Инсоннинг яшаб ўтган умри — шунчаки йиллар саноғи эмас. У меҳр, сабр, садоқат ва турли синовлар билан безалган ҳаёт йўлидир. Шундай оилалар бўладики, уларнинг умр йўли нафақат фарзандлари, балки бутун бир авлодга ибрат бўлади. Чунки бундай хонадонларда фақат бирга яшаш эмас, балки қўша қариш, бирга қувониш, қийинчиликларни елкама-елка енгиб ўтиш анъанаси барқарордир.
Қўша қариш — бу оддий ҳол эмас. Бу йиллар давомида бир-бирига бўлган ҳурматни сақлай билиш, ишончни йўқотмаслик, оғир кунларда бир-бирига таянч бўлиш, қувончли лаҳзаларни ҳамжиҳатликда қарши олишдир. Зеро, бундай бахт ва саодат ҳар кимга ҳам насиб этавермайди.
Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманидаги “Мирзо Улуғбек” МФЙда
50 йилдан буён аҳил ва иноқ умр кечириб келаётган Шерқўзиевлар хонадонини фикримизга яққол мисол қилишимиз мумкин.
Файзли ва баракали умр соҳиблари ҳисобланмиш Абдураҳмон ота ҳамда Зулайҳо она 1976 йилда турмуш қуриб, бугунги кунга қадар 50 йил давомида аҳил-иноқ ҳаёт кечириб келмоқдалар.
Улар нафақат мустаҳкам оила қурдилар, балки муносиб фарзандлар тарбиялаб, жамиятга керакли инсонлар этиб вояга етказдилар. Оилада 6 нафар фарзанд — 4 ўғил ва 2 қиз камол топди. Фарзандларига илм-маърифат, ҳалол меҳнат, ватанпарварлик ва инсонпарварлик туйғуларини сингдириб, тарбия бердилар. Бугунги кунда фарзандлари турли соҳаларда самарали меҳнат қилиб келмоқдалар.
Бахтли нуронийларнинг 15 нафар невараси ҳам билимли, одобли ва меҳнатсевар инсонлар бўлиб улғаймоқдалар. Улар худди бобо-бувилари каби эл ичида ардоқли инсон бўлиб, эл-юртга садоқат билан хизмат қилишни ўз ҳаёт шиорларига айлантирганлар.
Ойбек Эсиргапов,
“Нуроний” жамғармаси
Сирдарё вилояти бўлими мутахассиси.