Каромат она ва Сайдулло ота Сирдарё ҳамда Жиззах вилоятларининг қўриқ ерларида яшадилар. Қум, чўл деб аталган, киши иродаси ва сабри, меҳнаткашлигини синовдан ўтказадиган бундай ҳудудда яшайверсанг, унга меҳр бераверсанг, ҳаттоки, чўл деганида ҳам бўстон бунёдга келаркан. Кейин эса бу жойларда кўкка бўй чўзган дарахтлар, мўъжаз гулзорларга  меҳринг тушиб, айни қўриқ ерларни яхши  кўриб ҳам  қоларкансан.

Улар асли зоминлик эдилар. Тақдир бу жуфтликни анча вақт Дўстлик туманидаги қўриқ маконлар, кейинроқ Пахтакор тумани кенгликларига йўналтирди.

Чўл деб аталган макон ҳам қадрдон она тупроқ. Унга машаққат билан дарахт  экиб, боғ қилсанг, гул экиб, гулзор яратсанг, бу боғ дунёдаги энг қадрли боғ бўлади. Бу  гулзор олам ичра энг чиройлиси, энг ёқимлиси бўлиб туюлади.

Каромат она  Зилола момонинг файзли ҳовлисига 1970 йилда учинчи келин бўлиб тушган.

— Иккала овсинингиз ҳам оқила, яхши келин  деб ном олган. Улардан ибрат олинг, ўрганинг. Кам бўлмайсиз… — қайнонасининг тўйдан кейинги биринчи  гапи шу бўлган.

Каромат келин бу гапни  кўзмунчоқ қилиб юрагига тақди. Овсинлари Бузайнаб ва Саиданур қайнонаси  айтганидек, унга ҳаётда чин муаллимдек бўлдилар. Каромат келин жомадон кўтариб, маскан янгилаш саботини ҳам, пазандалик сирларини ҳам, саришталик тутумини ҳам, бола парваришидаги қунту тарбия йўсинини  ҳам улар билан ҳамроҳликда ўрганди. Тез орада Зилола момонинг оқила келинига айлана  олди. Тўртинчи ўғил Норбўтанинг тақдирига туташ Надяхон ҳам миллати рус бўлса-да, ушбу аҳил оиланинг қоидаларига бўйсунди. Оқила келин бўлди.

Асли бу ҳовлидаги аҳилу тотув  тўрт ака-уканинг  бир-бирига суянчу меҳрибонлиги уларнинг аёллари ва болаларига ҳам ўтганлиги айни ҳақиқат. Сайдулло учун акалари Иноятулло ва Асадуллонинг ҳар бир гапи қонун. Иноятулло эса укалари Асадулло, Сайдулло, Норбўта учун чинакам меҳрибон,  маслаҳатгўй, барча оилавий муаммоларга ечим топа олувчи ака эди.

— 56 йил бўлди хонадонга келин бўлиб тушганимга. Бу орада олти фарзандни тарбиялаб, камолга етказдик. Овсинларим алоҳида рўзғор бўлиб,  янги ҳовли қилганларидан кейин ҳам аҳиллигимизу тотувлигимизга кўз теккани йўқ. Саиданур опам билан  қуда бўлдим. Қизим Зулхуморнинг суюкли ойижониси бўлди. Мендан кейинги овсинимнинг миллати рус,  аммо у ҳам бизнинг бир парчамизга айлана олган. Ҳозир укамиз Норбўта билан Чирчиқда яшашади. Борди-келдимиз қуюқ. Тўйларимиз, йиғинларимиз  биргаликда ўтади.

Сайдулло отанинг аёлини бу катта оила ҳақида қувониб гапиришидан фахрланиб тургани сезилади. Отахоннинг айтишича, Каромат онанинг ўзи ҳам жуда яхши келин, яхши овсин, яхши она бўлган. Чўлма-чўл кўчиб, жомадон кўтариш ҳар кимга ҳам ёқавермайди, ахир. Буни фақат тақдирига шукр қилган, оилани муқаддас деб билган Каромат она сингари фидойиларгина уддалайди.

Бугун Сайдулло ота ва Каромат она Жиззах вилоятининг Зарбдор туманида истиқомат қилишади. Саккиз сотихли ҳовли жойда боғу гулзор бунёд этишган. Бунга қўшимча равишда хўжаликдан берилган — аввалдан бўш турган 10 сотихли майдонни ҳам обод қилиб, даромад манбаига айлантириб олишган. Набиралар учун деб жамики мева дарахтларидан экишган. Келинларининг қайнаб тургич қозони учун кетадиган сабзавотлар ҳам  шу томорқадан чиқади. Беш-олтита қўй боқилади.

— Каромат онангиз жуда зўр, дейсиз. Айнан қайси фазилатларини назарда тутасиз? — сўрайман Сайдулло отадан.

— Ҳаммага меҳрибон, ҳаммадан ҳам менга меҳрибон, — дейдилар ота.  — Соғлигим туфайли анча йиллардан буён парҳез овқат ейман. Бу борада аёлимга тенг келадиган  жонсарак йўқдек. Соғлигимни ўйлайди доим. Биз билан бирга яшаётган ўғлим Рустамжон ва келинимиз Муҳайёхон ҳам оналаридан ўрганиб, иш тутишади. Бундан ташқари, менинг тўнғич Ойназин опам шу кунда 94 ёшга кирди. Янгангиз ундан гоҳ қизлари, гоҳ овсинлари билан биргалашиб, тез-тез хабар олади. Шу феълларини  жуда қадрлайман.

Сайдулло ота Абдураззоқов узоқ йиллар турли идораларда иқтисодчи,  банк бошқаруви раиси бўлиб ишлади. Туман ҳокимининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари вазифасида ҳам фаолият юритди. Каромат она эса  ҳар доим унга ғамхўрлик кўрсатиб,  парвариш қилишини қўймади. Болаларига ҳам бу  ибрат бўлди. Оилада ота нуфузи, она ҳурматининг баландлиги шундан, албатта.

Бугун Сайдулло отанинг ҳам, Каромат онанинг ҳам оёқ узатиб ўтиргич бўш вақти кам. Каромат она маҳалла-кўй, қўни-қўшнилар билан жуда иноқ. Уларнинг беморидан хабар олиб,  тўй-тўйчиғида маслаҳатгўй бўлади. Баҳор келди, дегунча  катта дошқозонларда сумалаклар пиширишади.

Сайдулло ота  ўзи истиқомат қилаётган “Шарқ юлдузи” маҳалла фуқаролар йиғинининг фаоли сифатида камбағаллик реестрига тушиб қолган беш хонадонга масъул сифатида бириктирилган. Улардан Қиличбек Ҳосилов билан Отақўзи Бердиалиевлар хонадони отанинг маслаҳати ва кўмаги билан  имтиёзли кредит олиб, иссиқхона қуришди. Энди йил бўйи мавсумга қараб  экин экишяпти. Ҳозирда улар камбағалликдан чиқиб, фаровонликка эришиб бораётган оилалардан ҳисобланади.

Яқинда “Нуроний” жамғармасининг Зарбдор тумани бўлими ташаббуси билан ушбу бахтли жуфтликнинг ҳаёт ва фаолият йўлига бағишланган “Қўша қариш саодати” тадбири бўлиб ўтди.

Унга жамғарманинг туман бўлими раиси Абдулла Азимов, етакчи мутахассис Кароматилло Тошбоев,  МФЙ раиси Мусурмон Ҳасанов,  хотин- қизлар етакчиси Муқаддас Кенжаевалар бош-қош бўлишди.

Ўғил-қизлар,  келину куёвлар, маҳалла аҳли ушбу тадбирда иштирок этиб, нуроний отахону онахонга ҳавас қиларканлар, ҳалол меҳнат, аҳиллигу   тотувлик, шукроналик ҳисси инсонга бахт, ҳурмат, умри зиёдалик келтиришига яна бир карра гувоҳ бўлдилар.

Замира РЎЗИЕВА,

“Нуроний” мухбири.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan