Таниқли тарихчи олим Сулаймон Иноятовни хотирлаб…

Инсон ҳаётида йиллар шунчаки вақт ўлчови эмас, балки қалбга муҳрланган хотиралар силсиласидир. Тарих фанлари доктори, профессор Сулаймон Иноятов билан кечирилган олтмиш тўрт йил ана шундай маъноли ва баракали умр йўли бўлди. Бу йиллар оиламиз учун нафақат турмуш, балки маърифат ва инсонпарварлик мактаби ҳам эди. У киши билан босиб ўтилган ҳар бир кун бугун хотираларимда нурли бир саҳифа бўлиб яшамоқда.

Сулаймон Иноятов 1938 йил 12 март куни Шехон қишлоғида Иноятхўжа Атоуллаев (1890-1987) ва Супия Иноятова (1900-1983) оиласида туғилган. Оиланинг келиб чиқиши Бухородаги машҳур Хўжаевлар сулоласига бориб тақалади.

Мактаб таълимидан сўнг 1956-1961 йилларда Бухоро давлат педагогика институтида тарих-филология факультетини тамомлаган. 1966-1969 йилларда Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университети аспирантурасида ўқиб, 1969 йил 9 октябрда Тошкент давлат университети тарих факультетидаги Илмий кенгашда тарих фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун диссертация ёқлаган.

Умр йўлдошим юксак ақл-заковат соҳиби эдилар. Уларнинг фикрлаш тарзи, мулоҳазалари ва ҳаётга муносабати атрофдагиларни ҳам ўйлашга, изланишга ундарди. Нозик дидли, камтар ва бағрикенг инсон сифатида эл орасида алоҳида ҳурмат қозонган эдилар. Мен сабрни, одамларни қадрлашни ва илмга садоқатни, аввало, у кишидан ўргандим. Фарзандларимиз учун меҳрибон ва масъулиятли ота бўлдилар. Улар фарзандларининг чуқур билимли, ҳалол, Ватанга наф келтирадиган инсонлар бўлиб камол топиши учун бор куч ва имкониятларини сафарбар этдилар.

Оиламизда китобга муҳаббат, меҳнатга ҳурмат ва юртга садоқат туйғуси айнан турмуш ўртоғим яратган муҳитда шаклланди. Шунинг учун ҳам фарзандларимиз, невараларимиз бугун ўз йўлини топган, эл хизматига интилувчи инсонлар бўлиб етишди. Гарчи Шуҳратжоним ҳамда Лолахоним биз билан ҳамнафас бўлмаса-да, уларнинг эзгу амаллари тилдан-тилга кўчиб юрибди.

Профессорнинг ҳаёти илм билан чамбарчас боғлиқ эди. У киши тарих илмининг машаққатли йўлида заҳматли меҳнат қилдилар.

Кўплаб тадқиқотлар, мақолалар ва илмий ишлар орқали миллий тарихимиз хазинасига муносиб ҳисса қўшдилар. Устознинг маърузаларини тинглаган талабалар бугун ҳам у кишининг фикрларини эслайдилар.

Шогирдлари учун дарёдил устоз эдилар. Турмуш ўртоғим ёшларга ишонар, уларни руҳлантирар ва ҳар бир иқтидор эгасини қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилар эдилар. Ҳаёт эса баъзан энг азиз инсонларни оғир синовлар билан имтиҳон қилади. Сулаймон ака оғир дард билан етти ой давомида курашдилар. Бу кунлар оиламиз учун ғоят оғир ва изтиробли давр бўлди. Шундай бўлса-да, дўстлари, ҳамкасблари ва шогирдларининг меҳри бизга катта тасалли берди.

Афсуски, оғир дард 2024 йил 21 октябрь куни турмуш ўртоғимни ҳаётдан олиб кетди. Ўша кун фақат оиламиз учун эмас, балки у кишини таниган кўплаб инсонлар учун ҳам катта йўқотиш бўлди.

Ҳақиқий олим ва яхши инсон Сулаймон Иноятовдан бой илмий ва маънавий мерос қолди. Уларнинг китоблари, илмий қарашлари ва эзгу амаллари келажак авлодларга хизмат қилишда давом этса, ажабмас. Энг муҳими, у кишидан инсон қалбини ёритадиган яхшиликлар қолди.

Роза АҲТАМОВА,

меҳнат фахрийси.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan