Ўзбекистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи Тўрақул Йўлдошев
ҳаёт бўлганида 90 ёшга тўлар эди
Шундай инсонлар борки, улар эл-юрт фаровонлигини таъминлаш ва мамлакат ривожини мустаҳкамлаш йўлида сидқидилдан хизмат қилади. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи Тўрақул Йўлдошев ҳам шундай инсонлардан бири эди.
У ўткир зеҳни, нотиқлик маҳорати, юксак ташкилотчилик қобилияти ва одамларни эзгу мақсадлар йўлида бирлаштира олиш салоҳияти билан бошқалардан ажралиб турарди. Таниқли давлат арбоби Шароф Рашидов атрофида шаклланган раҳбарлар ва шогирдлар орасида Тўрақул Йўлдошевнинг ҳам алоҳида ўрни бор эди.
Мен учун ҳақиқий устоз бўлган бу фидойи инсон шогирдларининг ютуқларидан чин дилдан қувонар, хатоларимизни кўрсатиб, тўғри йўлга бошлар, ноҳақ туҳматлар ва асоссиз айбловларга қарши қатъий ҳимоя қиларди. Яшириб нима қилдим, Тўрақул аканинг номи тилга олинганда, кўз олдимда, аввало, ҳалолликни ҳаёт мезони деб билган, Ватан ва халқ манфаатини ҳамиша устун қўйган, одамларга меҳр-оқибат билан муносабатда бўлган, касбига садоқат билан хизмат қилган инсон гавдаланади. Бу инсон юзлаб иқтидорли кадрларни кашф этиш, тарбиялаш, ҳаётий тажрибасини улар учун сафарбар қилишда собитқадам бўлди.
Яхши эслайман, Тўрақул ака 25 ёшида Иштихон туманидаги оғир иқтисодий аҳволга тушиб қолган собиқ “Куйбишев” номли жамоа хўжалигини бошқариб, қисқа фурсатда оёққа тургизган эди. Унинг шижоати ва ташаббускорлиги эл орасида эътироф этилиб, хизмат пиллапояларидан жадал кўтарилди: туман ва вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаларига раҳбарлик қилди, Самарқанд вилояти режалаш комиссияси раиси бўлди. 1975 йилда вилоят қишлоқ хўжалигида эришилган юксак натижалар, янгича тажрибаларни амалиётга дадил жорий этгани ва ташкилотчилиги учун унга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи” унвони берилди.
1977 йил охирида Тўрақул Йўлдошев Пахтачи туманининг биринчи раҳбари, Меҳнат Қаҳрамони Зулайҳо Норқулова билан телевидениеда маккажўхоричиликни ривожлантириш тажрибалари ҳақидаги кўрсатувда қатнашиб, ўз фикрларини билдиради. Ушбу кўрсатувни Шароф Рашидов кўриб, уни Қишлоқ хўжалиги вазирининг иқтисодиёт бўйича ўринбосари этиб тайинлайди. Бир йилдан сўнг эса Марказқўм қишлоқ хўжалиги бўлими мудири ўринбосари вазифасига ўтказади.
Вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи бўлганида, Каттақўрғон ва Жомбойдаги мажмуаларда чорва моллари топширишда тарозидан уриш каби қаллобликларни фош этди. Масала вилоят партия қўмитаси бюросида муҳокама қилиниб, айбдорлар қаттиқ жазоланди. Марказқўмда ишлаган йилларида ҳам кўплаб телекўрсатувларда долзарб мавзуларни кўтариб чиқди. 1985 йилдан бошлаб у 5 йил давомида Ўзбекистоннинг собиқ иттифоқ Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги доимий вакили бўлиб ишлади. Бу унинг фаолиятидаги энг масъулиятли ва қалтис давр эди.
“Пахта иши” авж олган, халқимиз шаънига туҳматлар ёғдирилган ўша оғир йилларда у Москвада Ўзбекистон манфаатларини қатъий ҳимоя қилди. Бир вақтнинг ўзида сиртдан аспирантурада ўқиб, 1986 йили Киевда илмий ишини ҳимоя қилди ва иқтисод фанлари номзоди бўлди. 1989 йил ноябрида у Иштихон туманига биринчи раҳбар этиб тайинланди. Бу даврда тумандаги 18 та хўжалик қарзга ботган, ижтимоий-маънавий муҳит ва миллатлараро муносабатлар издан чиққан эди. Тўрақул ака 200 га яқин қишлоқни айланиб, аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказди ва аниқ чора-тадбирлар дастурини тузди. Раҳбарликка ўнлаб ҳалол, ташкилотчи ёшларни олиб келди ва кейинчалик масъулиятли кадрлар бўлиб етишишида уларга устозлик қилди.
Агротехник тадбирлар ўз вақтида бажарилиб, Намангандан ҳосилдор “С90-45” пахта нави олиб келинди. Эсимда, устознинг ўзи раислар ва агрономларни бошлаб, далаларни шахсан кўрикдан ўтказар эди. Натижада 1990 йилда туман республикада биринчилардан бўлиб пахта режасини бажарди. Ҳосилдорлик 25 центнер ўрнига 32 центнерни ташкил этди, режадан ташқари 6 минг тонна пахта етиштирилди. Режадан ортган маҳсулот хўжаликлар ихтиёрида қолдирилгач, махсус ассоциация тузилди. У орқали Венгрияга пилла, хорижга пахта толаси сотилди. Литвада 500 тонна тола қайта ишланиб, 1,5 млн. метр газлама ва кийим-кечак олиб келинди ҳамда дала меҳнаткашларига тарқатилди. Чигитни қайта ишлаш орқали ҳар бир ишчига 100 килограммдан ёғ берилди, тушган даромаднинг бир қисми ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ажратилиб, қолгани мукофот пули сифатида тарқатилди.
Тўрақул Йўлдошев раҳбарлигида уч йил ичида қишлоқларнинг 75 фоизига табиий газ тортилди, тоза ичимлик суви тармоқлари ва Метан даштидаги 5,5 минг гектар майдонда узумзорлар барпо этилди. Бу узумзорлар бугунги кунда ҳам аҳоли учун асосий даромад манбаларидан биридир.
Тўрақул ака мард, адолатпарвар ва одамлар фикрини қадрлайдиган раҳбар эди. 1991 йил августида пахта далаларини дефоляция қилиш бўйича ўтказилган семинарда Алишер Навоий номидаги жамоа хўжалиги раиси сифатида пахта ҳали пишмаганини айтиб, дефоляция қилишга қарши чиқдим. Ҳамма менга танбеҳ берилишини кутган эди. Аммо устоз эртаси куни далаларни шахсан кўздан кечиргач, барча масъулларни йиғиб: “Доноқулнинг ота-бобосига раҳмат. Агар у ҳақиқий аҳволни айтмаганида, ҳосилни бой берардик”, деди ва дефоляцияни тўхтатди. Бу воқеа устознинг иш манфаатини ҳамма нарсадан устун қўйишини яна бир бор исботлади.
“Асл айнамас, олтин зангламас” дейдилар. Жамиятимизда учраб турадиган кўролмаслик ва ҳасадгўйлик каби иллатлар, афсуски, устоз ҳаётини ҳам четлаб ўтмади. Унинг шаънига тинимсиз иғво ва туҳматлар ёғдирилди, бироқ Тўрақул ака мустаҳкам иродаси ва сабр-бардоши билан булардан ёруғ юз билан ўтди. 1994 йилда туман ҳокими лавозимидан озод қилинган бўлса-да, эл-юрт қалбидаги “ҳақиқий раҳбар” деган юксак мақомини ҳеч ким тортиб ололмади.
Вақтлар ўтди. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда Инсон қадри улуғланиши туфайли Тўрақул Йўлдошев номи ҳам пойгакдан яна тўрга кўтарилди. Бугунги кунда унинг хотирасига ҳам юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатилмоқда.
Тўрақул ака турмуш ўртоғи Анора она билан фарзандларини муносиб тарбиялади. Бугун улар турли соҳаларда сидқидилдан меҳнат қилиб, ота номини ва хонадон шаънини оқлаяпти.
Маълумотларга кўра, устоз мустабид тузум даврида харобага айлантирилган Иштихондаги “Оққўрғон” масжидини турли қаршиликларга қарамай, машаққат билан пойдеворидан қайта тиклади. Гувоҳларнинг айтишича, қурилиш тугагунига қадар турмуш ўртоғи билан масжид ҳовлисидаги қайрағоч тагида яшаб, бино битгач, уни давлат рўйхатидан ўтказиш ва муносиб имом-хатиб тайинлаш учун фидойилик кўрсатди.
Шунингдек, ўзи туғилган қишлоғидаги ота-онаси ва аждодлари ётган қадимий қабристонни обод қилди, атрофини ўраб, дарвоза ўрнатди. Эл учун тиббий пункт қуриб берди, кам таъминланган оилалар фарзандларининг суннат тўйларини ўтказиб, кўплаб инсонларни иш билан таъминлади. Энг муҳими, Тўрақул ота қилган бу эзгуликларини ҳеч қачон миннат қилмас эди. У шундай ибратли умр йўлини босиб ўтди…
Доноқул ТОШБОЕВ,
“Нуроний” жамғармаси
Самарқанд вилояти бўлими
раиси ўринбосари.