Қўша қариш саодати — юксак инсонийлик дорилфунуни ҳисобланган маҳалла, камолот бешиги саналган оилаларда қарор топган бебаҳо қадриятлардан биридир. Ушбу неъмат бор оилада тинчлик-хотиржамлик, файзу барака ҳукм суради, фарзандлар комил инсонлар бўлиб улғаядилар. Маънавияту маърифатда барчага ибрат бўлган ота-оналарининг изларидан бориб, эл-юртга муносиб хизмат қиладилар.
“Нуроний” жамғармаси Навоий вилояти Кармана тумани бўлими ташаббуси билан 2-политехникум фаоллар залида 50 йил ва ундан зиёд вақт бирга турмуш кечириб, оила аталмиш қўрғонни муқаддас билган, турмуш машаққатларида тобланган ва бугунги кунда бирга умргузаронлик қилиб келаётган нуроний отахону онахонлар ҳамда ёшлар иштирокида ташкил қилинган “Қўша қариш саодати” тадбири, ўз мазмунига кўра, чинакам маънода, ибрат сабоғи бўлди дейиш мумкин.
Дарҳақиқат, нуронийлар юртимизнинг энг азиз, энг улуғ ва мўътабар кишиларидир. Кексалар йўли доимо порлоқ. Тафаккур булоғи бамисли хазина, ўзлари эса меҳру саховат тимсолидирлар. Нуронийлар ота-ю онадай улуғ, шу сабаб улар ҳамиша давранинг тўрига, ҳурматнинг зўрига муносиб кўриладилар. Бу бежиз эмас, албатта.
Ёшлар тадбир давомида кексалик гаштини сураётган ва узоқ вақт бирга умргузаронлик қилиб келаётган нуроний отахон ва онахонларнинг олтинга тенг ўгитларидан баҳраманд бўлиб, ўз олдиларидаги мақсад-вазифаларини янада аниқ белгилаб олдилар.
Тадбирда “Нуроний” жамғармаси Кармана тумани бўлими раиси Ўткир Ражабов, Нуронийлар жамоатчилик кенгаши, “Бувижонлар мактаби” аъзолари, маҳалла фуқаролар йиғинларидаги “Кексалар маслаҳати” гуруҳи раислари, фаол нуронийлар, политехникум ўқувчи-ёшлари иштирок этдилар.
Санъаткорлар томонидан ижро этилган дилрабо куй-қўшиқлар даврага янада файз улашди.
Тадбир якунида қўша қариш саодатига эришган отахону онахонларга мутасаддилар томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Қувонарлиси, ҳаракатлар доирасида белгилаб олинган қатор тадбирлар буйруқни бажариш қабилида эмас, балки турмуш фаровонлигига эришган, бахтли, соғлом фикрли, юксак маънавиятли, маданиятли, ижтимоий фаол жамиятни шакллантириш ва уларда мамлакат тақдирига дахлдорликни кучайтириш мақсадига хизмат қилмоқда.
Жанарой Алимбаева.
Нуронийлар – яшил майдонда
Юртимизда “Нуронийлар — спорт билан ҳамнафас” шиори остида кекса авлод вакилларининг саломатлигини мустаҳкамлаш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш ҳамда спортга бўлган қизиқишларини янада ошириш мақсадида ўтказилаётган спорт тадбирлари ва турли мусобақалар амалда ўзини оқламоқда. Спорт тадбирлари нуронийларнинг ғайратига ғайрат, кучига куч қўшиб, уларни янада соғлом ва бардам ҳолга келтираётганлиги бугун айни ҳақиқатдир.
Оҳангарон шаҳрида нуронийлар ўртасида мини-футбол бўйича ўтказилган “Тошкент вилояти кубоги” мусобақасида ушбу жиҳат яна бир карра ёрқин акс этди.
Мазкур мусобақа вилоят ҳокимлиги, “Нуроний” жамғармаси ҳамда Спорт бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда вилоятнинг туман ва шаҳарларидан ташриф буюрган жамоалар иштирок этди. Спортчи нуронийлар яшил майдонда ўзаро дўстлик, ҳамжиҳатлик ва спортга бўлган меҳр-муҳаббатларини намоён этдилар. Баҳслар қизғин ва муросасиз, айни пайтда ғоят самимий кечди.
Якуний натижаларга кўра, 3-ўринни Бекобод шаҳри, 2-ўринни Қибрай тумани, фахрли 1-ўринни эса Ангрен шаҳри жамоалари қўлга киритдилар.
Ғолиб ва совриндор жамоалар ташкилотчилар томонидан диплом, кубок ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
У.Эшпўлатов.