Яқинда япониялик психолог Хидеки Ваданинг “Саксон ёш тўсиғини енгиш” номли китоби нашр этилди ва у жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди. Китоб дўконларга чиқиши биланоқ 500000 дан ортиқ нусхада сотилди.

Доктор Вада 61 ёшда бўлиб, кексалар саломатлиги бўйича етакчи мутахассис ҳисобланади. У ўзининг бой тажрибасини 44 та қоида шаклида жамлаб, 60 ёшдан кейинги хотиржам ва мазмунли ҳаёт сирларини баён қилади.

Доктор Вада таъкидлайдики, 60 ёшдан кейинги давр ҳаётнинг тугаши эмас, балки соддалик ва хотиржамлик бошланишидир. Бу инсон ҳаётга аниқроқ назар ташлайдиган ва ўзи билан ростгўй бўла бошлайдиган вақтдир.

Ҳар куни сайр қилиш, ғазабланган пайтда тўғри нафас олиш, ҳамиша ҳаракатда бўлиш, овқатни яхшилаб чайнаб ейиш, одамлар орасида бўлиш ва ўзларига ёққан овқатни истеъмол қилиш  ёши улуғларнинг умрини узайтиради, деб ёзади психолог.

Шунингдек, у “Хотира ёш туфайли эмас, фаолиятсизлик туфайли сусайишини, дориларни ҳаддан ташқари кўп қабул қилмасликни маслаҳат беради. Кексаларни шукроналикка, соғлом овқатланишга эътиборли бўлишга чақиради. “Ёлғизлик доимо яккалик эмас — у баъзан хотиржамликдир, дея таъкидлайди Вада.

“Қисқача айтганда, оддий яшанг, ҳар куни бироз ҳаракат қилинг ва кўпроқ кулинг. Танангизни ва ёшингизни меҳр билан қабул қилинг — шунда бахт сиз ўйлагандан ҳам яқин эканини англайсиз”, деб ёзади у ўз китобида.

 

Инсонлар томонидан қурилган қадимий орол

Шотландиядадаги Лох-Боргастайл (Loch Bhorgastail) кўлида жажжи бир орол бор. Олимлар уни бундан 5000 йилдан кўпроқ вақт аввал инсон қўли билан яратилганини ва Миср эҳромларидан ҳам, Стоунҳенждан ҳам қадимийроқ эканини исботлашди.

Лох-Боргастайл (Loch Bhorgastail) кўлини ўрганаётган археологлар неолит даврига оид ажойиб кранног — сунъий оролни кашф этишди. Ушбу орол тарихчилар бу каби муҳандислик маҳорати ушбу минтақада мавжуд бўлган деб ҳисоблаган даврлардан анча аввал, саёз сувда барпо этилган.

Биринчи қарашда у шунчаки сувдан чиқиб турган оддий қояга ўхшайди. Бироқ сув остини ўрганиш жараёнида тадқиқотчилар ёғоч ва буталардан ясалган, кенглиги тахминан 23 метр бўлган улкан доирасимон платформани ҳамда уни қирғоқ билан боғлаб турувчи сувости тош йўлагини топишди.

Энг қизиғи, бу масканда бир вақтлар ҳаёт мавжуд бўлган,  олимлар у ердан юзлаб сопол идиш синиқларини топишди. Уларнинг баъзиларида ҳалигача қадимий таомларнинг қолдиқлари сақланиб қолган. Бу эса минглаб йиллар аввал одамлар бу ерда тўпланиб, таомланишгани ва эҳтимол, маросим байрамларини ўтказишганидан далолат беради.

Бу кашфиётни янада ҳайратланарли қиладиган жиҳат, унинг қандай топилганидир. Шотландия кўллари атрофидаги саёз сувлар археологлар тилида “оқ тасма” деб аталади. Бу ҳудуд сувости тадқиқот тизимлари учун жуда саёз, қуруқликдаги одатий хариталаш учун эса жуда чуқурлик қиладиган ноқулай зона ҳисобланади.

Муаммони ҳал қилиш учун тадқиқотчилар сувости фотограмметрияси, сув ўтказмайдиган стереокамералар, дрон тасвирлари ва 3D моделлаштириш технологияларини бирлаштирдилар. Бу эса яширин масканни ҳайратланарли даражада аниқ қайта тиклаш имконини берди.

Эндиликда олимлар Шотландия сувлари остида яна кўплаб тарихдан олдинги иншоотлар яшириниб ётган бўлиши мумкин, деб тахмин қилишмоқда.

Интернет манбалари асосида Сўғдиёна СОБИРОВА тайёрлади.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan