Китоб, илму маърифат инсонни жаҳолатдан, зулматдан ёруғликка, саодатга олиб чиқувчи воситадир. Илму маърифат билан машғул бўлмаган, мутолаани севмаган, уни ёқимли машғулотга айлантирмаган инсон ўз ҳаётида кўплаб йўқотишлар қилиши ёки ҳақиқатни кеч англаб етиши муқаррардир. Кеч англамоқ эса имконни бой бермоқликдир.

Бугунги кунда мамлакатимизда китобхонлик маданиятини юксалтириш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида мутолаа кўникмаларини шакллантириш ва   қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Юртбошимиз томонидан қабул қилинаётган фармон ва қарорлар замирида маърифатли жамиятни барпо этиш, эртанги кунга ишончни мустаҳкамлаш ғояси мужассамдир.

Ана шундай эзгу ташаббусларнинг амалдаги ёрқин намунасини Хоразм вилояти Шовот тумани “Ўзбекистон” қишлоғи “Оқ кўл” маҳалласида истиқомат қилувчи нуроний ижодкор Ортиқбой Манглибоев фаолиятида кўриш мумкин.

Ортиқбой Манглибоев 1939 йилда Шовот туманида туғилган.

1958 йилда ўрта мактабни тамомлаган. 1964-1968 йилларда Урганч давлат университетининг филология факультетида таҳсил олган. Узоқ йиллар педагогик фаолият билан шуғулланиб, тумандаги 14-, 15 – ва 16-мактабларда самарали меҳнат қилган.

Кўп йиллик фидокорона меҳнати ва ижодий фаолияти эътироф этилиб, 2021 йилда 1-даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланган. Шу билан бирга, у Турон ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси ҳисобланади.

Ортиқбой Манглибоев бугунги кунда бадиий ижоднинг назм, наср ва публицистика жанрларида баракали қалам тебратиб келмоқда. Шу кунгача йигирмадан ортиқ китоблар муаллифи бўлган ижодкор ҳар йили камида учта янги асарини нашрдан чиқаришга муваффақ бўлмоқда.

Адибнинг китобларини мутолаа қилган ҳар бир китобхоннинг маънавий дунёқараши кенгайиб, тафаккури теранлашади. Унинг асарлари ҳаётда ўз ўрнини топишга интилаётган ёшлар учун гўё йўлчи юлдуз вазифасини ўтайди.

Ортиқбой Манглибоев билан суҳбатлашган инсон унинг камтарлиги, сўзидаги самимият ва ижодга чексиз меҳрини дарҳол ҳис этади. У билан ҳар бир учрашув маънавий озуқага бой суҳбатга айланади. Қарийб 90 ёшни қаршилаётган бўлишига қарамай, нуроний ижодкор ҳозирги кунда ҳам изланишда, янги китоблар ёзиш билан банд.

Ижодкорнинг муваффақиятларида унинг умр йўлдоши Дармонжон Каримованинг ҳам ҳиссаси беқиёс. У узоқ йиллар она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси сифатида фаолият юритган. “Халқ маорифи аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланган.

— Ўн нафар фарзандни дунёга келтириб, қаҳрамон она бўлдим. Фарзандларимнинг таълим олиши ва ҳаётда ўз ўринларини топишида турмуш ўртоғим билан елкама-елка ҳаракат қилдик. Бугун фарзандларимиз турли соҳаларда — шифокор, ўқитувчи, психолог, ҳарбий, ҳуқуқшунос, адвокат сифатида фаолият юритмоқдалар. Йигирма олти нафар неварам, йигирма беш нафар чеварам бор. Ўн икки неварам — олий маълумотли. Уйимизда китобхонлик муҳити шаклланган. Деярли ҳар куни невараларимиз билан китоб ўқиймиз, таҳлил қиламиз ва бир-биримизга янги асарлар тавсия этамиз, — дейди онахон мамнунлик билан.

Манглибоевлар хонадонида китоб мутолааси оддий машғулот эмас, балки ҳаёт тарзи. Оила аъзолари ўртасидаги маънавий муҳит, илмга бўлган ҳурмат ва китобга муҳаббат ёш авлод тарбиясида муҳим ўрин тутмоқда.

Бугун маърифатли жамиятни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар, аввало, ана шундай китобхон оилалар тимсолида ўз амалий ифодасини топмоқда. Зеро, китобхон оила — юрт таянчи, маънавият маскани ҳисобланиб, ўз навбатида, у — келажак бунёдкорларини тетапоя қиладиган муқаддас ошёндир.

Асадбек Юсуф.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan