Иккинчи жаҳон урушида фронтда қон кечиб жанг қилган, жанггоҳлар ортида мардона меҳнат қилиб, ғалабага ўз ҳиссасини қўшган, ҳар қанча қийинчилик ва очликни енгиб, бугунги дориломон кунларга етиб келишимиз учун ўз ҳиссасини қўшган ҳар бир инсондан умрбод миннатдормиз, албатта.
Шундай фидойи кишилардан саноқлиларигина бугунги кунда ҳаёт, гарчи ёшлари 100 дан ўтган бўлса ҳам, улар ҳамон тетик, дуогўй, беғараз маслаҳатчиларимиз бўлиб, ёнимизда умргузаронлик қилмоқдалар. Афсуски, вақт ўтгани сайин уларнинг сафи сийраклашиб, борган сари тансиқлашиб, азиз ва мўътабар эканликларини янада эслатаётгандек туюлади. Уларни зиёрат қилишга шошилиш, қимматли хотираларини тинглаш, бебаҳо насиҳатларини эшитишга улгуриб қолиш лозимлигини тобора ҳис қилиб бормоқдамиз. Шундай табаррук отахонларимиздан бири Маҳмуд бобо Исаевдир.
Маҳмуд бобо Исаев 1924 йил 1 июлда Самарқанд вилояти Нарпай тумани “Ғалаба” жамоа хўжалигида туғилган. 1938 йилда янги ташкил этилган “Победа” колхозида 14 ёшидан иш фаолиятини бошлаган. Иккинчи жаҳон уруши бошланган даврларда барча йигитлар фронтга кетиб, иш, асосан, ёш болалар, аёллар, қарияларга қолган эди. Кейинчалик урушдан ногирон бўлиб қайтганлар ҳам улар сафига қўшилди. Оғир меҳнат, тўйиб овқат емаслик, тўйиб ухламаслик одамларнинг росмана тинкасини қуритар эди. Лекин эртанги кунга бўлган ишонч, умид уларни яна оёққа туришга ундарди. Бор топган-тутганларини фронтга жўнатсалар-да, аскарларга озиқ-овқат етмаяпти, деган хабарлар келарди тинмай… Қанд лавлаги экиш, буғдой, арпа экиш учун ҳўкизларда омоч билан ер ҳайдардилар. Силласи қуриган ҳўкизларга раҳм қилиб, ўзлари ҳам омоч тортардилар. Ўзлари қаттиқ совуқларда юпун кийинган бўлсалар ҳам иссиқ кийимларини фронтга юборардилар.
Уруш ғалаба билан якунланиб, орадан икки йил ўтгандан сўнг фронтдан қайтган жангчилар ва ёш-яланглар билан бирга, Маҳмуд бобо Исаев ҳам кўнгиллилар сафида Каттақўрғон сув омборини қазишга борганлар. Ҳашарчилар қопларга тупроқ тўлдириб, елкасига ортиб, тепага олиб чиққанча минг машаққат билан меҳнат қилган ҳолда, сув омборини битказганлар. Ўша пайтда сув омбори қурилишини “Иккинчи фронт” деб номлаган эдилар.
Маҳмуд бобо партияга аъзо бўлганликлари учун съездларга депутат қилиб сайланганлар. Уларнинг кўп йиллик меҳнатлари муносиб баҳоланди. Жумладан, отахон 1984 йилда “Меҳнат ветерани” нишони, 1994 йилда “Шуҳрат” медали, 1995 йилда “Ғалабанинг 50 йиллиги”, 2025 йилда “Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги” юбилей нишонлари билан тақдирланган.
Отахон бугун 6 нафар ўғил, 30 дан ортиқ набира, эваралар қуршовида умргузаронлик қилмоқда. Маҳмуд бобо фарзандлари, набира-ю эваралари жам бўлган дамларда узун ва машаққатли умр ҳикояларидан айтиб берадилар. Ёшларга бугунги кунга шукрона келтириш, қадрига етишни уқтирадилар. Ҳолидан хабар олиб турадиган маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёратга келиб турувчи инсонлардан миннатдор бўладилар ва дуоларга қўл очадилар. Эл-юртга тинчлик, хотиржамлик, халқимизга фаровонлик тилаб чарчамайдилар.
Асолат АҲМАДҚУЛОВА,
“Нуроний” мухбири.