Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга эътибор кучайиб, шунга қаратилган тизимли норматив-ҳуқуқий база шакллантирилди. Хусусан, 2020 йилда янги таҳрирдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши ҳамда БМТнинг “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенциясининг ратификация қилиниши ушбу соҳадаги ислоҳотларнинг муҳим ҳуқуқий пойдевори бўлди. Бироқ миллий таълим тизимига инклюзив ёндашувни тўлиқ татбиқ этиш ва концептуал асосларини мустаҳкамлаш ҳали ҳам долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Умуман, инклюзив таълим тушунчаси замонавий педагогика ва ҳуқуқ фанларида нисбатан янги парадигма ҳисобланиб, унинг моҳиятини тўғри англаш учун терминологик асосларига аниқлик киритиш лозим. UNESCO ҳужжатларида инклюзив таълим “барча ўқувчиларнинг турли эҳтиёжларига мослашувчи, уларнинг таълим жараёнидаги иштирокини кенгайтирувчи ҳамда таълим тизими ичидаги ва ташқарисидаги камситишларни камайтирувчи жараён” сифатида тавсифланади. Яъни, инклюзив таълим — бу барча болаларни, уларнинг имкониятлари, эҳтиёжлари ва ўзига хосликларидан қатъи назар, умумий таълим тизимида қамраб олишни назарда тутади. Шу боис, бугунги кунда жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, инсон ҳуқуқларига бўлган эътиборнинг ортиши инклюзив таълимни устувор йўналиш сифатида белгиламоқда.
Мазкур концепциянинг бош ғояси — таълим тизимининг ўзини ҳар бир боланинг индивидуал эҳтиёжларига жавоб бера оладиган даражада мослаштиришдан иборат. Ногиронлиги бўлган болаларнинг таълим олиш ҳуқуқи халқаро ҳуқуқда бир неча тарихий босқичларда ривожланиб борди. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 26-моддасида ҳар бир инсоннинг таълим олиш ҳуқуқи умумий тарзда эълон қилинган бўлса-да, унда ногиронлиги бўлган шахсларнинг махсус эҳтиёжлари алоҳида акс эттирилмаганди. БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияси соҳада муҳим бурилиш ясади. Конвенциянинг 23-моддасида ногиронлиги бўлган боланинг алоҳида ғамхўрлик ва давлат томонидан кўмак олиш ҳуқуқи тан олинган бўлса, 28 ва 29-моддаларида таълим олиш ҳуқуқи ва таълимнинг умумий мақсадлари мустаҳкамланди. Бироқ ушбу матнда ҳам “инклюзив таълим” атамаси бевосита қўлланилмаган. Саламанка декларацияси ва Ҳаракат дастури инклюзив таълимнинг халқаро миқёсдаги илк фундаментал пойдевори бўлди. Унда “барча учун таълим” тамойили илгари сурилиб, ҳукуматларга инклюзив таълим тизимини жорий этиш бўйича концептуал тавсиялар берилди.
Юртимизда ногиронлиги бўлган болаларнинг таълим олиш ҳуқуқини тартибга солувчи миллий норматив-ҳуқуқий база сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилди. Конституциямизнинг янги таҳририда баҳс юритилаётган масала илк бор конституциявий даражада мустаҳкамланди. Бош қомусимизнинг 50-моддасида давлат инклюзив таълимни ривожлантириш ва таълимнинг узлуксизлигини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиши белгилаб қўйилди. “Таълим тўғрисида”ги Қонуннинг 2020 йилги таҳрири 9-моддасида ногиронлиги бўлган болаларнинг таълим олиш шакллари сифатида — инклюзив, интеграциялашган ва махсус таълим шакллари ҳуқуқий жиҳатдан аниқ классификацияланди.
Тизимли таҳлиллар шуни кўрсатадики, соҳадаги норматив-ҳуқуқий база шаклланган бўлса-да, амалиётда инклюзив таълимни тўлиқ рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилаётган бир қатор ҳуқуқий бўшлиқлар мавжуд. Биринчидан, миллий қонунчиликда инклюзив таълимнинг пойдевори ҳисобланган “оқилона мослаштириш” тушунчасининг аниқ ҳуқуқий таърифи, мазмуни ва чегаралари деталлаштирилмаган. Бу эса амалиётда ушбу норманинг субъектлар томонидан ихтиёрий ва турлича талқин қилинишига шароит яратмоқда. Иккинчидан, норматив ҳужжатларда инклюзив таълимни молиялаштиришнинг аниқ механизмлари мавжуд эмас. Хусусан, умумтаълим мактаблари инфратузилмасини жисмонан мослаштириш, махсус техник жиҳозлар (Брайл дисплейлари, сурдотехника воситалари) харид қилиш ҳамда жараёнга қўшимча мутахассислар (тюторлар)ни жалб этиш учун маблағлар манбаи ва ажратилиш тартиби аниқ белгиланмаган. Учинчидан, таълим муассасаларида инклюзив таълим сифатини, ўқув дастурларининг мослашувчанлигини ва боланинг ривожланиш динамикасини назорат қилувчи мустақил мониторинг ва баҳолаш тизими йўлга қўйилмаган.
Мухтасар айтганда, миллий қонунчиликдаги ушбу кемтикларни бартараф этиш, концептуал атамаларнинг ҳуқуқий мақомини аниқлаштириш ҳамда молиявий-иқтисодий кафолатларни кучайтириш ногиронлиги бўлган болаларнинг таълим олиш ҳуқуқини амалда тўлиқ таъминлашнинг бош мезони ҳисобланади.
Жасурбек ЖУМАНИЯЗОВ,
Тошкент давлат юридик университети
катта ўқитувчиси,
Камронбек КАРИМОВ,
Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги академик лицей ўқувчиси.