Самарқанд вилояти Қўшработ туманининг тоғли “Пангат” маҳалласида  табаррук ёшли отахон — Нарзулла бобо Қўшбоқов яшайдилар. 94 ёшни қаршилаган отахондан бардам-бақувватлик, узоқ умр сирларини сўраганларга жисмоний фаоллик деб жавоб берадилар. Дарҳақиқат, отахон эсини танигандан буён меҳнат қилади. Ўрта мактабни тамомлагандан бошлаб, жамоа хўжалигида қурувчи бўлиб ишлаган. Узоқ йиллик меҳнат фаолияти давомида кўплаб йўллар ва биноларнинг қурилишида, Қўшработ тумани ободлиги йўлида меҳнат қилган.

Ишдан бўш пайтларида боғдорчилик билан шуғулланган, кўчатларни пайвандлаш, касалликка чидамли, серҳосил янги навлар яратиш энг севимли машғулоти бўлган. Чорвачилик билан қизиққан, от, сигир, қўй-эчкиларнинг наслига эътиборли бўлган. Сара зотли ҳайвонларни кўпайтиришга эътибор қаратган.

— Менга узоқ умр кўриш, қўша қариш ҳақида кўп саволлар беришади. Уларга узоқ умр кўришни истасанг, кўпроқ ҳаракат қил, меҳнат қилсанг, соғлом бўласан, ҳам оиланг тўкин бўлади, деган гапни кўп айтаман, — дейди отахон. — Қўша қариш масаласига келсак, бутун умр бирга яшайдиган одамнинг насл-насаби, оиласини обдон ўрганиш ва кейин турмуш қуриш зарур. Ахир, бўлажак аёлинг  авлодинг  давомчиси бўлган фарзандларингни дунёга келтиради, тарбиялайди. Бу жуда жиддий масала. Амир Темур бобомиз ҳам келин танлашни давлат иши даражасидаги масала, деб қараганлар. Аёлим Манзураой билан турмуш қурганимизга бу йил етмиш бир йил тўлади. Уч нафар фарзандимиз бор. Икки қиз, бир ўғил. Фарзандларимнинг каттаси — қизимнинг ёши ҳам етмишга бориб қолди. Ҳаммаси ўзидан тинган, ували-жували бўлиб кетишган, шукр. Невараю эваранинг саноғини ўзимам билмайман, тўғриси, санамайман ҳам. Баракаси учмасин дейман-да.

Қишлоқ аёллари қатори қўллари меҳнатда қаварган, 88 ёшда бўлсалар ҳам, ҳамон қадди тик, ҳаракатлари илдам онахонни суҳбатга тортаман.

— Онахон, етмиш бир йил бирга яшабсизлар, бу оз муддат эмас. Шу йиллар давомида қандай умр кечирганингизни кўз олдингизга келтирган чоғингизда кўнглингиздан қандай ҳислар кечади?

— Етмиш бир йил бирга яшаган давримда, умуман, 88 йиллик ҳаётим давомида фақатгина шукроналикни ҳис қилдим, — дейди Манзура ая. — Аллоҳ шунчалик умр, турмуш ўртоқ, фарзанду набира-эваралар берди. Барчасига шукр. Тўғри, ҳаёт йўли бир текис кетмаган, камчилигу тушунмовчиликлар бўлгандир, ранжигандирман, лекин тишимдан ташқарига чиқармаганман. Чунки мен тарбия топган оилада, аёлнинг сабрли бўлиши ҳақида доимо уқтириб келинган. Тинмай меҳнат қилдим, рўзғорнинг бутунчилиги учун тиришдим. Эркак тоғдай топиб келса ҳам аёл ўрнига қўйиб, эплаб, жой-жойига ишлатмаса, рўзғорда барака бўлмайди. Ҳеч нимани исроф қилмасликка, боридан унумли фойдаланишга ҳаракат қилдим. Қўй-эчкиларимизнинг юнгини йигириб, гиламлар тўқидим. Уйларимизни қип-қизил қилиб безадим, қизларимнинг сепига қўшдим. Маҳалламизда мен тўқиган гиламларнинг харидори кўп бўлди. Орттирганимни сотиб, бошқа камчиликларни бутладим. Сабзавотлар, гўшт-ёғ, ҳатто ун ҳам ўзимиздан чиқади. Буғдой экиб, тегирмонда торттириб оламиз. Бунинг ҳаммаси меҳнат ва ҳаракат талаб қилади. Вақтимни бекорга сарфламадим, доимо фойдали иш билан шуғулландим. Узун қиш кечаларида  ё жун йигириб, ё пахта чувиб вақт ўтказардим. Меҳнатларим эвазига камчилик кўрмадим, рўзғорим бут, баракали бўлди, шукр. Фарзандларим ҳам меҳнатда катта бўлди. Ҳалол нон еб улғайди, ҳозир улар ҳам фарзандларини шундай тарбиялаяптилар. Инсоннинг ҳалол ризқ еб улғайишида гап кўп, униб-ўсади, эл-юрт олдида юзи ёруғ бўлади. Шу ёшимда ҳам энди бўлди, қаридим, деб ўтирмайман, ўзимга мос иш топиб, бажариб кетавераман. Ҳаракат қилиб юрган одам жим ўтиролмас экан. Тирик одам ҳаракат қилгани яхши-да, ўтириб қолишдан Худо асрасин.

Ўтаётган умри ва тақдиридан рози онахон билан суҳбатлашиб тўймайсиз. Содда, самимий, дилкаш онахоннинг меҳр тўла сўзлари дилга олов ёқади.

— Ҳаётимдан мингдан-минг розиман, — дейди отахон. — Агар яна қайта дунёга келсаму танлаш имконияти берилса, яна шу ҳаётимни, шу аёлимни, оиламни танлаган бўлардим. Ўтган умримни сарҳисоб қилиб кўрсам, кўнглим ёришади. Ёмон яшамадим, бировни ранжитмадим, ўзгалар ҳақига кўз олайтирмадим. Фарзандларимга ҳам шундай тарбия бердим. Қайсидир хислатим ёққанми, Яратган шундай баракали умр берди. Маҳалла-кўй, қўни-қўшнилар тез-тез зиёратга келиб туришади. Янги туғилган чақалоқларни олиб келишади, ном қўйиб бераман, қулоғига азон айтаман. Элда азиз қилиб қўйганига шукр.

Ўтган ҳаётини кўз олдига келтириб, ҳозирда ёнида бўлмаган азиз инсонларию дўстларини эслабми, кўзларига ёш олган Нарзулла ота, сездирмаслик учун деразадан кўриниб турган қирларга кўз тикади. Шу қирлар бағрини тўлдириб, гулдурос солиб от чоптириб юрган йигитлик дамларини қўмсайди, соғинчи кўзида ёш бўлиб милтиллайди…

Нуроний отахону онахоннинг дуоларини олиб, ташқарига чиқарканмиз, ушбу фариштадек беозор инсонларнинг ибратию матонатига ҳавас туйғуси бутун борлиғимизни чулғаб олганлигини юрак-юракдан ҳис қилдик.

Асолат АҲМАДҚУЛОВА,

“Нуроний” мухбири.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan