Бир қараганда, “ёлғизлик” атамасини замонавий давр кишисига нисбатан қўллаш бироз эриш туюлади: ҳамма муайян иш билан банд, ҳаёт қайнамоқда, кўчаларда, жамоат жойларида одамлар гавжум… Шу ҳолатда инсон қандай ёлғиз бўлиши мумкин?

Психологларнинг фикрига кўра, бугунги кунда айрим инсонлар руҳиятида ёлғизлик, атрофдагиларга ишончсизлик ҳислари кучайиб, ижтимоий изоляция даражасига етмоқда. Ижтимоий тармоқларда ахборот ҳажми кенгайиб, чек-чегара билмас маълумотлар ҳар бир хонадонга кириб бораётган бир вақтда реал ҳаётдан маънан узилиб қолмаслик замонавий жамиятнинг иродасини синовдан ўтказмоқда.

Вақт бир ерда туриб қолмайди. Узлуксиз ўзгаришлар жараёнида инсонларнинг турмуш тарзи ҳам ўзгариб бормоқда. Марказий шаҳарлардан тортиб, қишлоқларгача 24/7 режимининг нормаллашиб, ижтимоий тармоқлар аҳолининг ҳаётига чуқурроқ кириб бораётгани фонида, афсуски, айрим йўқотишлар кўзга кўринмоқда.  Масалан, ҳафтанинг етти кунида ҳам уззукун, иш билан банд бўлиш, тармоқларда узундан узоқ қолиб кетиш, алалоқибат, оилаларда руҳий-маънавий узоқлик, масофа ва бир қадар бегоналик ҳиссини шакллантиришга улгурди.

Бундай вазиятда кексалар ва болалар бу ҳисларни кўпроқ бошдан кечирмоқда. Ҳар икки ёш тоифасининг ҳам меҳнатга лаёқати нисбатан пастроқ бўлгани сабаб, уларда ўзини кенг жамоатчиликка оид деб билмаслик, кўпчиликдан айри ҳисоблаш ёхуд атрофдагиларга кераксиз одам сифатида билиш каби психологик жараёнлар кечаётгани аниқ.

Тўғри, шарқ халқлари, айниқса, Ўзбекистонда оилавий қадриятлар: ўзаро ҳурмат, кичикларга иззат, шафқат кўрсатиш, меҳр-оқибатли бўлиш анъаналари асрлар чиғириғидан омон-эсон ўтиб келмоқда. Аммо ижтимоий ёлғизлик билан боғлиқ муаммолар, афсуски, ҳамюртларимиз ҳаётида қалқиб юзага чиқмоқда.

Психолог Индира Раҳимованинг фикрича, кексалик даврида инсон учун энг муҳим психологик эҳтиёжлардан бири — ўзининг жамият ва оила томонидан қадрланишини ҳис этишдир.

Агар кексалар узоқ вақт давомида эътибор, меҳр ва самимий мулоқотдан четда қолса, уларда, аввало, ёлғизлик ҳисси кучаяди. Бу эса руҳий тушкунлик, хавотир, ўзига бўлган ишончнинг пасайиши ва ҳаётга қизиқишнинг сусайишига олиб келиши мумкин. Психологияда бу ҳолат кўпинча ижтимоий изоляция ва эмоционал ёлғизлик билан изоҳланади.

Бундай ҳолат узоқ давом этса, хотира ва диққатнинг сусайиши, уйқу бузилишлари, сурункали стресс, депрессив кайфият ва ҳатто когнитив функцияларнинг пасайиши кузатилиши мумкин.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда кейинги йилларда кексалар ва нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, муносиб ҳаёт кечиришлари учун шарт-шароит яратишга қаратилган давлат сиёсати изчил ривожланмоқда. Бу сиёсатнинг муҳим жиҳатларидан бири — кексаларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, жамият ҳаётидан четда қолдирмаслик, уларнинг ҳаётий тажрибаси ва салоҳиятидан самарали фойдаланишдир. Зеро, кекса инсон учун эътибор ва ғамхўрлик қанчалик муҳим бўлса, унинг жамиятга керакли эканини ҳис қилиши ҳам шунчалик аҳамиятли.

Бугунги кунда нуронийларнинг маҳаллалар ва оилалар ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш, ҳаётий тажрибасини қадрлаш, уларни турли саёҳатларга жалб этиш, саломатлигини мухофаза қилиш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар кутилган натижани бермоқда.

Бу жараёнларда оила ва яқинларнинг ҳам муҳим ўрни бор. Набиралар, ўғил-қизлар бобо ва бувиларига телефон ва интернетдан фойдаланишни ўргатиши кексаларнинг узоқда яшаётган фарзандлари ва яқинлари билан доимий алоқада бўлиши имконини беради. Энг муҳими, кексаларга моддий ёрдамдан кўра кўпроқ меҳр, эътибор ва самимий мулоқот зарур. Баъзан бир неча дақиқалик чин дилдан қилинган суҳбат ҳам инсоннинг руҳий ҳолатини сезиларли даражада яхшилаши мумкин. Агар ёлғизлик ҳисси узоқ давом этса ва руҳий тушкунлик белгилари кучайса, психолог ёки бошқа мутахассис ёрдамига мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ёлғизлик доимо инсоннинг ёлғиз яшаши билан боғлиқ эмас. Баъзан киши катта оилада яшаса ҳам ўзини руҳий жиҳатдан якка ҳис қилиши мумкин. Бундай вазиятлар, одатда, оила аъзолари ўртасида самимий мулоқотнинг етишмаслиги, кексанинг фикри ва ҳис-туйғуларига эътибор берилмаслиги ёки унинг фақат моддий эҳтиёжлари қондирилиб, кўнгил эҳтиёжлари эътибордан четда қолиши натижасида юзага келади. Кўпинча фарзандлар ота-онасининг моддий таъминотини етарли деб ҳисоблайди, аммо кексалар учун самимий суҳбат, яқинлари билан бирга вақт ўтказиш ва уларни тинглайдиган инсоннинг мавжудлигини ҳис қилиш муҳим.

Ижтимоий яккаланиш болалар психологиясида — агар мазкур ҳолатга оила аъзолари, хусусан, ота-она жиддий эътибор қаратмаса, салбий ўзгаришларни юзага келтириши мумкин. Ҳеч эътибор берганмисиз, оиласи, дўстлари билан муносабатлари заиф бўлган болалар ва ўсмирларда пассивлик, келажакка нисбатан ишончсизлик, ўзини тўлақонли ҳис этмаслик, потенциалига паст баҳо бериш, “қобиғига беркиниб олиш” ҳолатлари яққол кўзга ташланади. Бу пайтда ўсмирга уни эшитадиган, тушунадиган одам керак. Мазкур жараёнда ота-она, шунингдек, оила ва жамиятнинг, жумладан, мактабнинг роли, иштироки ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Халқимизнинг азалий қадриятларига хос тарзда оилаларда аҳиллик ва тотувликни асраш, меҳр-оқибат туйғуларини кучайтириш бугунги кунда замонавий хасталик деб эътироф этилаётган ва кўплаб мамлакатларда катта муаммоларни юзага келтираётган ижтимоий ёлғизликка барҳам берувчи ечим бўла олади.

Суғдиёна СОБИРОВА,

“Нуроний” мухбири.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan