Айримлар уйқусизликдан, яъни кечқурун уйқуга кетиш жараёнининг қийинлигидан, тунда тез-тез уйғониб кетиши ҳамда кейин ухлай олмаслигидан шикоят қилади. Уйқусизлик — тиббиётда инсомния деб аталади ва инсон организмида доимий чарчоқни келтириб чиқариш билан бир қаторда, кундузги ишлаш қобилиятининг пасайиши ва когнитив функцияларнинг сусайишига олиб келади.
Касалликнинг ривожланишига, асосан, психоэмоционал зўриқишлар, ижтимоий ва молиявий омиллар таъсирида юзага келадиган сурункали стресс, депрессив ҳолатлар ҳамда соматик касалликлардан бронхиал астма, юрак етишмовчилиги каби хасталиклар сабаб бўлади. Шунингдек, айрим тоифадаги дори воситаларини шифокор назоратисиз нотўғри дозаларда қабул қилиш, кофеин, никотин ва спиртли ичимликларни кўп истеъмол қилиш ҳам инсомнияга замин яратади.
Замонавий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ухлашдан олдин рақамли қурилмалардан фойдаланиш ва уларнинг экранидан тараладиган кўк нур таъсири организмда табиий уйқу гормонлари ишлаб чиқарилишини блоклаб, циркад маромларнинг бузилишига сабаб бўлмоқда. Тиббиёт амалиётида уйқусизлик даври ва сабабларига кўра, бир нечта турларга таснифланади. Бир неча кундан бир неча ҳафтагача давом этадиган уйқусизлик ўткир инсомния деб аталса, уч ой ва ундан ортиқ муддат давом этадиган шакли сурункали инсомния сифатида баҳоланади.
Уйқусизликни даволаш ва унинг олдини олишда, биринчи навбатда, уйқу гигиенаси қоидаларига қатъий риоя этиш талаб қилинади. Бунда беморлардан ҳар куни бир хил вақтда ухлаш ва уйғониш режимини шакллантириш, кечки пайт таркибида кофеин бўлган маҳсулотлар ва оғир таомларни истеъмол қилмаслик, ётоқхонада сокин ва қоронғи муҳитни таъминлаш талаб этилади. Шу билан бирга, каравотдан фақат уйқу мақсадида фойдаланиш ҳамда ухлашдан камида бир соат олдин рақамли воситаларни чеклаш лозим.
Клиник даволаш жараёнида халқаро стандартларга мувофиқ, уйқунинг когнитив-хулқ-атвор терапияси энг самарали усул ҳисобланиб, у беморда уйқу олдидан юзага келадиган салбий хаёлларни бартараф этишга хизмат қилади. Медикаментоз даволашда эса мелатонин ва седатив препаратлар фақат ва фақат мутахассис шифокор назорати остида тайинланиши шарт. Уйқусизлик касаллигига ўз вақтида эътибор қаратмаслик ва уни даволамаслик инсон организмида оғир тиббий асоратларни келтириб чиқаради.
Сурункали уйқусизлик оқибатида иммун тизими заифлашиб, организмнинг юқумли касалликларга қарши курашувчанлиги пасаяди, руҳиятда депрессия хавфи ортади ва қон босимининг кўтарилиши натижасида юрак-қон томир тизими патологиялари ривожланади.
Таъкидлаш керакки, уйқусизлик тизимли даволаниши шарт бўлган клиник ҳолат бўлиб, касаллик сурункали тус олганда организмдаги салбий ўзгаришларнинг олдини олиш мақсадида зудлик билан невропатолог шифокор кўригидан ўтиш муҳимдир.
Заҳро АМОНОВА,
Самарқанд давлат тиббиёт университети
неврология кафедраси доценти.