Ён-атрофимдаги, ишхонамдаги яхши инсонларни кўриб, кўнглим ёришади. Улардан бошқалар ҳам улги олишларини, ўрганишларини истайман. Биз кўпчилигимиз ибрат олишимиз керак бўлган инсонлар ҳақида гап кетганда, мен даставвал аҳмаджон мелибоевни кўз олдимга келтираман.
Устознинг адабиётимиз учун, хусусан, бадиий таржима, публицистика ривожи борасидаги хизматлари, ижтимоий фаолиятлари, ўзлари раҳбар бўлган жамоа ходимларига, айниқса ёш ижодкорларга кўрсатаётган ғамхўрликлари… Ёзувчилар уюшмасидаги сермазмун маърузаларидан бир дунё сабоқ оласиз. Бирорта жумлани шунчаки тилга олмайдилар. Ҳар бир гаплари пурмағиз, мантиқли. Ҳатто ҳар гал сўзларининг якунида айтадиган ҳазилнамо гаплари — “Жаҳон адабиёти”га обуна бўлишни эслатишлари ҳам бежизга эмас. Муҳаррир бўлганлари жиҳатиданмас, адабиёт манфаатини ўйлаб, халқимизни дунё адабиётидан бохабар бўлишлари, дунёқараши кенгайишини чин дилдан истаганлари учунгина айтадилар.
“Жаҳон адабиёти” журнали, таъбир жоиз бўлса, миллий адабиётимиз ва жаҳон адабиёти ўртасида маънавий кўприкдир. Биз ҳар доим ҳам хориж адабиёти дурдоналаридан вақтида хабардор бўлиб бориш имкониятига эга эмасмиз. Мазкур журнал эса бизга ана шундай қулай имкониятни берадиган мўътабар нашрдир. Аҳмаджон Мелибоев устозимиз раҳбарлигидаги ана шу мўътабар нашрнинг нуфузи, обрў-эътибори йил сайин ортиб бормоқда. Журнал кўплаб истеъдодли таржимонлар, адибларни элга танитди. Жаҳон адабиётининг энг нодир асарларини ўзбек китобхонларига сифатли, юксак савияда етиб боришига ҳисса қўшди. Устознинг адабиётга бўлган меҳри, ҳар бир сўзга донишмандона ёндашиши, бутун бошли журнал матнини бошидан охиригача кўздан ўтказиши, талабчанлиги бу борада алоҳида ўрин тутади.
Устоз Аҳмаджон Мелибоев ҳар доим одамгарчилиги, камтарлиги ва самимийлиги билан ажралиб турадилар. У кишининг суҳбатида бир боргина бўлган киши фикрларидаги теранликни, ҳаёт тажрибасини ва адабиётга бўлган чексиз муҳаббатини дарҳол ҳис қилади. Жамоага талабчанликлари билан бир вақтда, ҳар бир ходимига оталарча эътибор, ғамхўрлик кўрсатади. Бу билан эса жамоада ўзаро меҳр-оқибатга асосланган ижобий, ижодий муҳит яратадилар.
Бугун устозимиз саксон ёш остонасига қадам қўяр эканлар, уларнинг ҳаёт йўли — садоқат, меҳнат ва маънавият намунаси сифатида барчамиз учун ибрат бўлиб келаётганини яна таъкидлагим келади. Устозимизнинг ўткир қалами, фикри ва устозлик меҳри яна узоқ йиллар давомида адабиёт ва маънавият оламига нур сочиб туришига тилакдошмиз.
Дилфуза МАҲМУДОВА.