Ҳаёт илми, сир-асрорлари ҳақида билишни истар эканмиз, табиийки, ёши улуғ онахонларимизу отахонларимизнинг суҳбатларига ошиқамиз. Улар билан мулоқотда бўлар эканмиз, қаршимизда умр деб аталган синовнинг қанчалаб чиғириқларидан мардонавор ўтган донишмандлар турганлигини ҳис қиламиз.
— Ҳаётим ҳақида сўрашса, негадир кексалик давримизда кўнглимизни ёритаётган энг яхши воқеалардан гапиргим келаверади, — дея ҳикоясини бошлайди. Сурхондарёнинг Бандихон туманида истиқомат қилувчи Чори ота Эшқобилов. — Мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан ёши улуғларга кўрсатилаётган эътибор, ҳурмат-эъзоздан мен ҳам баҳраманд бўляпман. 2023 йили менга Умра сафарига имтиёзли йўлланма насиб этди. Саудия Арабистонига борганимда, ўша юртнинг мухбирлари мендан интервью олишди. Дориломон юртда яшаётганим, 1-даражали “Меҳнат фахрийси” унвонига эга эканлигимни чексиз фахру ифтихор, шукрона билан гапириб бердим.
Чори отанинг фахрланганича бор. Бугун юртимизда барча нуронийлар ўзгача иззат-эътибордалар. Уларнинг шу ёшгача ҳалол меҳнат қилгани, иш фаолиятида ўз даврига хос ютуқларга эришгани, оила муқаддаслигини кўнгилга тугиб, эл-юртга керакли ўғил-қизларни тарбиялаб, вояга етказгани улкан эътирофга лойиқ, албатта.
Отахоннинг болалиги Иккинчи жаҳон уруши даврига тўғри келган. Юртга келган қахатчилигу кун кўришнинг оғирлиги болаларнинг масъум туйғуларини ўғирлаб, уларнинг зиммасига тирикчилик ташвишини юклаганлиги рост. Уч акаси, бир опаси онаси Болхинмомо билан бирга далага ишга чиқишарди. Онасининг болаларини жамлаб туриб, нон тақсимлаганлари, қорни очиққан болакай учун бир бўлак нон билан қумғонда қайнаган чойнинг қанчалар тотли эканлиги. Ҳа, бу аччиқ хотиралар асло унинг онгу шууридан ўчмайди.
Уруш тугади, кундалик ҳаёт аста-секин яхшилана борди. Чори Эшқобилов Қарши педагогика институтига ўқишга кирди. Талабаликдан сўнг муаллим бўлиб, мактабда иш бошлади. Бу ёғидаги қийнчиликларнинг барини тинчлик бўлса, енгиб ўтиш мумкин, ахир. Шу қишлоқнинг олди қизларидан бўлган Мақсадой опага уйланди. Рафиқаси институтда ўқимаган, аммо одоби, меҳнаткашлиги билан эътибор қозонган.
Чори ота ўшандаям кўп китоб ўқирди. Фикри кенг, қадриятларимизни ҳурмат қиладиган Мақсад опа айнан у истаган қизлардан бўлиб чиқди. Иккаловининг биргаликдаги ҳаёти мушкулотларни енгиб ўтиш иродасини берди уларга. Шунгаям 54 йил бўлибди-я…
Мақсад опа қайнонаси Болхинмомо билан бор-йўғи икки йил бирга яшади. Қайнона ўтгандан кейинги ҳаёт сабоқларини эса катта овсини Шодмон янгадан олди. Аслида бу ҳовлида тўрт овсин аҳил яшашди. Бири устозликдан эринмади, яна бирлари шогирд бўлишдан чекинмади. Мақсад опа йиллар ўтгани сайин Мақсад онага айланди. Унинг айтишича, овсинлар ҳозиргача ҳам аҳилу иноқ экан.
Оналар иттифоқ бўлса, жигарларнинг болалари ҳам бир-бирига меҳрибон бўлиши тайин. Чори ота ва Мақсад момонинг уч ўғилу икки қизи ана шундай катта оиланинг аҳиллиги ичра улғайди. Ўғиллари Шавкатбек, Эргашжону, Эркинбой, қизлари Муқаддасхон, Насибахонлар бугун жамиятимизда ўз ўринларини эгаллаб, уйли-жойли бўлиб, эл-юртга муносиб хизмат қилиб келмоқдалар.
Чори ота эса тумандагина эмас, вилоятда ҳам таниқли маорифчига айланган. Республика халқ таълими аълочиси, яна бир қанча медаллар соҳиби. Шеърлар ҳам ёзиб туради.
— Шу кунларда Абдуқаҳҳор Иброҳимовнинг “Ёруғлик” деган асарини ўқияпман. Ўқиганим сари Мақсад онангиз билан кечирган ҳаётимиз курашлардан иборат бўлганлигини англаяпман.
— Мақсад онани жуда яхши кўраркансиз-а? — сўрайман отахондан қувлик билан.
— Уни менгина эмас, қариндош-уруғларим, ака-опаларим, жиянларимнинг барчаси яхши кўришади. Онам раҳматли танлаб олиб берган келин, ахир.
— Чори отанинг яхши фазилатлари шунчалик кўпми? — сўрайман энди Мақсад онадан.
— Олий маълумотли, кўп китоб ўқиган одамнинг ёмон фазилати бўлмайди. Мана, 85 ёшга кирсалар ҳам ҳамон ғайрати сўнмаган. Томорқамиз каттагина. Ундаги дарахтларга ўзлари шакл берадилар, буни ўғилларига ҳам ўргатадилар. Биз кенжамиз Эркинжон билан бирга турамиз. У ҳам, набиралар ҳам отасининг ёнида бўлади. Дастурхонимизни тўлдирган мева ва сабзавотларнинг бари ўз томорқамиздан чиқади. Бошқа болаларим ҳам ўз оиласида ота тутумини йўлга қўйишган. Болаларимни отасига ўхшаган бўлишларини сўраб дуо қиламан доим.
Чори ота ва Мақсад онанинг гапларини эшитаману бахтли оила қуриш, қўша қариш, элда обрў топиш эркак ва аёлнинг бир-бировини тўғри тушуниб, иззат қилишидан бошланишига яна бир бор амин бўламан.
Отахон ҳозирги кунда “Нуроний” жамғармаси Бандихон тумани ташаббуси ва таклифига кўра, “Уч авлод учрашуви” маънавий-маърифий тадбирларида тез-тез иштирок этиб турадилар.
Ҳа, Чори ота сингари пиру бадавлатларимизнинг оқ-қора кунларни фарқлаб, яхши, саодатли даврларнинг қадрига етиш ҳақидаги ҳаётий ҳикоялари, улкан тажрибалари ёшларимизнинг умр йўлларида йўлчироқ бўлиши шубҳасиздир.
Замира Рўзиева,
“Нуроний” мухбири.