Дунёдаги энг қадрли неъмат — оила тинчлиги ва хотиржамлигидир. Оиласида ҳаловати бўлмаган инсоннинг ҳаёти ҳам, касб-кори ҳам рангсиздек гўё. Унда на қувонч, на ҳайрат ва на мазмун бор. Бахт деган тушунча ҳам асли шундан бошланади, бизнингча. Аммо кейинги вақтларда ёш оилаларда оила деб аталган муқаддас масканнинг дарз кетаётганлиги кўплаб муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Жорий йил “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йили деб номланиб, “маҳаллабай” ишлаш тизимига жиддий эътибор қаратила бошланди. Эндиликда ислоҳотлар маҳаллаларда ўрганиш ишларини тизимли ташкил этиш, муаммоларни вақтида аниқлаш, фуқаролар билан манзилли ишлаш асосида олиб борилиб, жамиятда ижтимоий муҳитни соғломлаштириш, фуқароларнинг ишбилармонлик ва тадбиркорлик салоҳиятини ишга солиб, маҳаллалар фаровонлигига эришиш янги босқичга кўтарилмоқда.
Маҳалла тизимида, айниқса, оилавий муаммолар масаласи алоҳида эътибор талаб қилади. Ҳудудларда оилавий низоларни ижобий ҳал этиш, келишмовчиликларни келтириб чиқараётган омилларни аниқлаш, оилавий анъана ва қадриятларни сақлаб қолиш мақсадида қатор саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида “Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш” комиссиясининг навбатдаги йиғилиши ўтказилиб, “Шўрсой”, “Тузбозор”, “Косиблар” ва “Сариосиё” маҳаллаларида ажрим ёқасига келиб қолган низоли оилаларнинг мурожаатлари ўрганилди. Натижада, битта оила яраштирилиб, 2 тасига ярашиш учун муҳлат берилди. Тадбирда “Нуроний” жамғармаси Бойсун тумани бўлими раиси Э.Тошбоев, “Бувижонлар мактаби” раҳбари С.Насруллоевалар қатнашиб, ёшларга оила муқаддаслиги хусусида тушунтириш бердилар, шунингдек, фарзанд тарбиясида ота-она ва маҳалла-кўйнинг ўрни муҳим эканини таъкидладилар.
Ўрганишларга кўра, ажрим қарори ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаяпти. Бунга оиладаги фарзандсизлик, ўзаро келишмовчиликлар, учинчи шахслар аралашуви, узоқ вақт бирга яшамаслик, иқтисодий етишмовчиликлар, қариндошлар ўртасидаги ҳамда эрта никоҳ, қонуний никоҳни бекор қилмасдан бошқа оила қуриш каби ҳолатлар сабаб бўлмоқда, афсуски.
Ажрим масаласи бир-икки сабаблар натижасида шаклланиб қолмайди, албатта. Патриархал стереотиплар устувор бўлган оилаларда аёл фақат бола парвариши, уй-рўзғор билан андармон бўлиб қолади. Иқтисодий қарамлик, эркинликнинг етишмаслиги, мустақил фикрини эркин айта олмаслик аёлларни жамиятдан узиб қўяди. Аслида, жамият тараққиётида аёлнинг роли ғоят катта аҳамият касб этиб, хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштироки миллат ривожининг ажралмас бир бўлагига айланиши лозим.
Иккинчидан, оилавий зўравонликлар “шахсий масала” сифатида хаспўшланди, учинчи шахслар аралашуви оилаларда носоғлом муҳит, нобоп шароитни келтириб чиқарди. Бунинг ортидан қанчалаб аёллар босим, зўравонлик, жабр остида мум тишлаб яшашига тўғри келди. Ҳатто болаларнинг руҳиятига, тарбиясига жиддий зарар етиб, уларнинг муносиб шароитда вояга етишига тўсиқ қўйилди. Энг ёмони, гендер асосидаги зўравонлик кўп ҳолларда очиқланмай, жиноятчи сирлигича қолиб кетди. Аммо сўнгги йилларда аёллар ҳимояси янада кучайтирилаётгани, ҳуқуқлари қонун билан янада мустаҳкамланаётгани, хотин-қизларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, уларнинг таълими ва касб-ҳунар эгаллаши учун кўплаб имкониятлар яратилаётгани, зарур ҳолларда имтиёзлар жорий этилаётгани бу каби ечимини кутаётган муаммоларга мувофиқ чора бўлмоқда.
Дарҳақиқат, хотин-қизларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги муҳим жараёнларда иштирокини таъминлаш учун қонунни ўзгартириш билангина иш битмайди. Қонун баробарида ижтимоий онг ҳам ўзгариши, атрофдагиларнинг мазкур масалага муносабати қайтадан шаклланиши керак. Аёлга имтиёз эмас, эркинлик керак, имконият ва қобилиятини тўла намоён этиши, мамлакат тараққиётида фаол иштирокчига айланиши учун мавжуд тўсиқларни тўлақонли бартараф этиш лозим. Қисқа қилиб айтганда, бу кўп томонлама иштирокни талаб этадиган жараён бўлиб, унда барча даражадаги давлат органлари, фуқаролик жамияти, тадбиркорлар ва аҳоли биргаликда ҳаракат қилиши мақсадга мувофиқдир.
Энг ёмони, низо ва ажрим жараёнида болалар энг кўп жабр кўрадиган томон бўлиб қолмоқда. Оилага дарз кетиши фарзандларнинг руҳий-психологик ҳолатига салбий таъсир кўрсатиб, ўз ҳаётини кемтик, тўлиқсиз ҳис этади. Бу келажак авлод камолотига жиддий зарар, аслида.
Юқоридагилардан хулоса шуки, соғлом оилавий муносабатларнинг мустаҳкамланиши учун ишни энг қуйидан — маҳалла даражасидан бошлаш, узоқ йиллардан бери бирга бахтли яшаётган намунали оилалар билан давра суҳбатларини ташкил этиш, қўша қариш саодатига эришган доно отахон ва онахонларнинг ҳаётий тажрибасини бошқаларга ибрат қилиб кўрсатиш, намунали оила моделларини тарғиб этиш юксак самара беради.
Суғдиёна СОБИРОВА.