— дейди Қувасойлик Ғанижон ота асаларичилик фаолияти хусусида
Асал қадим-қадимдан шифобахш маҳсулот саналиб, халқ табобатида кенг қўлланилган. Асалари аҳолининг асалга бўлган эҳтиёжинигина таъминлаб қолмайди, балки боғдорчиликда гулларни чанглатиш, ўсимликларнинг кўпайиши, табиат ва яшилликни асрашда ҳам катта аҳамиятга эга. Шунингдек, унинг муми, сути ҳам самарали даво ҳисобланади. Шу сабабдан уни етти хазинанинг бири, “рўзғор шифокори” деб аташади.
Қувасойлик 71 ёшли Ғанижон ота мазкур соҳанинг нафақат ҳудудда, қолаверса, республикада оммалашишига ҳисса қўшиб келаётган тадбиркорлардан биридир. У ҳозирда 400 қутида кўпайтираётган асалариларидан тоза тоғ асали олмоқда.
Ғанижон ота Йўлдошев 1955 йилда Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳрида туғилган. Дастлаб хўжаликда ҳайдовчи бўлиб ишлаган, бироқ асаларичиликка қизиқиш уйғонгач, 1979 йили махсус курсда ўқиб, мазкур соҳани шунчаки йўлга қўйишгина эмас, балки уни жадал ривожлантиришга киришган. Ғанижон ота қарийб ярим асрдан бери шу соҳада меҳнат қилмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ, бугунга келиб, мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келиб, отахондан асаларичилик сирларини ўрганаётган шогирдлари жуда кўп. Уларнинг аксарияти уста тадбиркорларга айланишган.
Отахон ҳатто мактаб ўқувчиларида ҳам асал етиштириш хусусида дастлабки билим ва кўникмаларнинг шаклланишига ҳисса қўшмоқда. Қувасой шаҳрида асаларичилик-наслчилик фермер хўжалигини ташкил этиб, ҳалигача асал етиштириш, асалариларни кўпайтириш, генини алмаштириш каби қатор ишлар билан шуғулланмоқда.
— Асалариларга ўзим қарасам, кўнглим хотиржам бўлади, — дейди Ғанижон ота. — Иқлим ўзгариши ортидан ҳозирда ҳосилдорлик бироз пасайган, шунга қарамай, Жиззахнинг Зомин, Бахмал туманларида, Тошкентнинг Бўстонлиқ туманида иқлим шароити анча қулай. Асалариларни ўша ерга олиб бориб, ривожлантирамиз. Битта асалари оиласидан 10 килограммгача асал олиш мумкин. Ҳозирги кунда туманимиздаги “Пакана” маҳалласида асаларичилик драйвер соҳага айланиб улгурди.
Ғанижон отанинг хонадони қишлоқ хўжалигининг ушбу йўналишида узоқ йиллардан бери оилавий шуғулланади. Аёли Дилоромхон ая Ғанижон отага доимо ҳамроҳ. Асалари оиласини қишда совуқдан, ёзда иссиқдан ҳимоя қилиш, ари сутини йиғиш ишларида онахоннинг ўрни билинади.
Ғанижон ота 5 нафар фарзанди ва 6 нафар набирасида ҳам шу соҳага меҳр уйғотган. Ҳатто жажжи неваралар ҳам бобосининг юмушларига қизиқиб, асалари қутилари атрофида юради, катталарнинг ишларини кузатади. Бугунга келиб, Ғанижон отанинг асаларичиликда орттирган тажрибаси кўплаб ёшларни, тадбиркорларни илҳомлантирмоқда. Унинг ўзи бу йўналишни юқори баҳолаб, асаларичилик мамлакатда озиқ-овқат бозорига маҳсулот киритиш билангина эмас, балки фармацевтикани ривожлантириш жиҳатидан ҳам анчайин самарали эканини таъкидлайди.
Ҳамюртларимизнинг турли йўналишларда фаолият юритиб, маҳаллаларнинг янги, замонавий қиёфасини шакллантираётгани янгиланиш ва ислоҳотларнинг амалий натижадорлигига хизмат қилмоқда. Айниқса, тадбиркорликнинг жамиятдаги энг кичик, бироқ энг муҳим бўғини ҳисобланган оилалардан бошланаётгани мамлакат саноати ва иқтисодиётига сезиларли таъсир кўрсатиши айни ҳақиқатдир.
Сўғдиёна Собирова,
“Нуроний” мухбири.