Юртимизда аср билан юзлашиб, янада табаррук ва ғанимат бўлиб бораётган отахону онахонларни бугун тирик тарихга қиёслаш мумкин. Бугун ушбу нуронийларни нафақат йўқлаш ва ҳолларидан хабар олиш, балки улар билан дилдан суҳбат қуриш, ҳаёт йўллари ва йилларини тарихга муҳрлаш янада хайрли амаллардандир. Негаки, уларнинг кўрган-кечирганлари, бошдан кечирган синовлари ва улардан соғ-омон, сабот ва матонат билан чиқиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари барчамиз учун ҳаёт китоби бўлиб хизмат қилади. Улардан ўрганамиз ва тажрибаларини амалда қўллаймиз.
Тошкент вилояти Зангиота тумани “Шодлик” маҳалласи Иноқ кўчасида 7 фарзанд, 23 невара, 48 эвара ва 16 чеварали пиру бадавлат онахон — Мавлуда ая Камолова истиқомат қиладилар. Онахон гарчи табаррук ёшга етган бўлсалар-да, тетик, хотираси мустаҳкам…
Баҳор ойининг илк ҳафтасида маҳалла фаоллари, “Нуроний” жамғармаси туман бўлими ходимлари онахонни байрам билан табриклаш учун уларнинг хонадонига ташриф буюрдилар. Меҳмонларни онахоннинг фарзандлари — 78 ёшли Малоҳат опа, 76 ёшли Музайяна опа, 71 ёшли Омонулла ака, 70 ёшли Муқаддас опа, 66 ёшли Дилором опа, 64 ёшли Садоқат опа ва кенжа фарзанд бўлмиш 63 ёшли Ғайбулла акалар самимий қарши олдилар.
Фарзандларининг ёшидан кўриниб турибдики, бугунги кунда уларнинг ўзлари ҳам кексалик ёшига етиб, фарзандлар, невара-ю эваралар қуршовида умргузаронлик қилмоқдалар. Лекин улар ҳам бардам ва тетик, ҳаётсевар онанинг тарбияси, тиргак бўлиб турганининг натижасими, ҳаммаларининг руҳияти бардам, кўзларида ҳаёт зиёси порлаб турибди.
— Етказганига шукр, тинч ва фаровон замонда яшаяпмиз, фарзандлар, невара-ю эваралар ардоғидамиз. Кўнгилда яхши ният ва эзгулик бўлса, ҳар қандай синовни енгиб ўтиш мумкин экан. Худо берган умр, пешонага ёзилган тақдир, вужуддаги тани сиҳатликнинг қадрига етиб, шукроналик билан яшашнинг гашти бошқача бўларкан, — дейди онахон эътибордан мамнун бўлиб.
Асли Тошкентнинг “Ҳазрати Имом” маҳалласида вояга етган Мавлуда она зиёли оилада тарбия топган. У вақтларда қизларнинг ўқиши одатий ҳол ҳисобланмаган. Қизлар уйда рўзғор ишлари билан шуғулланган, мактабга ҳамма боравермасди. Лекин зиёли ота-она замондан анча илгари фикрларди. Шу боисдан, қизларини тиббиёт билим юртига ўқишга беришган. У пайтлар урушдан кейинги тикланиш, муҳтожлик, етишмовчилик йиллари эди. Оила турмуш тақозоси билан Тошкент вилоятига кўчиб ўтишади. Икки йиллик муваффақиятли таълимдан сўнг тақдирида янги ўзгариш бўлди. Урушда бир оёғи ва бир қўлининг бармоқларидан ажраган, лекин иродаси синмаган жасур йигитдан совчи кела бошлади. Урушдан кейин агрономлик қилиб, ер билан тиллашиб, элнинг ризқ-рўзини етиштириш йўлидаги ҳалол меҳнати билан жамоада, маҳалласида обрў-эътибор қозониб келаётган бу йигит, аввало, отасига маъқул келди. “Қизим, агар мени рози бўлсин десанг, шу йигитга турмушга чиқ. Уруш кўрган, қийинчилик кўрган инсон ҳаётнинг ҳам, инсонларнинг ҳам қадрига етадиган бўлади”, деди отаси. “Ота рози –— Худо рози” дейишганидек, у ҳам отасининг танловига рози бўлди. Кейинчалик эр-хотин иккаласи биргаликда тинимсиз меҳнат қилиб, рўзғорларини мустаҳкамлаш учун тиришдилар. Қийинчиликлардан нолимасдан, борига шукр қилиб, бирин-кетин туғилган фарзандларини вояга етказдилар. Аммо урушда олган жароҳати туфайли турмуш ўртоғи 56 ёшида вафот этди. Ўшанда кенжа фарзанди 10 ёшда эди. Фарзандларини ўкситмаслик, бировдан кам қилмаслик учун онахон тинимсиз ишлади. Туни билан чироқ шуъласида кийим тикди, маҳаллада ҳамширалик қилди. Кундуз кунлари далада меҳнат қилиб, болаларини оёққа қўйди. Фарзандлари ҳам улғайиб, оналарининг қанотига кирдилар.
— Онамнинг ҳаётдан нолиб ёки бировлардан ўпкалаб, ёзғириб гапирганини ҳеч қачон кўрмаганман, — дейди онахоннинг катта қизи Малоҳат опа. — Онам доим шукр қилсанг, бараканг кўпаяди, деган гапни кўп айтиб келганлар. Оғир меҳнат қилиб, ҳаммамизни маълумотли, ҳаётда ўз ўрни бор инсонлар қилиб вояга етказдилар. Аммо бирор маротаба нолиганлари-ю миннат қилганларини кўрмаганман. Онам биз учун матонат, сабот ва сабрнинг намунаси. Шу ёшимдаям онамга суянаман, улардан куч оламан, ўзимни бехавотир ҳис қиламан. Аллоҳга беҳисоб шукр қиламан, онажоним ёнимизда эканликларига…
Онахоннинг умр йўлларига қараб туриб, ҳаёт турмуш ташвишларига енгилмаган ғолибларни севиши-ю сийлаши, неъматларни бисёр этиб бериши ҳақидаги гапларга беихтиёр ишонади инсон. Зотан, сабрли ва меҳрли одамлар ҳар доим ғолиб бўладилар.
А.АҲМАДҚУЛОВА.