Отахон касби тарихчи бўлгани учунгина эмас, китобни яхши кўргани, давр воқеаларига муносабат билдиришга  қизиққани учун ҳам шундай ҳурматга сазовор бўлган. Отанинг Азимжон Худойқулов ва Алишер Тошқуловлар билан ҳаммуаллифликда нашр қилинган  “Ёзёвон” номли китоби ёки “Марказий Фарғона” газетасида чоп этилган Соҳибқирон Амир Темур ҳақидаги мақолалари фикримизнинг ёрқин исботи десак, хато бўлмайди.

Аҳмаджон отанинг 300 тупдан кўпроқ кўчатдан иборат лимонарийси борлиги эса алоҳида мавзу. 57 йиллик  рўзғор ҳамдарди Мастура она билан кечган ҳаёти ҳам гўзал воқеларга бой яна бир мавзу бўла олади.

— Ёзёвонимизда  эндигина уруш тугаб, эл қахатчиликдан чиқиш йўлини излаб турган пайтда маҳалламиздаги Сора келинойининг қайнота-қайнонаси ва турмуш ўртоғи ҳам  совуқ юртларга қатағон давр сиёсати туфайли  сургун қилиниб, ёлғиз қолади, — дея ҳикоя қиладилар отахон. — Ундан кўпинча онам хабар олиб турарди. Мен ҳам  беш ёшли болакай онамга эргашиб кирардим. Яхши эслайман,  Сора  опа мени яхши кўриб  эркалатар, ҳалигача фарзанди йўқлигидан ўксинибми, “Насиб бўлса, сени куёв қилсам эди” деб кўп айтарди. Кейинроқ  у Ёзёвондан анча олис  Марғилон шаҳрига турмушга чиқибди. Шу бўйи уни кўрмай  кетдик, аммо у Марғилонда бир ўғил, бир  қизли бўлгани, бахтини топгани ҳақида эшитгандик… Тақдирни қарангки, унинг “Сани куёв  қилсам эди” деган орзусини эслаган  онам, мен Фарғона педагогика институтини тугатиб, тарих муаллими бўлиб  қайтган йилим Марғилонга бориб, Сора онани топади ва “Орзунгизга етинг, деб совчиликка келдим”, дейди. Хуллас, орадан йигирма йил ўтиб, маҳалладошлик ришталари  боғланиб, мен сулув Мастурахонимга уйланганман…

Қўша қариш саодатига етиш учун оилада эркак масъулияти устуворлик касб этса-да, кўп жиҳатдан барқарорлик аёлнинг оқилалигига, сабри- бардошига, фидойилигига боғлиқ бўлади. Бу хусусда Мастура она билан ҳам гаплашдик:

— Тўғри айтасиз, — дейдилар ая. — Сўзингизга қўшимча равишда айтиш мумкинки, оилада миллий қадриятлар, бир-бировга иззат-ҳурмат шаклланса, хонадон эгалари, албатта, қўша қариш саодатига  эришадилар.

24 ёшли, олий маълумотли муаллим йигит билан 17 ёшимда ҳаётимни боғладим. Оила, уй-рўзғор юмушлари… Бу   борада билимим ҳам,  уқувим ҳам йўқ эди ўшанда. Ҳаммасини раҳматли қайнонам — Тожихон онамдан ўрганганман. Супра ёйиш, ун солиш, хамир қориш, овқат қилиш… Барча-барчасини ўргатдилар. Ошхонаси саришта бўлмаган аёлнинг овқатига маза кирмаслиги, уйи ораста бўлмаган аёлнинг  эрига барака келмаслигини ҳам қайнонажонимдан  ўрганганман. Бу қоидаларга ҳозиргача амал қиламан.  Икки келинимга ҳам,  қизларимга ҳам буни ўргатиб бораман.

— Турмуш ўртоғингизнинг алоҳида фазилатларини айта оласизми? — сўраймиз суҳбатдан завқ олиб.

— Кўп китоб ўқийдилар. Лоқайдликни ёқтирмайдилар. Қолаверса, бирор ишга  киришсалар, якунига етказмагунча қўймайдилар. Аниқ эсимда, 1977 йил эди. Бетоб бўлиб қолдилар.  Вужудида ваҳимами, тушкунликми, рўй берди. Қон босимлари кўтарила бошлади. Шунда шифокорлар лимон еб юриш, нимадир иш билан чалғишини маслаҳат беришди. Шу гапга биноан, томорқамизга дастлаб ўн туп лимон экиб, иссиқхона қурдилар. Қизиқиб кетиб, бетобликни ҳам, қон босимини ҳам унутдилар. Шундан буён муаллимликка қўшимча лимончи ҳам бўлиб олдилар. Икки ўғлимиз, бир қизимиз ҳам бу ишга астойдил киришиб кетишган. Шу кунда салкам 30 сотихли жойда 300 туп дарахтни ўзида жамлаган лимонарийимиз бор.  Кейинроқ лимон шарбати ҳам чиқара бошладик. Ахир, бир йилда 15 тонна лимон олиш ҳазилакам  ишми?! Ўзим ҳам иссиқхонага кирсам, яйраб кетаман. Ҳам ҳузур, ҳам даромад дейману болаларимнинг дадасига раҳмат айтгим келаверади.

— Сизни Мастура онамиз кўп китоб ўқийди, дедилар. Шундайми? — сўраймиз атайин Аҳмад отадан.

— Сизга айтсам, муаллим одамнинг кам китоб ўқишини кечириб бўлмайди. Қолаверса, биз, нуронийларга кўрсатилаётган ишонч ва ҳурматга жавобан учрашувларда панд-насиҳатимиз, билимимиз билан қатнашсак, дейман. Ахир, сени ҳурматлаб, катта йиғинда сўз беришсаю дунёқарашинг тўпиғингдан ошмаса, хунук-да… “Нуроний ” жамғармаси туман бўлими раиси  Обиджон Исақов жуда яхши одам. Тумандаги 33 та маҳалладан  биттадан фаол нуронийни кенгаш аъзоси қилиб олган. Йиғилишга кеч қолманглар, деб бир байрамда ҳаммамизга соат совға қилди. Буям иш ривожи учун тактика бўлди, чоғи. Ўғли Шерзодбек катта бир цех эгаси, тадбиркор. Нуронийлар катта йиғинларга бирга борасизлар деб, ҳаммамизга бир хил  оқ яктак   ҳадя қилди. Барака топсин, кексаларнинг дуосида гап кўплигини билади бу ишбилармон бола.

— Шу кунларда қандай китоб ўқияпсиз?

— Хабарингиз бор, Юртбошимиз Соҳибқирон Амир Темур фаолиятини янада кенг тарғиб қилиш ташаббусини илгари сурмоқдалар. Учрашувларда шу ҳақда сўзлаш учун адибимиз Пиримқул Қодировнинг “Амир Темур сиймоси” китобини ўқидим. Энди эса Ҳаким Сатторийнинг “Ҳазрати Соҳибқирон” асарини ўқияпман.

Ёзёвонлик Аҳмаджон ота Исмоилов ва Мастура онахонлар билан гаплашиб, агар инсон миллий қадриятларимизни ҳурмат қилса, меҳнаткашликдан эринмаса, самарасидан завқланса, китоб ўқиб билимдонликка эришаверса, оилада жанжалу низога вақт бўлмаслиги табиийлигини янада яққол ҳис этдик. Бу икки нуронийнинг икки ўғил, уч қизи, 15 набираси, яна қанча эвараларидан иборат катта бир баракотли оилага ҳавас билан боқарканмиз, юртимизда ана шундай файзли оилалар кўпаяверсин, дея тилак билдирдик.

Замира РЎЗИЕВА,

“Нуроний” мухбири.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan