Андижон вилоятининг Избоскан туманида Насибахон Адҳамовани барча яхши танийди. Ёши 65 да, аммо доим ярашимли либос кийиб, ораста юрадиган, ҳаракатлари чаққон Насибахонимни кўрганлар унга нари борса, 50 ёш беришади.
Насибахоннинг 3 нафар фарзанди бор. Лекин “неваралари” жуда кўп. Ҳар ҳолда 200-300 эмас, 1000 нафардан ҳам кўпроқ. Ҳар куни бўлмасаям, ҳафта — ўн кунда невараларининг ҳеч йўқса, ярми билан кўришиб, улар билан суҳбатдош бўлади. Ахир Насибахоним “Нуроний” жамғармаси Избоскан тумани бўлимига қарашли “Бувижонлар мактаби”нинг раҳбари-да.
Иш режасида тасарруфидаги 48 та боғча ва 52 та мактабдаги болажонлар билан турфа йўналишларда тадбирлар ўтказиш белгиланган. Улар билан болага айланиб суҳбатлашиш, орзу-истаклари билан қизиқиш, алоҳида истеъдоди борларни кўз остига олиб, янги режалар тузишга одатланган. Боғчадаги набираларининг эртакларга муносабати, яшаб турган ўлкасини қай даражада ўрганаётгани, ўзбегимнинг тупроғида нималар ўсиши, қайси дарахтлар мевали, қайсилари манзарали эканлигини билиши унинг режаларига асос бўлиб киради.
Тумандаги 63 та “маҳалла еттилиги”даги биттадан фаол бувижон “Бувижонлар мактаби”нинг аъзолари ҳисобланади. Кунда, кунора қайсидир маҳалладаги бувижон тадбирга таклиф қилади. Ёки қайси биридир янги таклиф, қандайдир масала билан опа ҳузурига келади. Қарабсизки, яна неваралар ҳақида гап бўлади. Келажагимиз бўлган болажонларни комил фарзандлар этиб тарбиялаш режалари тузилади.
Избоскан Андижоннинг энг катта тумани ҳисобланса-да, Насибахон унинг ҳар бир маҳалласи, қишлоғини яхши билади. 1983 йилда олис Қўрғонтепа туманидан Избосканга келин бўлиб тушганидан буён туман хотин-қизлар қўмитасининг фаоли сифатида доим халқ ичида юрган, кўзи пишган. Кимнинг хонадонида нотинчлик, қайси бир ёш келин-куёв аразлашиб юрибди, қайси хонадоннинг беморлари нимага муҳтож, кимга қанақа ёрдам керак, барчасидан хабардор. Ҳаммаси кўз таниш, дил қадрдон одамлар. Уларга кўмак бериб, жонига оро киришга ўрганган.
Фаоллик унга дадаси Хонобод, Қорасув, Қўрғонтепа туман ва шаҳарларида тарихчи сифатида танилган устоз Султонхон Адҳамовдан мерос қолган бўлса керак. Қарангки, турмуш ўртоғи Дониёр Ҳайдаров ҳам худди дадаси каби фаолликни маъқул кўрадиган, кенг дунёқарашли инсон.
— Фарзандларимнинг дадаси билан курсдош бўлганмиз. У кишида дадамнинг кўп фазилатларини кўрганим учун ҳам совчилар борганида йўқ демай, Избосканга келин бўлиб келаверганман, — дейди Насибахон. — Адашмаган эканман, ўз оиламда етти қизу бир ўғилнинг кенжаси, анчагина эркатойи бўлган эсам-да, Дониёр ака кўнглимга қарадилар. Ҳаётнинг аччиқ-чучуги, баланд-пастини эса қайнонам, ҳаёт фаолияти давомида кутубхоначи-зиёкор бўлиб ишлаган Донохон онамдан, қолаверса, уларнинг оналари Ибодат буви Отақўзиевадан ўргандим. Омадимми, бахтимми, юз билан юзлашган Ибодат бувижон мени бошқа овсинларимдан кўпроқ яхши кўрардилар. Донохон қайнонамга, яъни қизига “Насиба келинингни юбор, фалон юмушим бор-да”, деган хабар келиши биланоқ ўзим ҳам учиб-қўниб уларнинг ҳузурига борардим. Муаллималик қилиб, китоб мутолаасини ҳаётий қоидага айлантирган, кўнгли ҳам, тасаввурлари ҳам беғубор бўлган табаррук ёшдаги бувижон билан бир соат бўлса-да суҳбат қуриш — бир дунё тафаккурга эга бўлишдек эди, назаримда. Келинлик оиламдаги бу муҳит менга 11-ўрта мактабда муаллима бўлганимда ҳам, туман матлубот жамиятидаги нуфузли лавозимда ишлаганимда ҳам ҳурмат-эътибор келтирди. Китобга дўст қилди. Ҳаётга теран қарашга ўргатди. Нафақага чиққанимдан кейин ҳам ишдан узилмадим.
Насибахонни тинглаяпману, элимизнинг “Ҳаётнинг ўзи дорилфунун” деган ҳикматини эсладим. Насибахоним қайноналари суйгандай, ҳозир ҳам чаққон. Шунинг учун ҳам тумандаги 2-болалар боғчасида рус тили фани муаллими бўлган аёл ҳамма ишга улгуради. Жамоатчилик асосида “Бувижонлар мактаби” атрофида бирлашган тумандаги барча бувижонларга бош бўлиш билан бирга, олий ўқув даргоҳида рус тили фанидан талабаларга устозлик қилаётган турмуш ўртоғининг фикрдоши. Шу кунда Москвада магистратурада ўқиётган юрист ўғли Давронбек, Москвадаги олий ўқув даргоҳида таҳсил олаётган келини Умидахоннинг жонсарак маслаҳатгўйи бўлиб, қизлари Нодирабегим ва Ситорабегимларнинг қайнонасига яхши келин, фарзандларига яхши она бўлиб яшаши учун насиҳату ўгитларини аямайди.
Шу билан бирга маҳалладошларига ўрнак бўлиб, кенг ҳовлида товуқ ҳам боқади. Бир товуққа ҳам дон керак, ҳам сув. Яна алоҳида қаров зарур. Қизлар узатилган, биттагина келин Москвада талаба бўлса, 50 та товуққа қарашнинг ўзи бўладими, десангиз, “Қора товуқнинг тухуми доривор дейишган-ку, аҳли маҳаллам ўрганган, илтимос билан келиб сўрашади, ҳарна элга асқотяпти, шу билан бирга томорқадан унумли фойдаланинг, оилавий даромадингиз ошиши учун изланинг, ўрганинг, деб ёшларга насиҳат қилганимизда, мана шу ишларимиз, тажрибаларимизни ҳам айтсак, ўгитларимиз таъсирлироқ бўлади-да”, — дейди кулиб.
Насибахоним билан яқинда яна телефонлашдим. Қувониб айтишича, “Нуроний” жамғармасининг республика Бошқаруви тавсияси билан ҳар бир вилоятда фаол иш олиб бораётган “Бувижонлар мактаби” раҳбарлари қаторида Насибахон ҳам Тошкент вилояти Қибрай туманидаги “Навбаҳор” сиҳатгоҳида дам олиб қайтибди.
— Республикамизнинг энг намунали бувижонлари билан бирга дам олдик, саломатлигимизни тикладик. Бувижонлар билан ўзаро фикр алмашдик, янги режалар туздик. Бу эътибор ва ғамхўрлик бизга янги куч, янги ғайрат берди, — дейди у қувониб.
Ўз навбатида, биз ҳам уларга бугунгидек бардамлик, омонлик ва шижоат тилаб қоламиз. Бахтимизга бор бўлинг, фидойи бувижонлар, деймиз.
Замира РЎЗИЕВА,
“Нуроний” мухбири.