— дейди уйчилик фахрий педагог Маликахон ая Насриддинова
Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги тантаналарига тайёргарлик кўрилаётган бугунги кунда юртдошларимизнинг хонадонларида ҳам ўзгача файз, ўзгача шукуҳга дуч келасиз. Уйчи туманининг “Янги чек” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Насриддиновлар оиласи билан яқиндан танишиб, бу фикримизга яна бир бор амин бўлдик.
Ҳовлига киришингиз билан меҳнаткаш, саришта ва оқила беканинг, тадбирли оила бошлиғининг файзини ҳис қиласиз. Хонадон бекаси, фахрий педагог Маликахон ая Насриддинова билан суҳбатлашар эканмиз, бу хонадон тутумларида ёш оилаларга сабоқ бўлгулик манзараларнинг жуда кўплиги, одамийлик, меҳр-оқибат туйғуларининг устуворлигини кўрдик.
Дарҳақиқат, тотув оилалар жамият таянчи, бахти. Шу маънода, бу йил юртимизда оила муқаддаслиги, миллий қадриятлар ва аҳиллик муҳитини кенг тарғиб этишга қаратилган “Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи” кўрик-танловининг ўтказилгани эътиборга молик воқелик бўлди. Қувонарлиси, Маликахон ая Насриддинова ҳам “Ибратли оила” кўкрак нишонига муносиб деб топилди.
Маликахон ая Насриддинова дастлаб Чуст педагогика билим юртида таҳсил олди.
— Чим устида хоккей бўйича жамоанинг энг умидли ўйинчиларидан бири эдим, — дея сўзлайди ая. — Тўрт йил давомида қизлар билан кўплаб мусобақаларда қатнашиб, ғолиб бўлганмиз. Қишлоқнинг оддий қизи хоккейчи бўлишига рухсат беришганми, деб ўйлаётгандирсиз? Мен етти ўғил орасида ўсган ёлғиз қиз эдим. Отам раҳматли, исмлари Турсунбой эди, менга ишонардилар. Ҳаммага қарши чиқиб бўлса ҳам, орзу-истакларим амалга ошиши учун барча шароитни яратиб берардилар.
Билим юртини тугатиб, тумандаги 31-мактабга ишга келган Маликахон Насриддинова йигирма ёшида оила қурди. Ҳаётини совчилик ва ота-она розилиги билан савдо соҳаси вакили ва тадбиркор бўлган Содиқжон ака Насриддинов билан боғлаб хато қилмаганини жуда қисқа фурсатда англаб етди. Содиқжон аканинг ишбилармонлиги, Маликахон аянинг меҳнаткашлиги билан оила бугунгидек мустаҳкам илдизли бир боққа айланди.
Тўрт қайинсингил ва тўрт қайниси бўлган катта оилага кенжа келин бўлиб тушган Маликахон аянинг бу хонадонда туп қўйиб, палак ёзиб кетишида қайнонаси Турғунчахон бувининг хизмати катта бўлди. Қайнонаси унга келинлик вазифаларини ўз ўрнида уддалашни эмас, аввало, янги оиладаги опа-акалари, сингиллари билан қариндошлик, жигарчилик ришталарини маҳкам боғлашни ўргатди. Маликахон ая 27 йил қайнона хизматини ҳеч оғринмай қилди. У пайтларда ўқитувчилар ҳам, ўқувчилар ҳам дала ишига жалб қилинарди. У ишдан чарчаб келяпман демади, бирон марта ухламаса ухламадики, бетоб қайнонасининг ош-овқатини доим тайёр қилиб қўйди.
Кун келдики, Муҳаббатхон, Роҳатхон, Раънохон, Ўктамхон исмли қайинсингиллари ҳамда Раҳимахон, Маҳмудахон, Марямхон каби овсинлари билан ҳақиқий опа-сингилдек яқин бўлиб кетишди. Чинакам қадрият деб мана шу сулоладаги меҳр-оқибатни айтса бўлади. Овсинининг бир ўғли Малика аяга: “Насиб қилса, сизни Умра зиёратига юбораман”, деганини эшитиб, тўғриси, бироз ҳайратландим. Овсинни ёхуд қайинсингилни душмандек кўрадиган, ҳар ишда баҳслашиб, қасдлашишга одатланганлар озмунчами ҳаётда, деган ўй кўнглимдан ўтди.
— Бирон марта ҳам орамиздан совуқ гап ўтмаган, — дейди Маликахон ая. — Овсинларимдан ҳам, қайнисингилларимдан ҳам миннатдорман, касбимда ҳам, оиламда ҳам қадр топишимда, болаларимни оёққа қўйишимда уларнинг хизмати бор. Улар менинг опаларим, сингилларим. Ота-онамнинг ёлғиз қизи эдим, тақдир мени шунча опа-сингиллар билан сийлади, минг шукр!
Маликахон ая кейинчалик ишдан ажралмаган ҳолда Наманган давлат университетига ўқишга кирди. Мактабгача таълим методикаси факультетида таҳсил олаётган йилларида болалари анча ёш, мактабдаги иши ҳам етарлича эди. Ая бошланғич синфларга — биринчи синфдан тўртинчи синфга қадар 28-30 ўқувчига сабоқ берарди. Юқори синф ўқитувчилари аянинг қўлидан чиққан синфни талашишса, айрим ота-оналар “фарзандим Маликахонда ўқийди” деб, ҳатто боласини мактабга бир йил кечиктириб берган вақтлари ҳам бўларди. 
— Ўқимайдиган ўқувчи бўлмайди, — дейди фахрий педагог. — Қалби забт этилмаган бола бўлади. Боланинг кўнглига кира олсангиз, у ҳар бир сабоғингиз тугул, ҳар сўзингизни қулоғига қуйиб олади. Бошланғич синфда ўқитган собиқ ўқувчиларимнинг олди ҳозир қирқ ёшдан ошган. Катта лавозимларда, масъулиятли вазифаларда ишлаётганлари кўп. Абдурасул Нишонов, Ҳасанбой Тўйчибоев, Ойбек Бадалов, Қодиржон Юнусов, Илёсбек Устабоев, Бобуржон Турсунов, Соҳибжон Турсунов… Эҳ-ҳе, айтаверсам, юздан ошиб кетса керак улар сони! Байрамларда, туғилган кунимда қўнғироқ қилиб, табриклашади. Орадан шунча йил ўтса ҳам, ҳар бирини овозиданоқ танийман. Педагоглик соҳасида нимагаки эришган бўлсам, устозларим Нурхон Жамолова, Тошпўлат Тожибоев, Эргашали Халилов, Зоҳидахон Обиловалардан олган қимматли сабоқлари туфайли деб биламан.
Малика ая 37 йил давомида бир мактабда илмий бўлим мудири, услубчи, психологликни ҳам қўшимча тарзда олиб борди. Бугун унинг изидан Нурхон Инамова, Мадинахон Бекмирзаева каби шогирдлари келяпти.
2021 йилда Маликахон ая нафақага чиқди. Қолган умрини, ҳаётини оиласига, набиралари тарбиясига бағишлашни истади. Биласизми, одамлар шунда нима дейишди? “Мактабнинг виждони кетибди”, дейишди… Малика ая 30 ўқувчининг онаси бир кундан навбати билан болалар тушлиги учун овқат тайёрлаб келса, ўттиз биринчи куни у уйида овқат пишириб, мактабга олиб борарди. Бу одатини ота-оналар қаршилик қилса ҳам, канда қилмасди. Шунчаки дарс ўтаётган ўқитувчини ўзгармагунча тинч қўймасди. “Илм – болаларнинг ҳаққи. Хиёнат қилишга ҳаққингиз йўқ”, дерди… Шунинг учун у мактабнинг виждонига айланган эди.
Маликахон ая элда ҳурмат-эъзоз топганидан, оиласи тинч, ҳаловатга тўла, фарзандлари халқ хизматида эканига шукроналар келтиради. Умр йўлдоши Содиқжон акадан унинг ҳар қандай вазиятда унга елка тутиб бергани, ота дейишга арзирли инсон бўлгани, ўғиллар тарбиясида масъулиятни унутмагани, рўзғорида камлик кўрсатмагани учун миннатдор бўлади. Уч фарзанд — уч ўғил бугун ота-она берган тарбияни оқлаб келишяпти. Дилшодбек Тошпўлатов энергетика соҳаси вакили, тўнғич келин Насибахон 20-мактабда биология фанидан ўқувчиларга дарс беради. Дилшодбек ва Насибахон Фозилбек, Имронбек ва Хадичахонларни тарбиялаб келишяпти. Ўртанча ўғил Дониёрбек туман тез тиббий ёрдам бўлимида ҳайдовчи, ўртанча келин Эъзозахон эса ҳамшира. Уларнинг фарзандлари Умархон, Ойиша ва Муҳаммадаюб. Улар ҳам бошқа набиралар каби хонадон қувончлари. Давронбек иқтисодчи. Кенжа келин Мадинахон ҳам педагог, 10-мактабнинг математика фани ўқитувчиси. Уларнинг бир ўғли бор, исми Муҳаммадюсуф.
— Аслида ҳам, оила қўрғонининг ғиштлари оқиллик ва сабрдан яралиши керак. Оиланинг файзу баракаси оналарнинг оқилалиги, қайноналик маҳорати ва бувилик заковатига боғлиқ, — дейди Маликаҳон ая.
— 41 йиллик ибратли ҳаёт йўлига эга бу оила ҳар жиҳатдан бошқаларга ўрнак бўлишга арзийди, — дейди “Янги чек” маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар фаоли Соҳибахон Тўйчибоева. — Насриддиновлар оиласи каби “Ибратли оила” деган номга том маънода муносиб оилаларнинг тақдирлангани юртимизда мустаҳкам оилалар сони ортишига хизмат қилади.
Шаҳло ТОШБЕКОВА,
Наманган вилояти.