ёхуд бувижоним ҳақида хотираларим…
Муҳаббат ҳожи бувимизнинг оламдан ўтганларига 4 йил бўлади. Аслида улар энг катта аммам, аммо биз учун бувимиздек меҳрибонимиз эди. Ҳаммамизнинг камол топишимизда бувимнинг асло ўрнини тўлдириб бўлмайдиган меҳр-муҳаббатлари бор эди.
Бош фарзанд бўлганлиги учун ота-онадан кейин бутун масъулият Муҳаббатхон бувимнинг зиммасига тушган. Ота-онадан айрилгани етмагандай, якка-ю ёлғиз фарзанди, кўзининг нури, қалбининг қўри — ўғлидан жудо бўлган бувим гарчи тақдирнинг бешафқат гурзисидан бир муддат эсанкираса-да, ҳушини йўқотмади, тезда ўзини қўлга олди. Етмагандек турмуши ҳам кўнгилдагидек кечмади.
Турмуш тарозисининг палласи барибир ота-онасиз қолган, катта опасига суянган ва унга умид, ишонч кўзлари билан боқиб турган жигарлари сари босди. Ахир, укалари, сингилларини жой-жойига қўйиши керак эди. Укалари-ю сингилларига ҳам ота, ҳам она бўлиб қолган бувим қарийб қирқ йил ўқитувчилик қилди.
Бу йиллар давомида тақдир бувимни кучли синов билан имтиҳон қилганди. Хайруллахон исмли битта-ю битта ўғли бўлиб, ниҳоятда келишган йигит эди. Каратэ билан шуғулланар эпчил, чапдаст, ҳақиқий спортчи камтар, самимий, дўстларига, яқинларига жонини берадиган мард ўғлон эди раҳматли. Яратган эгам уни айни кучга тўлган, навқирон вақтида ҳузурига чорлаб олди. Жароҳати оқибатида келган дард сабаб бу ёруғ дунёни тарк этди…
Жигарбандини тупоққа топширган бувим бор иродасини жамлаб, ўзини яқинлари ва эл-юртнинг хизматига бахш этди. Пенсияга чиққанда ҳам ёш авлод таълим-тарбиясига масъулликни тарк этмади. “Мен неча йил ўқитувчилик қилдим, бўлди, шу ишларимнинг ўзи ҳам етади”, демасдан маҳалла-кўйнинг, юртнинг виждонига айланиб борди. Қуръон ва Ҳадис илми сабоқларини олди. Бувимни қишлоқнинг отинойиси этиб тайинлашди. Аввал оилада, кейинроқ яқинларнинг иссиқ-совуқ маъракаларида аҳолига, ёшларга, айниқса, хотин-қизларга илм-маърифат сабоғини ўргатадиган бувимни сўраб келадиган, илмидан, зиёсидан фойдаланиб, дуосини оладиган инсонлар кўпайди.
Бувимнинг алоҳида хонаси бор эди. Ёруғ ва шинам бўлиб, ундан ўзгача бир нур таралиб турарди. Узун хонтахта. Унинг атрофида гулли кўрпачалар солинган. Деворларга қизил бахмал ёстиқлар суяб қўйилган. Хонтахта устидаги вазаларга ёнғоқ, писта, майиздан тортиб, барча мевалар солинган, меҳмонлар учун мунтазир турарди. Бу хонадан кеча-кундуз меҳмон аримасди. Ким бувимдан маслаҳат, ким эса дуо олгани келарди…
Сиймосида ўзгалар, айниқса, жигарлари учун борини фидо қилган жафокаш она, опа сиймосини кўраман. Кечагидай эсимда. Бир куни маҳалла масжидидан: “Ҳажга сизнинг навбатингиз келди, ҳаракатингизни қилсангиз бўлади!” дейишганига гувоҳ бўлдим. Бувим ўйчан, худди тўнғич боласига сўйлагандай гапирдилар:
— Болам, кўриб турибсан. Даданг кенжа укам бўлишига қарамай, худди боламдай катта бўлди. Онамнинг меҳрига, отамнинг дийдорига тўймади. Болам, бўтам, қилиб катта қилдим уни. Энди у буйрак операциясини бошидан ўтказиши керак. Укам мана шундай ҳолатда турганда, мен қандай қилиб Ҳажга бора оламан? Яхшиси, ана шу йиққан пулимни укамнинг операциясига сарфлайман…
Шундай бўлди. Бувим ҳажга бориш учун йиққан пулини дадамнинг операциясига сарфлади. Йиллар ўтди. Яна шундай имкон келди. Бир куни уйга масжиднинг муаззини Муроджон ҳожи ака келди. У ҳам бувимга ўғил тутинган, дуоларини олган бахтиёр фарзандлардан бири эди. Қарангки, у ҳам бувимизни Ҳаж ибодатига боришларини дуоларида сўраб юрган экан. Аввало, Аллоҳнинг марҳамати ва шу инсоннинг ташаббуси билан бувимиз давлатимиз томонидан имтиёзли равишда умра зиёратига борадиган бўлдилар. Ўшанда бувимнинг юз-кўзларидаги қувончни кўрсангиз эди. Мен бу ҳолатни моҳир ёзувчи ёки мусаввир бўлган тақдиримда ҳам тасвирлаб беролмаган бўлардим. Шу тариқа бувимизни умра зиёратига кузатдик. Бувим зиёратдан янада нурга тўлиб қайтдилар.
Эрталаб ишга кетаётганимда, бувимнинг майин овозда қуръон ўқиётган овозларини эшитаман. Кетишга ҳозирланган биз, невараларни, аста қироатдан тўхтаб, дуо қиладилар “Пулларинг борми?” деб сўрайдилар. Биз эса пулимиз бўлса ҳам, берсалар олаверамиз, чунки бувимизники — табаррук. Сўзга чечан кенжатойимиз Саидаъзамхон эса баъзан пули тугаб қолса, эркаланиб сўз ўйини қилади: “Бувижон, “меҳр” керак!”. Бувимиз куладилар-да, укамнинг пешонасидан ўпадилар ва “Меҳр ҳам бор бўлсин-да”, деб қўядилар.
Ишдан кеч қайтган вақтимда, ҳатто узун тунлари ҳам бувим ухламас, кечаларни бедор ўтказиб, қуръон тиловатида, ибодатда, дуода бўлардилар. Бувим нафақат фарзанду набиралари, балки бутун юртимиз, заминимизга тинчлик-омонлик, инсонларга бахту саодат сўрардилар.
Дарё сувининг чанқоғини ундан узоқлашганингда биларкансан. Биз ҳам бувимизнинг ҳаётлигида уларнинг бағрида эркаланиб, меҳридан яшнаб, гўёки улар ўлмайдилар, ҳар доим биз билан бирга, деб юрарканмиз. Қандли диабет дарди охири бувимизни йиқитди. Бувимиз бу вақтда Қуръони каримни нечанчи мартадир хатм қилиб, тугаллаш арафасида эдилар…
Ҳожи бувимиз оламдан ўтганларида ҳовлига одам сиғмади, жанозага жам бўлганлар кўчаларга ҳам чиқиб кетди. Шунда билдимки, бувимиз битта бизга эмас, бутун Халқобод қишлоғи, бутун Янгийўл туманига она-ю буви эканлар.
Қишлоғу туманда бувимизнинг шогирдлари сон-саноқсиз, улар ҳамиша устозлари ҳақига дуои салом йўллайдилар. Тумандаги кўплаб отинойилар, нуроний онахонлар Муҳаббат ҳожи бувимизнинг шогирдлари, ҳеч бўлмаса, бир марта беғараз даккиси-ю дашномларини эшитганлар, десак, хато қилмаган бўламиз.
Бувимни эсласам нур таралиб, кулиб турган чеҳралари кўз олдимга келади. Улар тоза қалб билан, ҳаммага яхшиликлар илиниб яшадилар. Уларнинг ҳикматга тўла сабоқлари, ибратли ўгитлари билан умримиз зийнатли ўтмоқда.
Саид КАМОЛ,
Янгийўл тумани.