Ота-она борки, ўз фарзанди келажагини ўйлайди. Қиз чиқариб, келин туширишни, улар  бахту камолини кўришни истайди. Рўзғор харажатидан орттириб, кам еб, кам ичиб бўлса-да,  сеп йиғади, сандиқ тўлдиради. Меҳнати ортидан топганини иқтисод қилиб, йиққан тўрт тангасини ишлатмай, тўй-маросимларига атаб қўяди. Фарзандлари то уйлик-жойлик бўлмагунча на дам олиш,  на даволаниш, на  дўстлар билан дийдорлашишни хаёлига келтиради. Фақат орзу-ҳаваслари рўёбини ўйлайди.

Эзгу ният билан яшаш яхши, албатта.  Аммо ҳамма нарсада меъёр  бўлгани афзал. Ўйлаб кўрайлик, йиллар давомида  пешона тери эвазига  жамлаган маблағларимизни ортиқча маросим, асъасаю дабдабага сарфлаш, ҳаддан ортиқ исрофгарчиликка йўл қўйиш тўғримикан?!

Очиғи, тўй-ҳашамларда бўлган чоғимизда уларда  йўл қўйилаётган  исрофгарчиликлардан таъбимиз хира бўлиши бор гап. Масалан, ўз ҳудудимизда  иқтидорли санъаткорлар бўла туриб,  катта пул эвазига пойтахтдан ёки қўшни вилоятлардан номдор санъаткорларни чақириш шартмикан?! Уларинг устидан  даста-даста пуллар сочиб, пулдор, бойвачча  эканимизни кўз-кўз қилиб, нимага эришмоқчимиз?

Тўйга келган меҳмон нари борса икки-икки ярим соат ўтиради. Шу қисқа вақт  ичида “стол синиб кетар даражада” кўп ва хўб миқдорда қўйилган ноз-неъматлардан бир чимдим татишнинг ўзидаёқ  одамнинг қорни тўяди.  Шунга қарамай,  тўй охиригача дастурхонга  икки-уч хил таом тортилишига ҳожат бормикан?!

Бухорода  никоҳ тўйидан ташқари, оқлик, фотиҳа, рахзанон, чарлар каби  маросимлар бор. Тўй соҳиблари ҳар бир маъракани ўтказишда   видеотасвирчи, сураткаш,   қўшиқчи, даврабоши, ошпаз, кайвони, ресторан  ва ҳоказоларга пул тўлаши керак. Бу қанчалик   маблағ  талаб қилишини    ҳам яхши биламиз.

Ана шундай ортиқча чиқимларнинг олдини олиш учун ҳам  тўйни фақат икки юз кишилик  иштирокчи билан ўтказиш,  майда-чуйда маросимларга  чек қўйиш масаласига давлат сиёсати даражасида  эътибор бериляпти. Демак, бу ўринда халқ манфаати, турмуш фаровонлиги  назарда тутилмоқда. Бироқ, буни тушунмаган ёки тушунишни истамаган айрим юртдошларимиз ҳамон олдинги усулда тўй қилиб, ортиқча дабдабабозлик иллатини давом эттирмоқдалар.

Яқинда маҳалламизда бўлиб ўтган “Тўйларга эътибор — эл манфаатига эътибор” деб номланган  маърифий тадбирда ана шу масалалар хусусида сўз борди. Кўпни кўрган, бой ҳаётий тажрибага эга ёши улуғ инсонлар, шу билан бирга, ёшлар вакиллари сўзга чиқиб, юқоридаги қусурларни кескин танқид қилдилар. Маҳалламизда замон талабларига мос, ҳашамлардан холи, исрофгарчиликларсиз, камчиқим тўйлар ўтказиш бўйича ўз таклиф-мулоҳазаларини билдирдилар.

Хулоса шуки, тўй — бир ёки икки кишининг иши эмас. Унга тўй эгаларидан ташқари, маҳалла фаолларидан бошлаб,  оқсоқоллар, кайвонию отинойилар, қўни-қўшни, маҳалладошларнинг барчаси масъулдирлар. Шундай экан, бугунги жамиятимизда тўйлар еб ичишу ўйнаб-кулишдан иборат бўлмай, қадриятларимизни тараннум этувчи ўзига хос маросимлардан бирига айланиши керак. Бунга эса барчамиз ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшишимиз шарт ва зарурдир.

Тўй тўйдек, яъни доно аждодларимиз бошлаб берган эзгу анъана ва қадриятларимизга мувофиқ ҳамда ҳамоҳанг бўлсин!

Мастура АКРАМОВА,

 Бухоро тумани “Наврўз” маҳалласи

“Бувижонлар мактаби” гуруҳи раҳбари.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan