жамғармаси Вобкент тумани бўлими фаоллари Ражабовлар оиласини ҳақли равишда туманнинг фахри, элга ибрат хонадон сифатида эътироф этишади. “Маҳалла” телеканалининг туман нуронийларига бағишланган кўрсатуви айнан шу файзли ҳовлидан суратга олингани ҳам бежиз эмас.

— Доимий келди-кетдилар чарчатиб қўймайдими? — сўрайман хонадон соҳибларидан.

— Чарчоқ нимаси? Турсуной Содиқованинг бир шеърида: “Уч кун меҳмон келмаса, ўзбегимга уятдир” деган сатр бор. Бу бизнинг қон-қонимизга сингиб кетган, — дейди Қурсия она самимийлик билан. — Мен бу фазилатни раҳматли қайнонамдан ўрганганман, қизларим ва келинларимга ҳам шуни юқтирганман. Саришта ҳовлимиз, баракали боғимиз ва иссиқхонамиз келган меҳмонни ҳайратлантирса, улар бизнинг ош-мантимиздан еб, хурсанд бўлишса, биз улардан беш баробар кўпроқ яйраймиз. Уйимизга барака ёғилаётганини сезамиз.

Зотан, юртимизда мана шундай файзли, ибратли ва дунёга ўзбекнинг асл қиёфасини кўрсатиб турган табаррук хонадонлар бор экан, юртимизнинг баракаси, ўзбек хонадонининг жозибаси асло йўқолмайди.

Замира РЎЗИЕВА,

“Нуроний” мухбири.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan