“Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!”

Самоиддин Ҳусейнов,

“Нуроний” жамғармаси Бухоро вилояти бўлими раҳбари.

Бугунги осуда ва фаровон ҳаётимизга холис назар ташлаб, кечаги ва бугунги кунимизни қиёсласак, қалбимизда беихтиёр шукроналик туйғуси уйғонади. Чунки инсон бор неъматнинг қадрига, энг аввало, кечаги ва бугунги ҳаётини солиштирганда етади.

Яқин ўтмишда қишлоқларда оддий лойсувоқ уйлар кўп эди. Оҳакланган уй энг замонавий уй ҳисобланар, машина, музлатгич ёки телевизор эса саноқли хонадонларда учрарди, холос. Бугун эса ҳатто энг олис ҳудудларда ҳам замонавий уй-жойлар қад ростлаган, деярли ҳар бир хонадон эшигида машина, ошхонасида музлатгич, уйида телевизор ва турли маиший техника бор. Бу — вақтнинг ўзи билан келган эмас, балки сўнгги йилларда юртимизда амалга оширилган халқчил сиёсат, изчил ислоҳотлар ва инсон қадрини улуғлаган ёндашув самарасидир. Шу маънода, бугунги Янги Ўзбекистонни англаш — фақат янги бинолар ёки йўлларни кўриш эмас, балки халқ ҳаётидаги сифат ўзгаришларини теран ҳис қилиш, уларнинг қадрига етиш ва шукр қилиш демакдир.

Ҳар биримиз ўзимизга бир саволни виждонан беришимиз керак: “Ким эдик, ким бўлдик?” Ана шу саволга холис жавоб беришнинг ўзи шукроналикка олиб келади. Чунки бугунги ўзгаришлар фақат рақамлар ёки ҳисоботларда эмас, балки ҳар бир оила ҳаётида, ҳар бир маҳалла қиёфасида, ҳар бир инсоннинг эртанги кунга ишончида намоён бўлмоқда. Янги Ўзбекистон деган тушунча энди шунчаки баландпарвоз жумла эмас. У — инсон қадрини улуғлаш, халқ дардини эшитиш, жамиятда адолат ва имкониятлар муҳитини яратишга қаратилган улкан тараққиёт фалсафасидир. Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси, “Ўзбекистон — 2030” стратегияси, маҳаллани ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган амалий чора-тадбирлар ана шу фалсафанинг ҳаётдаги ифодасидир.

Бугун жойларда амалга оширилаётган тарғибот ва тушунтириш ишлари ҳам ислоҳотларнинг халқчил моҳиятини янада яққол намоён этмоқда. Хусусан, Бухоро вилоятининг барча шаҳар ва туманларида аҳоли билан учрашувлар, мулоқотлар, тарғибот тадбирлари ўтказилиб, Президент Мурожаатномаси, “Ўзбекистон — 2030” стратегияси ва мамлакатимизда кечаётган янгиланишлар мазмун-моҳияти кенг жамоатчиликка етказилмоқда. Бу каби учрашувларнинг аҳамияти шундаки, улар расмий йиғилиш билан чекланиб қолмаяпти, аксинча, халқ билан юзма-юз мулоқот қилиш, аҳолининг фикрини эшитиш, ислоҳотларнинг мақсади ва натижасини содда, ҳаётий мисоллар орқали тушунтиришга хизмат қилмоқда. Маҳалла раислари, хотин-қизлар фаоллари, ёшлар етакчилари, ижтимоий ходимлар, нуронийлар, таълим муассасалари вакиллари, ташкилот ва корхона раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакилларининг иштирок этаётгани эса бу жараённинг ҳақиқатан ҳам, умумхалқ ҳаракатига айланиб бораётганини кўрсатади.

Бухорода туризм соҳасида ҳам улкан ўзгаришлар юз берди. 90 дан ортиқ мамлакат фуқаролари учун визасиз тартиб жорий этилиши, вилоятга 2,5 миллион нафар хорижий ва 4,5 миллион нафар маҳаллий сайёҳ ташриф буюргани, туризм хизматлари экспорти ҳажми 5,3 миллион доллардан 707,3 миллион долларга етгани Бухоронинг нафақат тарихий, балки Янги Ўзбекистоннинг очиқлик, меҳмондўстлик ва тараққиёт рамзига айланиб бораётганини кўрсатади.

Бухоро вилояти мисолида сўнгги йиллардаги ўзгаришларга назар ташласак, қисқа вақт ичида қандай катта тараққиёт йўли босиб ўтилганини яққол кўрамиз. Вилоят иқтисодиёти 1,7 баробарга ўсди. Ўртача умр кўриш давомийлиги 73,8 ёшдан 76,3 ёшга етди. Аҳоли даромадлари қарийб 2,1 баробарга ошди. Ҳар 100 та хонадонга тўғри келадиган автомобиллар сони 20 фоизга етди. Аҳолининг шахсий компьютерлар билан таъминланганлиги 1,8 баробарга, кондиционерлар билан таъминланганлиги 1,9 баробарга, бошқа маиший техника билан таъминланганлиги 1,5 баробарга ўсди. Бу рақамлар қуруқ статистика эмас, бу — одамларнинг кундалик турмушидаги реал ўзгариш, хонадонларга кириб борган фаровонлик, ҳаёт сифатидаги сезиларли юксалишдир.

Ижтимоий соҳадаги натижалар ҳам, айниқса, аҳамиятлидир. Вилоятда ишсизлик даражаси 2020 йилдаги 10,6 фоиздан 4,6 фоизга тушди. Камбағаллик даражаси 14,7 фоиздан 3,7 фоизга қисқарди. Тадбиркорлик субъектлари сони 38,5 мингтага етиб, 2020 йилга нисбатан 13,7 мингтага кўпайди. Бу эса одамлар учун меҳнат қилиш, тадбиркорлик билан шуғулланиш, оила даромадини ошириш имкониятлари кенгайганидан далолат беради. Тараққиётнинг яна бир муҳим кўриниши — ободлик ва инфратузилмада намоён бўлмоқда. 2020-2025 йилларда 17 минг 916 та хонадондан иборат 508 та кўп қаватли уй-жой барпо этилди. Ҳудудларда 4,7 минг километр йўл таъмирланди, 127 та кўприкда қурилиш ва реконструкция ишлари бажарилди. Демак, Янги Ўзбекистон тараққиёти одамларга узоқдаги ваъда эмас, балки ҳар куни юриб турган йўлида, яшаб турган маҳалласида, кўриб турган муҳитида намоён бўлаётган амалий ҳақиқатдир.

Сув, таълим ва тиббиёт соҳаларидаги ўзгаришлар эса инсон қадрини улуғлаш сиёсатининг энг ёрқин ифодасидир. Аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 54,8 фоиздан 78 фоизга оширилди. Мактабгача таълим қамрови 62,5 фоиздан 91,8 фоизга, айрим ҳисоб-китобларда 92 фоизга етди. 2020-2025 йилларда олий таълим муассасалари сони 5 тадан 10 тага, талабалар сони 44 минг нафардан 105 минг нафарга етди. Бу рақамлар ортида минглаб оилаларнинг орзу-умиди, фарзандлар келажаги, жамиятнинг билимли ва салоҳиятли авлодини тарбиялашга қаратилган катта ғамхўрлик мужассам. Тиббиёт соҳасида ҳам янги бинолар, замонавий ускуналар, профилактика ва соғлом турмуш тарзига эътибор кучайгани халқ саломатлиги йўлидаги муҳим қадамлардан бири  бўлди.

Бухорода туризм соҳасида ҳам улкан ўзгаришлар юз берди. 90 дан ортиқ мамлакат фуқаролари учун визасиз тартиб жорий этилиши, вилоятга 2,5 миллион нафар хорижий ва 4,5 миллион нафар маҳаллий сайёҳ ташриф буюргани, туризм хизматлари экспорти ҳажми 5,3 миллион доллардан 707,3 миллион долларга етгани Бухоронинг нафақат тарихий, балки Янги Ўзбекистоннинг очиқлик, меҳмондўстлик ва тараққиёт рамзига айланиб бораётганини кўрсатади. Бу натижалар иқтисодий ўсиш билан бирга, юртимизнинг дунёга очиқ, хавфсиз ва жозибадор мамлакат сифатидаги нуфузини ҳам мустаҳкамламоқда.

Бугунги кунда шукроналик ҳақида гапириш, бу — оддий ҳис-туйғу ҳақида сўзлаш эмас. Бу, аввало, тинчлик ва осойишталик қадрини англаш демакдир. Дунёда турли нотинчликлар, зиддиятлар, мураккаб сиёсий жараёнлар кечаётган бир пайтда юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликнинг қадри беқиёсдир. Шукроналик ана шу неъматларнинг қадрига етиш, осуда кунларимизнинг ҳар бир дақиқасини ардоқлаш, Ватан равнақи учун ўз меҳнатимиз, илмимиз, тажрибамиз ва эзгу дуоларимиз билан ҳисса қўшиш маданиятидир. Айниқса, нуронийлар бу борада жамият учун катта маънавий таянчдир. Чунки нуронийлар — халқ хотираси, ҳаёт мактаби, сабр, шукр ва дуо маданиятининг тирик тимсолидир. Кекса авлодга кўрсатилаётган эҳтиром ва ғамхўрлик ҳам Янги Ўзбекистонда инсон қадри энг олий мезонга айланганининг ёрқин далилидир.

Бугун муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган барча ислоҳотлар, қандай соҳага тааллуқли бўлмасин, ягона улуғ мақсадга — халқимизни рози қилиш, одамларнинг оғирини енгил қилиш, ҳаёт сифатини яхшилаш ва мамлакат тараққиётини таъминлашга қаратилган. Шунинг учун ҳам бугун ҳар биримиздан фақат кузатувчи бўлиб туриш эмас, балки дахлдор, фаол ва масъул фуқаро бўлиб яшаш талаб этилади. Нуронийлар — дуоси ва тажрибаси билан, ёшлар — ғайрати ва ташаббуси билан, зиёлилар — фикри ва маърифати билан, раҳбарлар — масъулияти билан, халқ эса бирлиги билан Янги Ўзбекистонни барпо этишга ҳисса қўшиши лозим.

Агар барчамиз бир тану бир жон бўлиб, аҳил ва якдил бўлиб, Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси билан ҳаракат қилсак, албатта, ҳар қандай маррани забт этамиз. Чунки Янги Ўзбекистонни барпо этиш — бу фақат давлатнинг эмас, бутун халқнинг умуммиллий ҳаракатидир.

Кечаги ва бугунги кунимизни қиёслаб қарасак, эришилган ютуқлар учун шукр қилишга, бор имкониятларни қадрлашга, юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлиги учун янада кўпроқ меҳнат қилишга маънавий асос топамиз. Шундай экан, шукроналик билан яшайлик, эзгу мақсадлар йўлида бирлашайлик, Янги Ўзбекистон равнақи учун биргаликда ҳаракат қилайлик.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan