ёхуд уйқудан кечиб, одамларни газ камераларидан халос этган қаҳрамон
Иккинчи жаҳон уруши йилларида кутилмаган соҳа вакиллари ҳам қаҳрамонга, инсонлар халоскорига айланишган. Шулардан бири Адольфо Каминский эди. У 18 ёшда бўлиб, бир шиша кислота билан 14000 инсон ҳаётини сақлаб қолишга эришган.
Париж, 1943 йил. Нацистлар Францияни ишғол қилган кезларда, Адольфо Каминский тўқимачилик устахонасида бўёқчининг шогирди бўлиб ишларди. У кимё илмини матолар орқали ўрганди: қайси кислота қайси сиёҳ билан реакцияга киришишини, қайси эритувчилар доғларни парчалашини ва рангни молекуляр даражада қандай бошқаришни ўзлаштирди.
Ўшанда у бу билимлари минглаб одамлар учун ҳаёт ва мамот ўртасидаги кўприк бўлишини хаёлига ҳам келтирмаган эди.
Гестапо (Нацистлар Германиясининг махфий полицияси) француз яҳудийларини тизимли равишда аниқлаш, рўйхатга олиш ва концлагерларга сургун қилишни бошлаганда, шахсий гувоҳномалар, озиқ-овқат карточкалари, йўл ҳужжатларининг барчаси муҳрлаб, тасдиқланар эди. Яҳудийларнинг шахсий ҳужжатларида эса тўқ сиёҳ билан ёзилган ягона сўз бор эди: “JUIF” (Яҳудий).
Бу биргина сўз ўлим ҳукми билан баробар эди.
Қаршилик ҳаракати Каминскийни топди ва унга мушкул вазифа топширди: ҳужжатга шикаст етказмасдан, шу тамғани ўчириб ташлаш мумкинми? Кўпчилик сохтакорлар бунинг уддасидан чиқа олмасди. Чунки сиёҳлар ўчмас қилиб тайёрланган, уларни қириш ёки ювишга уриниш қоғозни зарарлар ва сохта эканини фош қилиб қўярди.
Каминский лампа ёруғида ҳужжатга тикилди. Кейин бўёқ устахонасидаги бир воситани эслади: сут кислотаси. Бу кислота Франция ҳукумати фойдаланадиган махсус кўк сиёҳни қоғоз толаларига зарар бермасдан эритиб юбора оларди. Бу усул иш берди!
Бироқ сўзни ўчириш фақат бошланиши эди. Энди унинг ўрнига янги исмлар, янги туғилган саналар, янги тақдирларни ва янги маълумотларни ўйлаб топиш керак эди. Ҳар бир ҳужжат мукаммал бўлиши шарт эди, чунки кичик бир хато ёки нотўғри сиёҳ ранги нафақат ҳужжат эгасини, балки унга ёрдам берган барчани қийноқ ва ўлимга маҳкум этарди.
Қаршилик ҳаракати уни Сена дарёсининг сўл соҳилидаги махфий чордоқ-лабораторияга жойлаштирди. Буйруқлар эса тинимсиз келарди: Швейцарияга қочирилаётган болалар учун 50 та туғилганлик ҳақида гувоҳнома; ертўлаларда яшириниб ётган оилалар учун 200 та озиқ-овқат карточкаси; Испания орқали қочиш учун 300 та рухсатнома…
Каминский хира чироқ нурида ишлади. Кислота ва хлор буғлари томоғини куйдирар, кўзларини ачиштириб, ёш оқизарди. Бармоқлари сиёҳдан қорайиб кетган, кичик хона эса эритувчилар ҳидидан димланган эди.
Шунда у бир ҳисоб-китобни ўйлаб топди.
Ҳар бир ҳужжатни сифатли тайёрлаш учун тахминан икки дақиқа вақт кетарди. Демак, бир соатда 30 та ҳужжат. Бу — 30 кишининг омон қолиш имкони дегани. Унинг фикрини даҳшатли бир тенглама занжирлаб олди: ухлаган ҳар бир соати — 30 та бевақт ўлим демакдир. Дам олган ҳар бир дақиқаси кимнингдир ҳимоясиз қолиши билан баробар эди.
“Агар бир соат ухласам, 30 киши ўлади”, — дерди у сафдошларига.
Шу тариқа у уйқудан воз кечди.
Бир сафар 300 нафар яҳудий бола яширинган етимхонага рейд уюштирилиши ҳақида хабар келди. Болалар тезкорлик билан ҳужжат билан таъминланмаса, уларни Освенцим ўлим лагерига олиб кетувчи поездлар кутарди. Каминский ўзини чордоққа қамаб, икки кечаю икки кундуз тўхтамай ишлади. Кўзлари тиниб, ҳамма нарса иккита бўлиб кўрингунча ҳужжат тайёрлади. Қўлларининг томири тортишиб, қотиб қолгунча ишини давом эттирди. Ниҳоят, чарчоқ уни енгиб, иш столи устига йиқилгунча тўхтамади.
Бир соатдан кейин даҳшат ичида уйғониб кетди, у ўзидан нафратланарди. “Ўттиз киши… Ухлаб қолиб, 30 нафар инсоннинг ҳаётини хавфга қўйдим”, деб ўйларди у. У овқат ҳам емасдан, дарҳол ишига қайтди. Болалар қутқарилди.
Ойлар, йиллар давомида Каминский ўша хира чордоқда меҳнат қилди. Нацистлар ҳужжат ҳимоясини кучайтирган сари, у ҳам ўз маҳоратини ошириб борди. Бу кимё ва аниқлик билан олиб борилган жимжит уруш эди. Ғалаба эса давом этаётган ҳаётлар ва вояга етаётган болалар билан ўлчанарди.
1944 йил августда Париж озод қилинганида, Адольф Каминский тахминан 14000 эркак, аёл ва болаларни газ камераларидан асраб қолган ҳужжатларни тайёрлаган эди.
У қилган хизматлари учун бир тийин ҳам ҳақ олмади. Одамлар пул таклиф қилганда рад этди. Инсон ҳаётини қутқариш эвазига пул олиш унинг учун маънавий жиҳатдан ҳазм қилиб бўлмас иш эди.
Урушдан кейин Каминский фотограф бўлди. Ортиқча шов-шувсиз, камтарона ҳаёт кечирди. Қилган ишлари ҳақида ҳеч кимга: на қўшниларига, на ҳамкасбларига, ҳатто ўн йиллар давомида ўз фарзандларига ҳам айтмади. Минглаб ҳаётларни сақлаган қаҳрамон оддий ҳаёт кечирди.
Фақат умрининг охирида у фарзандларига ўз тарихини сўзлаб берди. Унинг ҳикоялари асосида 2016 йилда «Сохталаштирувчи» номли ҳужжатли фильм катта экранларга чиққач, дунё аҳли Адольф Каминскийнинг Иккинчи жаҳон уруши йиларидаги жасорати билан танишдилар. Шундагина дунё муҳим бир ҳақиқатни англади: жасорат ҳар доим ҳам қурол кўтармайди, қаҳрамонлик ҳар доим ҳам ҳарбий кийим киймайди. Билим, эътиқод ва уйқудан кечишга тайёр бўлган биргина инсон ёвузлик империясига қарши тура олиши ва ғолиб чиқиши мумкин экан.
Адольф Каминский 2023 йили 97 ёшида вафот этди. Бироқ у қутқарган 14000 ҳаёт бугун катта оилаларга, жамиятларга ва янги авлодларга айланган. Унинг мероси ҳайкаллар ёки медаллар билан эмас, балки унинг жасорати туфайли ҳаёти асраб қолинган ана шу инсонлар ва уларнинг авлодлари умри билан ўлчанади.