— дейди шаҳрихонлик Неъмат ота Каримов

Таҳририятимизга Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманидан келган миришкор ғаллачи, эл-юрт ҳурматидаги табаррук инсон Неъмат ота Каримов бизга айтиб берган одамийлик ҳикояси ўзбекона меҳр-оқибатимиз намойиши, ўзбек  аёли фидойилигининг амалдаги ифодасини яна бир бор намоён этди. Ушбу ибратли воқени  сизлар билан бўлишишни лозим топдик.

Неъмат отанинг қизи — Зиёдахон опанинг хонадонида кутилмаган мусибат эшик қоқди. Ўғилларидан бирига шифокорлар томонидан жигар церрози ташхиси қўйилди. Кун сайин сўниб бораётган йигитнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг ягона чораси жигар трансплантацияси эди. Аммо бунинг учун, биринчи навбатда, донор топилиши зарур. Оила аъзолари, яқин қариндошлар бирма-бир таҳлил топширишди. Афсуски, тиббий кўрсаткичлар тўғри келмади.

Умидлар сўниб, чорасизлик ҳукм сура бошлаган  дақиқаларда хонадон келини Дилнозахон ўз ихтиёри билан шифокорларга мурожаат қилди. Ўтказилган мураккаб тиббий таҳлиллар ва текширувлар фақатгина келиннинг жигари беморга мос келишини кўрсатди. Бундан хабар топган хонадон катталари, айниқса, Дилнозахоннинг қайнота-қайнонаси Таваккалжон ака Асадуллаев ва Зиёдахон опа Асадуллаева бу қарорга қарши чиқишди.

— Ўзбекона ҳамият, андиша ва эл-юрт олдидаги масъулият туйғуси бор, — дейди Неъмат ота Каримов. — Бу операция уч нафар норасиданинг онаси бўлган келинимизнинг  саломатлигига қандай таъсир қилишини олдиндан билолмасдик.  Ҳатто Дилнозанинг турмуш ўртоғи, яна бир неварам Омадилло ҳам аёлининг соғлиғидан хавотир олиб, иккиланди. Замондошларимизнинг кўпчилиги бундай хавфли ва масъулиятли қадамни босишга журъат қилолмаслиги табиий. Лекин инсонийлик ва жигарбандлик туйғуси ҳамма нарсадан устун келди.  Дилнозахоннинг бағрикенглигини ота-онаси — Ниёзиддин Усмонов ҳамда Фарида Усмонова ҳам қўллаб-қувватлаб, бу мураккаб операцияга рози бўлишди.  Шундан сўнг, барча зарур ҳужжатлар ва тайёргарликлар ҳозирланиб, бемор неварам билан Дилнозахон Ҳиндистонга жўнаб кетишди. Ҳаммамиз хавотирда эдик. Узоқ давом этган мураккаб жигар кўчириб ўтказиш амалиёти муваффақиятли якунланди.

Одамлар орасидан бағрикенглик, фидойилик каби туйғулар гўёки кўтарилиб бораётгандек туюлаётган мана шу кунларда Дилнозахон ўз жигарининг бир қисмини бемор қайнисига бериб, унга иккинчи бор ҳаёт бахш этишга сабабчи бўлди.  Бугун ушбу хонадонда яна қувонч ва бахт ҳукмрон. Бемор ҳам, жасоратли келин Дилнозахон ҳам хориждан соғ-саломат қайтишди. Ҳозирда уларнинг аҳволи барқарор.

— Мен бунга нега алоҳида тўхталяпман?! — дейди Неъмат ота тўлқинланиб. — Баъзида телевизор ёки интернетда келинлар қилган машмашалар, оиладаги жанжалларни эшитиб, кўриб қоламиз ва тўғриси, кўнглимиз хира бўлади. Аммо набира келинимнинг қилган иши бутун маҳаллага, элга ибрат бўлди: у ҳеч иккиланмай, ўз қайнисига жигарини берди! Бир йигитни ўлимдан, бир оилани айрилиқдан сақлаб қолди. Аввало, уни тарбиялаб, шундай оқибатли қилиб вояга етказган ота-онасига раҳмат! Илоҳим, унинг ўзи ҳам соғ-саломат бўлсин, фарзандлари бахтини кўрсин, ғам чекмасин…

Дарҳақиқат, чеварчилик билан шуғулланиб, рўзғор тебратишда кўмакдош бўлган келин бугун нафақат бир оила, балки юртимиз бўйлаб одамийлик намунасини кўрсатган қаҳрамонга айланди. Зотан, миллатимиз асл қиёфаси, ўзбек аёлининг ҳақиқий матонати ва садоқати айнан улар каби замондошларимиз тимсолида яшайди.

Илҳомжон Абдусаломов.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan