Мамлакатимизда оила институтларини мустаҳкамлаш, ажрим ва ишсизлик муаммоларини тўғри ёндашув асосида ҳал қилиш, аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаб, пировардида жамият тараққиётига эришиш мақсадида стратегик вазифалар белгилаб олинган. Ижтимоий ҳимояни кучайтириш орқали оилаларни қўллаб-қувватлаш, жамоатчилик орасида соғлом ва бахтли оила моделларини тарғиб этиш, оилавий низо ва жанжалларни шахсий масала сифатида хаспўшламасдан, жамоатчилик назоратини муайян даражада ўрнатиш (айниқса, муаммоли оилаларда) самарали натижа бермоқда.

Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманида ташкил этилган “Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи” мавзусидаги маънавий-маърифий тадбирда ҳам айни масалалар — оилаларни мустаҳкамлаш, оилавий қадриятларни асраб-авайлаш, ёш оилаларга ғамхўрликлар кўрсатиш, уларнинг ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш масаласи муҳокамалар марказида бўлди.

Тадбирда мазкур туманнинг “Кўсахо” маҳалласида истиқомат қилиб келаётган оилалар вакиллари, маҳалла имомлари ва отинойилари, ўзаро келишмовчилик туфайли ажрим ёқасига келиб қолган жуфтлик ҳамда ёшлар қатнашиб, энг аввал, узоқ йиллар давомида тинч-тотув, бахтли турмуш кечириб келаётган нуроний отахон ва онахонларнинг мавзу юзасидан фикр-мулоҳазалари тингланди. 60 йилдан кўпроқ вақт давомида аҳил яшаб, барчага намуна бўлиб келаётган тумандаги ибратли оилалар соҳиб ва соҳибалари тўпланганларга ўз умр йўли, ҳаёт машаққатлари, унинг тотли ва бахтли онлари ҳақида атрофлича гапириб беришди. Улар турмушида кузатилган яхши-ёмон кунларни доимо ҳамжиҳатликда, сабру бардош билан енгиб ўтгани сабаб, шундай бахтли кунларга етиб келганларини таъкидлашди.

Тадбир давомида маҳалладаги ажрим ёқасида турган ёш оила вакилларининг ҳам фикрлари эшитилиб, келишмовчиликка сабаб бўлаётган омиллар ўрганилди ҳамда таҳлил қилинди. Кўпни кўрган отахон ва онахонларнинг, “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳамда “Нуроний” жамғармаси Самарқанд тумани бўлими фаолларининг зарур маслаҳатлари, берган насиҳатлари асосида эр-хотин муросага келтирилиб, яраштирилди.

Якунда мустаҳкам оилани бунёд этиш йўллари, бахтга элтувчи омиллар ҳақида қимматли маслаҳат ва насиҳатлар бериб, тадбирни мазмунан бойитган ибратли оилалар соҳибу соҳибаларига алоҳида миннатдорлик билдирилди. Уларнинг ҳар бири ташкилотчиларнинг “Ташаккурнома”лари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Баҳодир ҚИЛИЧЕВ,

Самарқанд вилояти.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan