Ўтган ҳафтада суюкли набирам Юсуфжонни ёнимга олиб, Тошкентга келдим. унга ўзим ўқиган олийгоҳни, яшаган, ишлаган манзилларимни кўрсатдим. Пойтахтнинг гўзал боғлари, Ислом цивилизацияси маркази, “Ҳайвонот боғи”, Ўзбекистон давлат цирки, стадионлар ва театрларни айландик. 1-синфда ўқийдиган набирам бундан жуда хурсанд бўлди, дунёқараши, ватанга бўлган меҳри янада ошди. Мен ҳам ўқиб, олим бўламан, деб ният қилди.
Пойтахтни фахрланиб, завқланиб айландик. Айниқса, кейинги тўққиз йилда Тошкент шаҳри таниб бўлмас даражада гўзаллашди. Талабалик йилларим Тошкент қишлоқ хўжалиги институти (ҳозирги Тошкент давлат аграр университети)да ўтган, 1975-1977 йилларда Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасида сектор мудири бўлиб ишлаганман. 1991 йилда Ўзбекистонимиз мустақилликка эришганида Олий Кенгаш депутати, халқ вакили сифатида бош қомусимиз, байроғимиз, мадҳиямиз ва яна кўплаб қонун ҳужжатлари қабул қилинишида иштирок этдим. Бугун 90 ёшга яқинлашган бўлсам-да, мамлакатимиздаги барча кексалар каби давлатимиз раҳбари ташаббуси билан биз, нуронийларга кўрсатилаётган меҳр, эътибор, ишонч ва ғамхўрликдан куч оляпман. Самарқанд шаҳридаги “Алишер Навоий” маҳалласида жамоатчилик асосида “Кексалар маслаҳати” гуруҳида иш олиб боряпман. Шунингдек, вилоят “Нуронийлар” жамоатчилик кенгаши аъзосиман.
Қишлоқда туғилиб ўсганим сабабли, умримнинг асосий қисми қишлоқ хўжалиги юмушлари билан кечди. Болалигим Иккинчи жаҳон уруши ва ундан кейинги қийинчиликлар даврига тўғри келди. 1945-1955 йилларда қишлоқларда ҳамма томорқасига оқ жўхори экиб, олинган ҳосилни ун қилиб, зоғора нон еб ҳаёт кечирарди. Буғдой уни тансиқ егулик сифатида меҳмонлар, бетоб инсонлар учун тайёрланарди. Фақат якшанба куни отамиз бозорга бориб, қанд-қурс ва бошқа егуликлар олиб келарди. Қишлоғимизда биттагина дўкон бўлиб, унда ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари жуда камёб эди. Борига шукр қилиб яшадик, синовларга бардош бердик. Мақсад йўлида бардавом бўлдик. Урушда ярадор бўлиб қайтган отам бизни сабр-қаноатга, чидамли бўлишга ўргатган. Меҳнат қилдик, аста-секин турмушимиз изга тушди.
Бугунги шукуҳли кунларда шуни алоҳида таъкидлашни истар эдимки, кейинги 9 йилда Янги Ўзбекистонимиз ҳар томонлама ривожланди, обод бўлди. Халқаро ҳамжамиятда ўз ўрнини мустаҳкамлаб, кундан-кунга обрў-эътибори юксалмоқда. Юртимиз аграр ўлкадан саноати ривожланган, илм-фан тараққий этган, сайёҳлар оқими кўпайган мамлакатга айланди. Одамларнинг турмуш шароити сезиларли даражада яхшиланди, жумладан, энг чекка қишлоқларда ҳам йўллар текис, электр энергияси таъминотининг узлуксизлиги таъминланиб, халқимиз фаровонлиги ошди.
Давлатимиз раҳбари катта сиёсий ирода, шижоат, халқпарварлик, тинчликсеварлик билан халқимизни бир мақсад — Янги Ўзбекистонимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йўлида бирлаштириб, барчамизда ижтимоий фаоллик ва жамиятга даҳлдорлик туйғусини уйғотди. Шу билан бирга, қўшни давлатлар билан дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини тиклаб, чегараларни очиб, бутун Марказий Осиё халқларининг меҳрини қозонди. Бугун халқаро ҳамжамиятда нуфузли экспертлар Янги Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари орасида етакчилик мақомига эга бўлганини алоҳида эътироф этишмоқда.
Ҳозир юртимизнинг қаерига борманг, (жумладан, мен туғилиб ўсган Пайариқ туманига ҳам) кўзни қувонтирадиган, дилни яйратадиган ўзгаришларга гувоҳ бўласиз. Тарих ва янги замон руҳини ўзида мужассам этган Самарқанд сўнгги тўққиз йилда ўзининг замонавий қиёфаси билан дунёга танилди. Сайёҳлар оқими кўпайди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Имом Бухорий мажмуаси гўзал қиёфада қайта тикланиб, ишга тушгач, дунёдан, мусулмон мамлакатларидан келаётган зиёратчилар сони мисли кўрилмаган даражада ортди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бугун Самарқанд шаҳри йирик ва халқаро анжуманлар, нуфузли давлат тадбирлари ҳамда дунёнинг энг етакчи давлат арбоблари учрашувлари ўтказиладиган манзилга айланди. Кейинги йилларда жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари раҳбарлари Самарқандга ташриф буюрди. Шунингдек, қадимий ва ҳамиша навқирон шаҳарда ЮНЕСКОнинг юбилей конференцияси ҳамда кўплаб йирик анжуманлар ташкил этилди.
Мамлакатимиз етакчисининг ўтган йили ноябрь ойида Самарқанд вилоятига ташрифи ҳам тарихий воқеаларга бой бўлди. Самарқанд шаҳри ва 600 мингдан зиёд киши истиқомат қиладиган Ургут тумани ўртасида қисқа муддатда темир йўл қурилди ва Президентимиз биз, нуронийлар билан поездда Ургут туманига ташриф буюрди. Давлатимиз раҳбари Ургут тумани мисолида 30 та йўналиш бўйича ишсизлик, камбағалликни тугатиш, ердан унумли фойдаланиш, томчилатиб суғориладиган токзорлар барпо этиш, пировард натижада иқтисодиётни яхшилаш каби вазифаларни белгилаб берди. Ургутда 100 минг квартирали уй-жой қуриб, “Янги Ургут” шаҳрини барпо этиш ният қилинди ва буларнинг барчасига сарфланадиган харажат учун ортиғи билан маблағ ажратилиши биз, кексаларни ҳам ғоят қувонтирди.
Сўзимиз аввалида Иккинчи жаҳон уруши оқибатларини бежиз эсламадик. Онам раҳматлининг икки укаси урушдан қайтмаган. У киши бир умр урушни қоралаб, кечалари юм-юм йиғлаб ўтди. Ана шундай оғир қийинчиликларни кўрганимиз учун ҳам тинчлик-осойишталик улуғ неъмат эканлигини бугунги ёшларга тушунтиришимиз керак. Давлатимиз томонидан сўнгги йилларда ёшларнинг ўқиб, билим олиши, салоҳиятини юксалтириши учун яратилаётган имкониятларни биз, ёши улуғлар бир умр орзу қилганмиз. Шунинг учун ҳам бу имкониятлардан унумли фойдаланишни, қадрига етишни фарзандларимизга тушунтиришимиз, бу йўлда уларни қўллаб-қувватлашимиз зарур.
Ишонч билан айтиш мумкинки, мамлакатимизнинг барча нуронийлари каби самарқандлик нуронийлар ҳам муҳтарам Юртбошимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган халқчил ислоҳотларни қўллаб-қувватлаб, жамиятимиз ҳаётида фаол иштирок этмоқдалар. “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви, хусусан, жамғарманинг Самарқанд вилояти бўлими томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар ва олиб борилаётган ишларнинг асосида ҳам, энг аввало, давлатимиз раҳбари томонидан биз, нуронийларга билдирилаётган ишончни оқлаш, маҳаллалар ва оилаларда ҳамжиҳатлик, аҳиллик муҳитини асраш, ёшларни она Ватанимизга муносиб ўғил-қизлар этиб тарбиялашдек эзгу мақсад мужассам.
Бозору дўконларимиз тўкин, ҳаётимиз фаровон бўлган бугунги шукуҳли кунларда барчамизнинг қалбимизда шукроналик, тилимизда бир дуо бор: Янги Ўзбекистонимизга кўз тегмасин. Эл-юртимиз тинч, Юртбошимиз ҳамиша омон бўлсин! Биз, нуронийлар эса эл-юртимиз хизматида ҳамиша камарбастамиз!
Абдушукур МУҲАММАДҚУЛОВ,
“Дўстлик” ордени соҳиби,
Самарқанд вилояти
“Нуронийлар жамоатчилик кенгаши” аъзоси.